Али розияллоҳу анҳу: Пайғамбаримиз мерослари ҳақида Сиддиқ ва Фотима ўртасидаги келишмовчилик масаласи

0

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган меросларини талаб қилиб келдилар, улар у зотнинг Фадакдаги ерлари ва Хайбардаги улушларидан ўзларига мерос берилишини сўрадилар. Абу Бакр уларга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Биздан мерос олинмайди, биз қолдирган нарса садақадир. Муҳаммад оиласи фақат шу молдан ейди”, деганларини эшитганман”, деди[1].

Бир ривоятда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилиб келган бирон ишни қолдирмай ҳаммасига амал қилдим. Агар у зотнинг ишларидан бирон нарсани тарк қилсам, йўлдан оғиб кетишимдан қўрқаман”, деди[2].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари у зот вафотларидан кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига ўзларининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган меросларини талаб қилиб юбормоқчи бўлдилар. Шунда Ойша уларга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биздан мерос олинмайди, биз қолдирган нарса садақа” демаганмидилар?!”, деди[3].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Менинг ворисларим динор бўлишиб олмайдилар. Мендан қолган нарсадан хотинларимнинг нафақаси ва хизматчиларимнинг эҳтиёжларидан ортгани садақадир”[4].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур сўзларига амал қилиб, Фотима розияллоҳу анҳонинг талабини рад қилганди. Шунинг учун Сиддиқ: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилиб келган бирон ишни қолдирмай ҳаммасига амал қилдим. Мен қўрқаманки, агар у зотнинг ишларидан бирон нарсани тарк қилсам йўлдан оғиб кетаман”[5], деганди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб айтган сўзларидан сўнг Фотима розияллоҳу анҳо у билан тортишувни тўхтатди. Бу эса унинг ҳақни қабул қилганига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига бўйсунганига далилдир.

Ибн Қутайба “Шазаротуз заҳаб”да ёзади: “Аммо Фотима розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мерослари борасида Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан тортишиши мункар (ёмон саналадиган) иш эмас. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда айтган сўзларини билмаган ва ўзининг ҳамма фарзандлар оталаридан мерос олгани каби мерос олишини гумон қилган. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини айтиб берганидан сўнг у тўхталди”[6].

Рофизалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мерослари ҳақидаги бу ҳодисада ўта ғулув кетиб, у зотдан мерос олинмаслиги ҳақидаги очиқ саҳиҳ ҳадислардан қайсарлик билан кўз юмиб, ҳақдан узоқ гапларни гапиришди ва бу масалани саҳобалар билан аҳли байт ўртасидаги асосий келишмовчилик ўчоқларидан бирига айлантиришди, кейин бунга халифалик ҳақидаги ихтилофни улаб юборишди. Улар саҳобаларни аҳли байтга (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадони аҳлига) жавр-зулм ўтказишда айблашди. Хусусан Абу Бакр Сиддиқ ва Умар Форуқ розияллоҳу анҳумони халифаликни аҳли байтдан зўрлик билан тортиб олишган деб даъво қилишди. Кейин бу айбловга қўшимча уларни Аллоҳ таоло аҳли байтга белгилаб берган молиявий ҳуқуқларга тажовуз қилишда ва аҳли байтга тегишли мол-мулкларни босиб олишда айблашди. Рофизалар Фадакдаги ер-мулк ва Фотиманинг меросдан маҳрум этилиши масаласини энг катта масалалардан деб эътибор қилишади. Уларнинг таъбирича, Сиддиқ халифаликни босиб олганидан сўнг саҳобалар Фотима розияллоҳу анҳонинг бу ҳаққига тажовуз қилишган. Боиси, одамлар шу моллар сабабли аҳли байтга мойил бўлиб кетиб, улар атрофига йиғилишлари, сўнг Абу Бакрни халифаликдан олиб ташлашлари хавфи туғилган эмиш[7].

Рофизаларнинг бу масалани ёритган китоблари билан танишсангиз, уларнинг гап-сўзлари асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир”[8] деган ҳадисларини инкор қилишга қурилганини ва уни йўққа чиқариш учун жон-жаҳдлари билан далиллар келтиришга уринишларини кўрасиз.

Кейинги мақолада уларнинг баъзи далиллари ва уларга берилган жавоблар билан танишасиз, иншооллоҳ.

[1] Бухорий ривояти (6726).
[2] Муслим ривояти (1759).
[3] Бухорий (6730) ва Муслим ривоятлари (1758).
[4] Бухорий ривояти (6729).
[5] Муслим ривояти (1759).
[6] “Таъвилу мухталафил ҳадис” (1/19).
[7] “Ал-ақийдату фий аҳлил байти байнал ифроти ват тафрийти” (435-бет).
[8] Муслим (1758).

Изоҳ қолдиринг