Қирқ ҳадис: Тўртинчи ҳадис шарҳи

0

Тўртинчи ҳадис

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Содиқ ва масдуқ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қуйидагиларни айтиб бердилар: “(Эй Одам болалари, ота-оналардан ажралиб чиққан ва ундан) ҳар бир инсон яратиладиган сув инсон онасининг бачадонида қирқ кун муддатда нутфа (яъни сперма) ҳолида жамланиб туради. Сўнг яна шунча муддатда (яъни қирқ кун мобайнида) лахта қонга айланади. Сўнг яна шунча муддатда бир парча гўштга айланади. Сўнгра (бир юз йигирма кунлик ҳомилага айлангач), унга бир фаришта юборилади ва унга руҳ пуркайди. Фаришта тўрт калимани: унинг (дунёдаги) ризқини, ажалини (яъни ҳаёт муддатини), амалини ва (охиратда) саодатли ёки бадбахт бўлишини ёзишга буюрилади. Ундан ўзга (ҳақ) илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, бир инсон (ҳаёти давомида) жаннат аҳлининг амалини қилиб келади. То жаннат билан унинг ўртасида (бор-йўғи) бир газ қолганида, (онасининг бачадонидалик даврида) ёзилган тақдир устун келади ва натижада дўзах аҳлининг амалини қилиб, (қиёматда) дўзахга киради. (Бунинг акси ўлароқ), бир инсон (ҳаёти давомида) дўзах аҳлининг амалини қилиб келади. То дўзах билан унинг ўртасида (бор-йўғи) бир газ қолганида, (онасининг бачадонидалик даврида) ёзилган тақдир устун келади ва натижада жаннат аҳлининг амалини қилиб, (қиёматда) жаннатга киради»[1] [Бухорий ва Муслим ривояти].

Шарҳ

«Содиқ ва масдуқ»

Ҳадисдаги ушбу ибора ундаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» жумласини таъкидловчидир. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканини эътироф этган киши у зотнинг содиқ ва масдуқ эканини ҳам эътироф этади.

«Содиқ» – «айтган сўзи рост, тўғри маълумот берувчи» дегани бўлса, «масдуқ» – «унга айтилган сўзлар рост, тўғри маълумот берилган киши» деганидир. Айтайлик, сиз «Зайд келди», десангиз ва у чиндан ҳам келган бўлса, у ҳолда сиз «содиқ»сиз, мен эсам «масдуқ»ман. Чунки сиз рост маълумот бердингиз, менга эса рост маълумот берилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳам айнан шундай: у зот айтган хабарлар рост ва ҳақиқат бўлгани учун «содиқ» бўлсалар, у зотга нозил қилинган ваҳий рост ва ҳақ бўлгани учун «масдуқ»дирлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни мазкур жумлани айтишга ундаган нарса у айтмоқчи бўлган ҳадиснинг одамлар билиши имконсиз бўлган ғайб ишларидан саналганлигидир. Чунки у замонларда тиббиёт тараққий этмаган, одамлар бу каби маълумотлардан бехабар эдилар. Қолаверса, ҳадисда тиббиётга оид маълумотлардан ташқари инсоннинг ризқи, ажали, амали ва унинг охиратда жаннатий ёки дўзахий экани тақдир қилиниши ҳам бор. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тасдиқловчи бу жумлани тилга олиш Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қанчалик фақиҳ ва билимдон эканига далолат қилади.

«(Эй Одам болалари, ота-оналардан ажралиб чиққан ва ундан) ҳар бир инсон яратиладиган сув инсон онасининг бачадонида қирқ кун муддатда нутфа (яъни сперма) ҳолида жамланиб туради»

Эр-хотин жинсий яқинлик қилган пайтда улардан ажралиб чиққан сперма жамланади ёхуд қовушади. Ҳадисда жамланиш тартиби айтилмаган. Айтишларича, замонавий тиббиёт бачадонда ҳомиланинг пайдо бўлиш босқичлари тўғрисида баъзи маълумотларни кашф этган, валлоҳу аълам.

«қирқ кун муддатда нутфа (яъни сперма) ҳолида»

Яъни, бир қатра сперма ҳолида жамланади.

«Сўнг яна шунча муддатда (яъни қирқ кун мобайнида) лахта қонга айланади»:

Бачадондаги ҳомила сперма ҳолатидан бирданига лахта қон ҳолатига ўтиб қоладими?

Жавоб: албатта, ундай эмас. Балки сперма аста-секинлик билан лахта қонга айланади. Дастлаб у қизғиш тусга киради, сўнг қизиллиги ортиб бориб, охир-оқибат лахта қонга айланади.

