Намоз: Азон ва иқомат ўртасидаги тартиб ва муддат

0

Азон ва иқомат ўртасидаги тартиб

Азон ва иқомат ўртасидаги тартибга риоя қилиш шарт. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Маҳзурага азонни тартиби билан ўргатганлар. Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «Азон ёки иқоматни тескари (яъни охиридан бошига қараб) айтиш, улардаги жумлалар ўрнини алмаштириш жоиз эмас. Кимда ким шундай қилса, азон ва иқомат айтмаган, шунингдек, азон ва иқоматсиз намоз ўқиган бўлади»[1].

Шунингдек, азонни фақат ривоятларда келган тартибда араб тилидагина айтиш дуруст. Баъзи ҳарфларни тўғри талаффуз қила олмайдиган инсоннинг азон айтиши ҳам дуруст. Шундай бўлса-да, араб тилини тўғри талаффуз қиладиган кишиларнинг азон айтиши мақсадга мувофиқдир. Азонни пайдар-пай айтиш лозим. Азон жумлалари ўртасида узоқ вақт узилиш юз берса, азон дуруст бўлмайди. Бироқ аксириш ва шунга ўхшаш узрли ишлар туфайли азонда узилиш содир бўлса, зиёни йўқ, тўхтаган жойидан давом эттиравериши мумкин.

Азон ва иқомат ўртасида вақт қолдириш

Муаззин ҳар бир намозда азон ва иқомат ўртасида бир инсоннинг еб-ичиб, ҳожатга чиқиб, таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқишига етарли миқдорда вақт қолдириши мустаҳабдир. Бунга қуйидагилар далил бўлади:

(1) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга айтдилар: «Азонинг билан иқоматинг ўртасида еб-ичувчи таом ва ичимлигидан, ҳожатга чиққан одам ҳожатидан фориғ бўладиган миқдорда вақт қолдир»[2].

(2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бир азон ва иқомат ўртасида намоз бор»[3].

(3) Анас ва бошқа саҳобалардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари муаззин азон айтиб бўлгач, (масжиддаги) устунлар қаршисига шошиб бориб, икки ракаат намоз ўқир эдилар»[4].

Азон ва иқомат ўртасида вақт қолдиришдан мақсад одамларнинг намозга улгуришлари учун имкон яратишдир.

Ибн Баттол айтади: «Азон ва иқомат ўртасида кутиш лозим бўлган муддатнинг намоз вақти кириши ва намозхонларнинг (масжидга) йиғилишларига имкон яратишдан бошқа бирон аниқ миқдори йўқ».

[1] «Муҳалло» (3/211).
[2] Мазкур ҳадисни Убай ибн Каъб, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра ва Салмон Форисийлар ривоят қилишган. Бироқ мазкур ривоятларнинг ҳеч бири эътироз ва танқидлардан холи эмас. Шунга қарамай, ҳадис турли ривоятлар йиғиндиси ва мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ёрдамида ҳужжатликка яроқлидир. Дарҳақиқат, ҳадисни шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (887) ҳасан деган.
[3] Бухорий (624), Муслим (838), Абу Довуд (1283), Термизий (185), Насоий (1/28), Ибн Можа (1162) ривояти.
[4] Бухорий (625), Муслим (837) ривояти.

Изоҳ қолдиринг