Таҳорат: Фитрат суннатлари: Мисвок қилиш

0

Учинчидан: Мисвок қилиш

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мисвок оғизни тозаловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир»[1].

Мисвок қилиш деганда махсус чўп ёки унга ўхшаш бирон нарса билан тишларни ишқалаш воситасида ундаги кир ва нохуш ҳидларни кетказиш назарда тутилади. Мисвок қилиш «суннати муаккада» (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилишга жиддий тарғиб қилган ва ўзлари деярли қолдирмай амал қилиб келган суннат)дир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар умматимга машаққат бўлмаганида ҳар намоз олдидан (имом Аҳмадга оид бир ривоятда: «ҳар таҳоратда»[2]) мисвок қилишга буюрган бўлар эдим»[3].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп мисвок қилар эдилар. Мисвок қилиш фақат намоз ёки таҳорат вақтига хос эмас. Балки юқоридаги Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис умумийлигидан келиб чиқиб ҳар қандай вақтда мисвок ишлатиш мустаҳабдир. Айниқса, таҳорат асносида ва намоздан олдин, шунингдек, қуйида санаб ўтиладиган бошқа баъзи ўринларда мисвок қилиш мустаҳаблиги янада зиёда бўлади:

  • Уйга кириш олдидан:

Миқдом ибн Шурайҳ отасидан ривоят қилади: «Отаси айтади: «Ойша розияллоҳу анҳодан сўрадим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига кирсалар аввало нима қилар эдилар?». «Мисвок қилар эдилар»[4], жавоб берди Ойша розияллоҳу анҳо».

  • Уйқудан турган пайда:

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намоз ўқиш учун уйқудан уйғонсалар, оғизларини мисвок билан ишқалаб, тозалар эдилар»[5].

  • Қуръон ўқиш олдидан:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз мисвок қилишга буюрилдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Банда мисвок қилиб, сўнг туриб намоз ўқиса, бир фаришта унинг ортида туриб олади. Фаришта унинг қироатига қулоқ солар экан унга яқинлашади (ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга ўхшаш бир сўз айтдилар). Ҳаттоки фаришта оғзини унинг оғзига қўяди. Унинг оғзидан Қуръондан нима чиқмасин, албатта фариштанинг оғзига келиб тушаверади. Шундай экан, Қуръон ўқиш учун оғзингизни тозалангиз»[6].

  • Оғиз ҳиди ўзгарган пайтда:

Шунингдек, оғиз ҳиди ўзгарган пайтда ҳам мисвок қилиш лозим. Негаки, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек, мисвок оғизни тозаловчидир.

Мисвок қилиш тартиби:

Бу ҳақда Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Баъзи фикрларда айтилишича, мисвок пастдан тепага қараб (вертикал) тиш устидан юргизилади. Хаттобий эса бунинг аксини айтган. Унинг фикрича, мисвок қилиш тартиби тишларни чўп ва бармоқлар билан кўндалангига ишқалашдан иборат»[7]. Шунга кўра, мисвок қилган инсон тишларини кўндалангига ва узунасига ишқалаши мумкин.

Шунингдек, мисвок (ёхуд тиш чўткасини) танглайнинг тепа қисмига юргизиш ҳам мустаҳабдир. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига кирганимда у зот мисвок учини тилларининг устига қўйиб олиб, «уъ, уъ», деганча оғизларини тозалар эдилар»[8].

Эслатмалар:

(1) Оғиз ҳидини кетказадиган ҳар қандай нарса билан мисвок қилиш жоиз. Мисвокнинг «Арок» дарахтидан олинган чўп бўлиши афзалдир. Шунингдек, тиш чўткасини ишлатиш ҳам мисвок қилиш ўрнига ўтади.

(2) Рўзадор киши хоҳ заволдан олдин, хоҳ кейин бўлсин, мисвок қилиши жоиз.

(3) Ўнг қўл билан, шунингдек, чап қўл билан ҳам мисвок қилиш жоиз. Чунки ўнг ёки чап қўл билан мисвок қилиш ҳақида бирон далил йўқ. Баъзи уламолар чап қўл билан мисвок қилиш мустаҳаб, чунки мисвок ишлатиш тозалик ишларига киради, дейишган бўлса, баъзи уламолар эса мисвок қилиш ибодат бўлгани боис ўнг қўл билан мисвок қилиш мустаҳаб дейишган. Моликийлар бу борада бўлиб-бўлиб, батафсил фикр билдиришган. Уларнинг фикрича, мисвокдан мақсад тозаланиш бўлса, чап қўл билан, намоз олдидан мисвок қилиш сингари ибодат ниятида қилинса, ўнг қўл билан қилиш афзал. Албатта, бу тафсилотли яхши фикр. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра қайси қўл билан бўлса-да мисвок қилиш жоиздир, валлоҳу аълам.

(4) Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мисвок қилишнинг талай фойдалари бор. Мисвок оғизни хушбўй қилади, милкларни бақувват қилади, балғамни тўхтатади, кўзни равшан қилади, тишлардаги сариқликни кетказади, меъдани соғломлаштиради, товушни тиниқлаштиради, овқатни ҳазм қилишга ёрдам беради, гапиришни осонлаштиради, тиловат, зикр ва намоз ўқиш фаолиятини оширади, уйқуни ҳайдайди, Рабни рози қилади, фаришталарга ёқади ва ҳасанотларни кўпайтиради»[9].

[1] Санади ҳасан: Аҳмад (6/47), Насоий (1/10), Бухорий («муаллақ» ҳолда, 4/181, «Рўза китоби», «Рўзадорнинг ҳўл ва қуруқ мисвок ишлатиши тўғрисидаги боб») ривояти.
[2] Саҳиҳ: Аҳмад (2/460, 517), Ибн Абу Шайба (1/169) ривояти.
[3] Бухорий (887), Муслим (252), Абу Довуд (46), Термизий (22), Насоий (1/12), Ибн Можа (287) ривояти.
[4] Муслим (253), Абу Довуд (51), Насоий (1/13), Ибн Можа (290) ривояти.
[5] Бухорий (245), Муслим (255), Абу Довуд (55), Насоий (1/8, 3/212), Ибн Можа (286) ривояти.
[6] Саҳиҳ лиғайриҳи: Баззор (603), Байҳақий (1/38) ривояти. Қаранг: «Ас-силсилатус-саҳиҳа» (1213).
[7] «Найлул автор» (1/129).
[8] Бухорий (244), Муслим (254), Абу Довуд (49), Насоий (1/9) ривояти. Бухорий ривоятида «уъ, уъ», Абу Довуд ривоятида эса «иҳ, иҳ», дейилган. Имом Муслим ривоятида бу ҳақда бирон нарса дейилмаган. Аллома Ибн Ҳажар айтади: «Бухорий ривояти машҳурроқдир. Ровийлар мазкур ҳарфлар махражи (уларни талаффуз қилиш жойи) яқинлиги сабаб турлича ривоят қилишган. Мақсад мисвок асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан чиққан товушни нақл қилиш бўлган».
[9] «Зодул маод» (4/323).

Изоҳ қолдиринг