«Алақа» (лахта қон ҳадиснинг арабча матнида «алақа» дейилган) аслида қуюқлашган қондир. Шунингдек, турғун сув ҳавзаларида учрайдиган зулукка ҳам араб тилида «алақа» дейилади.

«Сўнг яна шунча муддатда бир парча гўштга айланади»

Яъни, қирқ кун мобайнида лахта қон бир парча гўштга айланади. «Музға» (ҳадиснинг арабча матнида бир парча гўшт «музға» дейилган) инсон оғзи билан чайнаши мумкин бўлган катталикдаги бир парча гўштдан иборат. Ушбу бир парча гўшт ҳам аста-секинлик билан ривожланиб боради. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра нутфа-спермадан, сўнгра лахта қондан…» [Ҳаж: 5]. Мазкур уч босқич йиғиндиси бир юз йигирма кун, яъни тўрт ойдан иборат бўлади.

«Сўнгра (бир юз йигирма кунлик ҳомилага айлангач), унга бир фаришта юборилади»

Фариштани юборган зот Аллоҳ таолодир. Аллоҳ уни бачадондаги ҳомилага юборади. Юборилган фаришта муайян бир фаришта бўлмай, фаришта зотидан биридир.

«ва унга руҳ пуркайди»

Руҳ танага ҳаёт бахш этувчи нарса. Руҳ пуркаш тартиби ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён. Бироқ маълум бўлгани, фаришта ҳомилага руҳ пуркайди ва унинг танаси руҳни қабул қилади.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руҳ ҳақида сўралганларида Аллоҳ таоло у зотга қуйидаги оятда айтилганидек жавоб беришга буюрган эди: «Сиздан руҳ тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Раббимнинг ишидандир» [Исро: 85]. Демак, руҳ Аллоҳнинг ишидан бўлиб, уни Ўзи яратади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга жуда оз илм берилди» [Исро: 85]. Аллоҳ таолонинг мазкур сўзидан қандайдир койиш ва танбеҳни тушуниш мумкин. Бу билан гуёки у шундай дейди: «Сизлар барча нарсани билдингиз-у, билмаганингиз фақат руҳ қолдимики, у ҳақда сўраётирсиз?!». Шунинг учун ҳам дарёдан сув ичаётган қушни кўрган Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга қараб шундай деган эди: «Сиз билан менинг илмим Аллоҳнинг илмини худди тумшуғи билан сув ичаётган мана бу қуш дарё сувини озайтиргани каби озайтиради, холос»[2]. Яъни, қуш дарё сувини камайтирмаганидек, у тумшуғи билан ичган сувни дарё сувига солиштириб бўлмаганидек, бизнинг билимимиз ҳам Аллоҳнинг илмини камайтирмайди, банданинг илмини асло Аллоҳнинг илмига солиштириб бўлмайди.

«Фаришта тўрт калимани: унинг (дунёдаги) ризқини, ажалини (яъни ҳаёт муддатини), амалини ва (охиратда) саодатли ёки бадбахт бўлишини ёзишга буюрилади»

Фариштани ёзишга буюрган Аллоҳ таолодир.

«ризқини»

 Ризқ деганда инсон фойдаланадиган барча нарсалар назарда тутилади. Ризқ икки турга бўлинади: баданни асрайдиган ризқ ва динни асрайдиган ризқ.

Инсон бадани учун зарур бўлган ризқ егулик ва ичимлик, кийим-кечак, уй-жой, улов ва ҳоказо нарсалардан иборат бўлса, дин учун зарур бўлган ризқ эса илм ва иймондан иборатдир. Ҳадисда ҳар икки ризқ тури кўзда тутилган.

 «ажалини»

Шунингдек, фаришта инсон ажалини, яъни унинг дунёдаги ҳаёт муддатини ҳам ёзади. Одамлар дунёда турлича умр кўрадилар. Кимдир туғилиш асносидаёқ ҳаётдан кўз юмади, кимдир юз йилгача умр кўради. Биздан олдинги умматлар ичида эса бундан ҳам кўпроқ яшаганлар бўлган. Масалан, Нуҳ алайҳиссалом қавми ичида тўққиз юз эллик йил даъват қилиб турган.

Узун ёки қисқа умр кўриш ихтиёри инсоният қўлида эмас. Инсон танасининг соғлом ёки бақувват бўлишининг узоқ умр кўришига таъсири йўқ. Баъзан инсон энг қирчиллаган ёшида, қувватга энган даврида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Бинобарин, ажал ва умрнинг тақдири Аллоҳга ҳавола.

