Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (6)

0

Тўқсон тўққизинчи ҳадис

 

عَنْ جَابِرِ بنِ عبدِ اللهِ رضي الله عنهما: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ لِمُعَاذٍ: ((فَلَوْلا صَلَّيْتَ بِسَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الأَعْلَى وَالشَّمْسِ وَضُحَاهَا وَاللَّيْلِ إذَا يَغْشَى؟ فَإِنَّهُ يُصَلِّي وَرَاءَكَ الْكَبِيرُ وَالضَّعِيفُ وَذُو الْحَاجَةِ))

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: “Намозда (имомга ўтсанг) “Саббиҳисма Роббикал аълаа”, “Вашшамси ва зуҳаҳа” ва “Вал лайли изаа яғшаа” сураларини ўқисанг бўлмайдими. Зеро, сенинг ортингда кексалар, заиф-ночор ва ҳожатманд инсонлар ҳам (муқтадий бўлиб) намоз ўқишади[Бухорий: 705].

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳунинг имомга ўтганда намозни чўзиб юбориши ҳақида хабар топадилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга қуйидаги мазмунда насиҳат қиладилар: “Агар имомга ўтсанг намозни енгилроқ ўқи. Зам сурага “Саббиҳисма Роббикал аълаа”, “Вашшамси ва зуҳаҳа” ва “Вал лайли изаа яғшаа” каби ўртача муфассал суралардан ўқи. Негаки, сенинг ортингда турган муқтадийлар орасида ёши катта, заиф-ночор ва ҳожатманд одамлар бўлади. Намозни узун ўқишинг эса уларга машаққат туғдиради”. Бинобарин, имом мазкур турдаги одамларнинг ҳолатини эътиборга олган ҳолда намозни енгилроқ ўқиши мақсадга мувофиқ. Аммо инсон ёлғиз ўзи намоз ўқийдиган бўлса истаганича узун ўқиши мумкин.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Имом намозда зам сурага ҳадисда зикр қилинган ва ҳажми шунга ўхшаш сураларни ўқиса ўртача намоз ўқиган ҳисобланади.
2 – Имом муқтадийлар орасидаги кекса, заиф-ночор ва ҳожатманд одамларнинг ҳолатини инобатга олиб, намозни енгилроқ ўқиши мустаҳаб саналади.
3 – Юмшоқлик ва ҳалимлик билан одамларни бошқариш энг тўғри бошқарув услуби бўлиб, авом одамларнинг ҳоким ва бошлиқларни яхши кўришига сабаб бўлади.
4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойимлик билан таълим берар эдилар. Буни у зотнинг Муозга юмшоқлик билан қилган насиҳатларида кўришимиз мумкин.
5 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига, хусусан, заиф-ночор ва ҳожатманд инсонларга ўта меҳрибон эдилар.

Изоҳ қолдиринг