Умавийлар давлати: Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси сабаблари, Муовиянинг бунга муносабати

0

Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси сабаблари

Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий айтади: Усмон ибн Аффон 12 йил мўминларга амир бўлди, бундан дастлабки олти йили одамлар ундан ҳеч ранжимадилар, ҳатто у Қурайшга Умар ибн Хаттобдан кўра суюклироқ бўлди. Чунки Умар ўта қаттиққўл эди, Усмон эса уларга юмшоқлик қилди, уларга кўп марҳаматлар кўрсатди, яхши қариндошлик алоқаларида бўлди. Шундан сўнг фитна юз берди. Мусулмон муаррихлар Усмон халифалигининг иккинчи ярмида, ҳижрий 30-35 йилларда юз берган ҳодисаларни Усмон розияллоҳу анҳуни шаҳид қилинишига олиб келган фитна деб атайдилар[1].

Мусулмонлар Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ва Усмон ибн Аффон халифалигининг аввалги даврида иттифоқ эдилар, ўрталарида келишмовчилик йўқ эди. Кейин Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги йилларида мусулмонлар ўртасида бўлинишларни келтириб чиқарган айрим ишлар содир бўлди. Фитна ва зулм аҳлидан бўлган бир тоифа одамлар чиқиб, Усмонни ўлдирдилар. Мусулмонлар Усмон шаҳид қилинганидан сўнг бўлиниб кетдилар[2].

Ушбу фитнанинг келиб чиқиши сабабларини ўрганишга киришар эканмиз, дастлаб жамиятнинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳолати ҳақида бироз тасаввурга эга бўлиш керак бўлади.

Ислом жамияти Сиддиқ ва Форуқ халифалиги даврида ва Усмон Зуннурайн халифалигининг биринчи ярмида қуйидаги кўринишларга эга эди:

Бу жамият умуман олганда исломнинг барча маъноларини ўзида мужассам этган исломий жамият бўлиб, Аллоҳга ва охират кунига чуқур иймонли, исломни жиддийлик билан татбиқ этувчи, тарихдаги ҳар қандай жамиятга қараганда гуноҳга энг кам  қўл урадиган жамият эди.

У ўзида раббоний умматнинг ҳақиқий маъносини энг олий даражада рўёбга чиқарган жамият эди. Бу жамият аъзолари ўртасини тиллари, жинслари, териларининг рангидан қатъи назар фақат ақида боғловчиси боғлаб турарди, бу эса тарих мобайнида бошқа бирон халқда ислом умматида бўлганидек рўёбга чиқмаган.

У диндаги буйруқ-қайтариқлар ва йўл-йўриқлардан мадад олувчи ёрқин ахлоқий қоидалар асосига қурилган ахлоқий жамият эди.

У ҳар хил сафсаталардан холи, фақат олий мақсадларни амалга ошириш билан машғул бўлган жиддий жамият эди. Жиддийлик деганда албатта қовоқ уйиш, дағал ва кескин гапириш каби маъноларни эмас, балки одамлар ичида ҳимматни ёядиган, ғайратга, фаолиятга ва ҳаракатга боис бўладиган бир руҳ маъноси кўзда тутилмоқда.

У барча жабҳаларда кишини амалга сафарбар этувчи жамият эди. Унда нафақат Аллоҳ йўлидаги урушда, балки фаолиятнинг жамики йўналишларида аскарлик руҳи очиқ сезилиб турарди, унда одамлар ич-ичларидан ақида турткиси билан ва ғайрат-шижоатга ундовчи ички чақириқ таъсирида ҳаракатланардилар.

У тоат-ибодатли жамият бўлиб, унда нафақат фарзларни адо этишда ва Аллоҳ розилигини истаб нафл ибодатлар қилишда, балки ҳаётнинг барча ишларида ибодат руҳи очиқ сезилиб турарди. Бу жамият тушунчасида ҳар қандай амал ибодат бўлиб, уни ибодат руҳи билан адо этардилар [3].

Ушбулар умуман олганда исломий жамиятнинг хулафои рошидин давридаги энг муҳим кўринишларидан эди. Жамиятнинг бу белгилари нубувват замонига қанча яқин бўлса шунча кучли бўлиб, нубувват асридан узоқлашгани сари заифлашиб борганига гувоҳ бўласиз.

Дарҳақиқат, рошид халифалик замонида Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдирилиши фитнасидан сўнг жиддий ўзгаришлар бошланди. Уммат бошига келган бу оғир фитна ва улкан имтиҳоннинг келиб чиқишининг бир неча сабаблари борки, қуйида улардан баъзиларини кўриб чиқамиз:

а) Фаровонлик ва унинг жамият ҳаётига таъсири

Маълумки, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврига келиб одамларнинг турмушлари анча фаровонлашган, ҳаётларига тўкин-сочинлик кириб келган эди. Исломий фатҳлар туфайли давлат хазинасига оқиб келаётган киримларнинг жамият ҳаётига салмоқли таъсири бор эди. Чунки даромад ортиши тўкин-сочин ҳаётни ва охир-оқибат одамларнинг дунёга берилиб қолишларини келтириб чиқарарди ва табиийки, бунинг ортидан айниқса ҳали иймон қалбларини сайқаллаб улгурмаган ва диллари тақво билан покланмаган бадавий кимсаларда ва фатҳларда мусулмонликни қабул қилган ҳар хил миллат ва элат вакиллари ичида ўзаро рақобат ва кин-адоватларни келтириб чиқарарди. Усмон розияллоҳу анҳу бу нарсани илгаридан яхши англаганди ва ўзининг раиятга йўллаган мактубида унинг умматни бўлиниб кетишга олиб келадиган ёмон оқибатларидан огоҳлантирганди: “Қачон сизларда уч иш жамланса, бу умматнинг ишида бирлик ва баҳамжиҳатлик йўқолади: тўкин-сочин ҳаёт, асира (чўри)лардан бўлган фарзандларингиз улғайиши, аъробийлар ва ажамлар Қуръон (маъноларини яхши англамай) ўқиши”[4]. Дарҳақиқат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қўрққан нарса юз берди ва исломий давлатнинг узоқ чеккаларида унинг асари кўрина бошлади. Кейин у пойтахтга ҳам кириб кела бошладики, бундан Усмон мусулмонларга насиҳат қилиш ва уларни дунёга берилиш оқибатидан огоҳлантириш заруратини туйди. Хутбаларидан бирида у шундай деди: “Аллоҳ сизларга бу дунёни у билан охиратни исташларингиз учун берди, унга суяниб қолишларингиз учун бермади. Дунё йўқ бўлиб кетади, охират эса боқий. Шундай экан, фоний нарса сизларни ҳаддан оширмасин ва боқийдан машғул қилиб қўймасин…”[5]. Сўнг бу ояни ўқиди: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади. Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, тоат-ибодатга буюрадиган ва гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир” [Оли Имрон: 103-104].

Давоми бор

[1] Ибн Саъд, “Табақот” (1/39-47).
[2] “Мажмуъул фатово” (13/20).
[3] “Кайфа нактубу ат-тарихал исломий” (102-бет).
[4] “Тарихи Табарий” (5/245).
[5] “Аҳдос ва аҳодийсул ҳарж” (567-бет).

Изоҳ қолдиринг