Инсон ажали бир лаҳза бўлса-да олдинга ёки орқага сурилмайди. Белгиланган ҳаёт муддати ниҳоясига етиши билан ажал келади. Мен сизларга Унайзада юз берган бир воқеани айтиб бераман. Чорраҳадан бир мотоцикл ўтаётганди. Шу пайт бир автоулов ҳам чорраҳани кесиб ўтмоқчи бўлди. Мотоцикл ҳайдовчиси автоуловни ўтказиб юбориш учун тўхтади. Айни пайтда автоулов ҳайдовчиси мотоциклга йўл бериш учун тўхтади. Сўнг тушунмовчилик юз бериб, ҳар иккиси бирданига газни босишди. Натижада ўрталарида тўқнашув юз бериб, мотоцикл ҳайдовчисининг орқасига мингашган киши ҳаётдан кўз юмди. Мушоҳада қилиб кўрилса, ўлган киши ҳаётидан қолган бир дақиқасини яшаб олиши учун ҳар икки улов кутиб туришди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ажали етган ҳеч бир жоннинг вафотини кечиктирмас» [Мунофиқун: 11]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дарҳақиқат, бирон жон (тақдирда битилган) ризқини битирмагунча асло ўлмайди»[3].

Шу ўринда бир масала бор: узоқ ёки қисқа умр кўришга ирсиятнинг таъсири борми?

Жавоб: узоқ ёки қисқа умр кўришда ирсиятнинг роли йўқ. Қанчадан-қанча узоқ умр кўрадиган қабилага мансуб одамлар борки, йигитлик чоғидаёқ вафот этишган. Ёки аксинча, қисқа умр кўрадиган қабилага мансуб одамлар ичида кўплаб узоқ умр кўрган инсонлар бор.

«амалини»

Бу ўринда  амал деганда ҳар қандай амал: инсоннинг тили, аъзолари ва қалбига оид амаллар назарда тутилади. Демак, инсон дунёда бажарадиган барча амаллари битиб қўйилган.

«(охиратда) саодатли ёки бадбахт бўлишини»

Бу инсоннинг ниҳоясидир. Саодатли инсон охир-оқибатда қувонч ва шодликка эришган, бадбахт эса бунинг аксига юз тутган кишидир. Аллоҳ таоло айтади: «У кун келганида ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз гапирмас. У (кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам, бахтлиси ҳам бўлур. Бадбахт кимсаларга келсак, улар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар модомики осмонлар ва ер турар экан жаҳаннамда қолурлар. Парвардигорингиз хоҳлагани (яъни осий мусулмонларни бир муддатдан сўнг жаҳаннамдан чиқариши) бундан мустаснодир. Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилгувчи зотдир! Энди бахтиёр зотларга келсак, улар жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва ер тургунча турурлар. Парвардигорингиз хоҳлагани (яъни осий мўминларнинг жаннатга киришдан олдинги азобланиш муддатида жаннатга киролмай қолгани) бундан мустаснодир. Бу (яъни жаннатга тушиш бахти) туганмас инъомдир» [Ҳуд: 105-108]. Демак, инсон ниҳояси ё жаннат, ё дўзах бўлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бизларни жаннат аҳлидан қилишини сўраймиз.

«Ундан ўзга (ҳақ) илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки»

Баъзи уламоларнинг айтишича, ушбу жумла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари эмас, балки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзидир.

Муҳаддислар ҳадисдаги бирон жумланинг «мудраж», яъни ровийлардан бирининг сўзими ёки ҳадиснинг асл матнига оидми эканида ихтилофлашиб қолсалар, то бу жумла ҳадиснинг асл матнидан бўлиши имконсиз эканини исботлайдиган далил келмагунча «мудраж» деган даъво қабул қилинмайди[4].

Бинобарин, тўғрироқ фикрга кўра, мазкур жумла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳисобланади.

«Ундан ўзга (ҳақ) илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки»

Бу, тавҳид калимаси билан таъкидланган қасамдир. «Аллоҳга қасамки» – бу қасам. «Ундан ўзга (ҳақ) илоҳ бўлмаган» – бу тавҳид калимаси билан таъкидлаш. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Тўғри, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган илоҳлар бор, бироқ улар ҳақ илоҳлар эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «худолари» бормикан?! У худолар ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар» [Анъом: 43]. Аллоҳ таоло яна айтади: «Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» [Луқмон: 30].

