Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим алайҳиссаломнинг Намруд билан бўлган баҳс-мунозараси

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзи ожиз бир банда бўлатуриб улуғворлик ва мулку салтанат бобида Аллоҳ таоло билан тортишмоқчи бўлган ва ўзини Раб деб даъво қилган Намруд билан бўлган баҳс-мунозараси

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) хабарини билдингизми? Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб,  ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?». Шунда бу инкор қилувчи мот бўлиб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» [Бақара: 258].

Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзини Раб деб даъво қилган исёнкор ва золим подшоҳ билан бўлган баҳс-мунозарасини зикр қилди. Иброҳим алайҳиссалом унинг ўзини Раб эканлигини исботлаш учун келтирган далилини ботилга чиқарди ва унинг ниҳоятда жоҳил ва ақлсиз эканлигини баён қилди. Унга қарши далил-исбот келтириб,  уни мот қилди ва  унга ҳақ йўлни кўрсатиб қўйди.

Муфассирлар ва улардан бошқа тарих ва насаб уламоларининг айтишича, бу золим подшоҳ  Бобил мамлакатининг подшоси Намруд бўлган. У дунёни забт этган подшоҳлардан бири эди. Уларнинг айтишича, бутун дунёга ҳукмрон бўлган подшоҳлар тўртта бўлиб, уларнинг иккитаси мўмин ва иккитаси кофирдир. Икки мўмин подшоҳ Зулқарнайн ва Сулаймон алайҳиссалом, икки кофир подшоҳ эса Намруд ва Бухтунассардир.

Уларнинг айтишларича, Намруд узоқ замон ҳукмронлик қилган, ниҳоятда тажовузкор ва ҳаддидан ошган, фақат дунё ҳаёти тўғрисида бош қотирган золим ҳукмдор бўлган.

Иброҳим алайҳиссалом уни ёлғиз ва шериги йўқ бўлган Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилган пайтда жаҳолат, залолат ва келажак орзу-умидлар уни Яратганни инкор қилишга ундайди. У бу борада Иброҳим алайҳиссалом билан тортишиб, ўзининг Раб эканлигини даъво қилади.

Иброҳим алайҳиссалом: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир” – деса, Намруд: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман” – деди. Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ шундай дейдилар: “Яъни, ўлимга маҳкум қилинган икки киши келтирилиб, сўнгра Намруд улардан бирини қатл қилиб, бошқасини афв қилиб юборса, гўёки бирини тирилтириб, бошқасини ўлдиргандек бўламан, демоқчи”.

 Намруднинг бу сўзи Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзига қарши эътироз билдиришга ярамайди. Аксинча, бу сўз баҳс-мунозара доирасидан ташқари бир сўз бўлиб, шунчаки шаллақиликдан бошқа нарса эмас, балки  гап тополмай мот қолинганда айтилган сўз эди.

Иброҳим алайҳиссалом Яратганнинг борлигига ҳайвонотларни тирилтириш ва уларни ўлишидан иборат борлиқда кўриниб турган нарсаларнинг пайдо бўлиши билан бу мавжудотларнинг яратувчиси борлигига далил қилди. Бу мавжудотлар ўз-ўзидан пайдо бўлмас экан Яратган зотнинг борлигига таянмай иложи йўқ. Борлиқда гувоҳ бўлинган бу мавжудотлар учун: уларни яратиш ва бўйсиндириш учун, шунингдек, сайёралар, шамол, булут ва ёмғирларни ҳаракатга келтириш, кўз ўнгимизда пайдо бўлган бу ҳайвонот оламини яратиш, сўнгра уларни ўлдириш учун албатта бир таъсир этувчи куч – Яратувчининг бўлиши зарурдир. Шу боис Иброҳим алайҳиссалом: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир”, – деди. Бу жоҳил подшоҳнинг: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деган сўзига келсак, агар у бу сўзи билан ўзининг кўзга кўринган бу мавжудотларнинг яратувчиси эканини назарда тутган бўлса, у ҳолда очиқ ҳақиқатни тан олмай такаббурлик ва қайсарлик қилган ҳисобланади. Аксинча, Намруд бу сўзидан юқорида Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқлар зикр қилган нарсани назарда тутган бўлса, у ҳолда Иброҳим алайҳиссаломнинг гапига тааллуқли бирон нарса айтмаган бўлади. Зеро, Намруд бу ҳолда на Иброҳим алайҳиссалом зикр қилган муқаддима ва на унинг далилига қарши эътироз билдирган бўлади.

Бу золим подшоҳнинг баҳс-мунозарада енгилганлиги, гап тополмай мот бўлганлиги мунозарада ҳозир бўлган ва бўлмаган кўпчилик одамларга эҳтимол унчалик етиб бормаслиги мумкин эди. Шу боис Иброҳим алайҳиссалом Яратганнинг борлиги, Намруд даъвосининг ботиллиги ва унинг очиқдан-очиқ мот бўлганлигини кўрсатувчи бошқа бир далилни ҳам зикр қилди: «Иброҳим айтди: «Албатта Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?». Яъни, мана бу қуёш буйсундирилган. Уни яратган, ҳаракатлантирган ва уни ўз иродасига бўйсундирган зот – Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган ва барча нарсаларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ қандай бўйсундирган бўлса ўшандай  ҳар куни машриқдан чиқади. Агар сен ўзинг даъво қилганингдек, ўлдириб тирилтирувчи бўлсанг, у ҳолда бу қуёшни мағрибдан чиқаргин-чи? Зеро, ўлдирувчи ва тирилтирувчи зот хоҳлаган нарсасини қила оладиган, унга ҳеч кимса тўсқинлик қила олмайдиган ва устун кела олмайдиган, аксинча, у барча нарсаларни мажбуран ўзига итоат қилдирган ва барча нарса унга бўйсунган зотдир. Агар сенинг даъвойинг чин бўлса, мен айтган нарсани бажар. Модомики бажара олмадингми, демак, сен даъво қилганингдек эмассан. Бу ишлардан ҳеч қайси бирига қодир эмаслигингни ўзинг ҳам биласан, бошқалар ҳам яхши билишади. Аксинча, сен биргина чивин яратишдан ва ундан ҳаққингни ундириб олишдан ҳам ожизсан”. Шундай қилиб, Иброҳим алайҳиссалом Намруднинг адашганлиги, жоҳиллиги, даъвосида ёлғончи эканлиги ҳамда тутган йўлининг ва қавмининг жоҳил кимсалари олдида кеккайиб мақтанган даъвосининг ботил эканлигини баён қилди. Намруднинг қўлида Иброҳим алайҳиссалом сўзига жавоб қайтарадиган сўз қолмади, балки гап тополмай жим бўлиб қолди. Шу боис Аллоҳ таоло айтди: “Шунда бу инкор қилувчи мот бўлиб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди».

Изоҳ қолдиринг