   «бир инсон (ҳаёти давомида) жаннат аҳлининг амалини қилиб келади. То жаннат билан унинг ўртасида (бор-йўғи) бир газ қолганида»

Яъни, ажали батамом яқинлашган чоғда. Ҳадисдаги бу жумладан амал даражасида инсон билан жаннат ўртасида бир газ қолиши кўзда тутилмаган. Чунки бундай инсоннинг умри мобайнида қилган амали солиҳ бўлмаган. Бу қуйидаги ҳадисда яхши изоҳланган: «Бир инсон кўринишидан жаннат аҳлининг амалига ўхшаш амал қилади. Ҳолбуки, аслида дўзах аҳлидан бўлади». Чунки бу баъзи одамларда чигаллик туғдиради. «Ахир қандай қилиб инсон жаннат аҳлининг амалини қилиб келиши, сўнг у билан жаннат ўртасида бор-йўғи бир газ қолганида тақдирда битилгани устун келиб, дўзах аҳлининг амалини қилиб, дўзахга кириб кетиши мумкин?», дейишади улар.

Аслида бу инсоннинг амали фақат сиртдан қарагандагина жаннат аҳлининг амали бўлиб кўринади. У ҳеч қандай жаннатга яқинлаштирадиган амал қилмаган, балки унинг ажали яқинлашган, ўлимга яқин келган бўлади.

«(онасининг бачадонидалик даврида) ёзилган тақдир устун келади ва натижада дўзах аҳлининг амалини қилиб, (қиёматда) дўзахга киради»

Яъни, у шу пайтгача қилиб келган амалини ташлайди. Бунга, Аллоҳ сақласин, унинг қалбида яширинган мараз сабаб бўлиб, шу мараз уни жаҳаннам сари етаклайди.

Ҳеч бир кимса Аллоҳ тўғрисида ёмон гумонга бормасин. Аллоҳга қасамки, бир инсон сидқ ва ихлос билан Аллоҳга талпинса ва жаннат амалини қилса, Аллоҳ ҳаргиз уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Зеро, Аллоҳ таоло карами кенг, саховат соҳибидир. Бироқ қалбда Аллоҳга интилиш бўлиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ғазотлардан бирида жонбозлик кўрсатган кимсанинг қиссасини биласизлар. Бу инсон йўлида учраган душманни қолдирмай ер тишлатар эди. Уни кўрган одамлар ҳайрон қолишиб, «Бу жангда савобни шу одам олди», дейишар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У дўзах аҳлидан», дедилар. Бу сўздан саҳобалар ҳайрон қолишди. Ахир қандай қилиб шундай жасур одам дўзах аҳлидан бўлиши мумкин?! Саҳобалардан бири: «Мен уни кузатаман», деди. Охир-оқибат, бу жасур ва қўрқмас кишига душман тарафидан бир ўқ келиб санчилди. Оғриққа чидолмаган ҳали одам қиличини яланғочлаб, тиғини кўксига, сопини эса ерга тираб, қиличга суянган эди, қилич унинг орқасидан ёриб чиқди. Оғриққа чидолмай ўз жонига ўзи қасд қилди! Уни кузатган саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: «Мен яна бир бор сиз Аллоҳнинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман», деди. «Нега?», сўради Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Саҳоба: «Сиз дўзах аҳлидан деган киши шундоқ, шундоқ ишларни қилди», дея бўлган воқеани айтиб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир инсон сиртдан қараганда жаннат аҳлининг амалини қилади. Ҳолбуки, ўзи дўзах аҳлидан бўлади»[5].

Шунингдек, ансорларнинг Бани Абдулашҳал уруғидан бўлган Усайрим қиссасини ҳам эсланг. У ислом даъватига қарши, дин душмани бўлган эди. Одамлар Уҳуд жангига отланар эканлар Аллоҳ унинг қалбига иймонни солди. Усайрим иймон келтириб, мусулмонлар сафида жиҳодга чиқди ва шаҳид ҳолида қатл қилинди. Одамлар жангдан сўнг қатл қилинганларни кўздан кечириб юрсалар, ярадор ҳолида ётган Усайримни кўриб қолишди. Ундан сўрадилар: «Сен бу ерда нима қилиб ётибсан? Қавмингга (яъни ансорларга) ён босиб келдингми ёки исломга интилибми?». «Исломга интилиб», деди Усайрим ва саҳобалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломини етказишни сўради. Алқисса, шу пайтгача исломга қарши бўлган киши шаҳид ҳолида хотима топди.

[1] Бухорий (3208), Муслим (2643) ривояти.
[2] Бухорий (4721), “Тафсир китоби”.
[3] Ибн Можа (2144), “Тижоратлар китоби”, “Касб-ҳунарга тарғиб қилиш тўғрисидаги боб”.
[4] Қаранг: Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ, “Манзуматул байқунийя” шарҳи, 110-бет.
[5] Бухорий (6128), “Риқоқ китоби”, “Амаллар хотимаси билан ўлчаниши тўғрисидаги боб”.

Изоҳ қолдиринг