Аббосийлар давлати: Ҳорун Рашид даврида Румга қарши урушлар

0

Рум диёрларига қарши урушлар тўхтовсиз бўлиб турарди. Деярли ёз ойларининг ҳаммаси урушлар билан ўтарди. Қиш кунларига келиб урушлар тўхтаб қоларди. Чунки Рум ўлкаларида қиш қаттиқ келар, хусусан чегара минтақаларининг аксарияти қиш ва баҳорнинг кўп қисмида қор билан қопланиб турадиган Турус тоғлари устидан ўтарди.

Ҳижрий 171 йили Сулаймон ибн Абдуллоҳ Бакко ёзги юришларга бош бўлиб чиқди. Кейинги йили эса бу юришларга Исҳоқ ибн Сулаймон ибн Али бош бўлди. 181 йили Рум диёрларига Рашид шахсан ўзи бош бўлиб юриш қилди ва Сафсоф деб аталувчи қалъани фатҳ қилди. Шу йили Рум ўлкаларига Абдулмалик ибн Солиҳ ҳам юриш қилиб, Анқарага етиб борди. Келгуси 182 йили Абдураҳмон ибн Абдулмалик ибн Солиҳ ёзги юришга бош бўлди ва Асҳоби Каҳф диёрига етиб борди.

Шу йили Румда исён бўлиб, қирол Қустантин Алюн (Константин Леон)ни тахтдан ағдариб, кўзлари кўр қилиниб, ўрнига онаси Реней (Ирина) Августа тахтга чиқарилди.

183 йили Армения тарафдан хазарлар чиқиб мусулмонлардан ва аҳли зиммалардан жуда кўп одамни асир олди. Айтишларича, асир олинганлар сони юз мингдан ошган экан. Рашид у ерга Хузайма ибн Хозим ва Язид ибн Мазидни юборди, улар хазарлар бузган нарсаларни тузатдилар ва уларни бу диёрдан қувиб чиқардилар.

187 йили Рум давлати мусулмонлар билан ўрталарида бўлган, Ҳорун Рашид билан малика Реней ўртасида тузилган сулҳ битимини бузди. Чунки Рум маликаси тахтдан ағдарилиб, кўзлари кўр қилинган ва ўрнига Ниқфур (Никифор) қироллик тахтини эгаллаганди.  Ҳорун Рашиднинг ўғли Қосим бошчилигидаги қўшин ёзги ҳарбий юриш қилиб, румликлар қўшинини қамалга олди. Оқибатда румликлар мусулмонлар қўшини ортига қайтиб кетиши эвазига ўз қўлларидаги кўп сонли мусулмон асирларни қўйиб юбориб, ўз жонларини қутқариб олишди.

Бир муддатдан сўнг Никифор Рашидга шундай мактуб йўллади: “Рум шоҳи Никифордан араблар шоҳи Ҳорунга. Аммо баъд, мендан олдин тахт эгаси бўлган малика сени рух ўрнига, ўзини эса пиёда ўрнига (шахмат доналари номи) қўйганди ва сенга ўз молларидан аслида сен унга беришинг керак бўлган нарсаларни юборганди, буни хотинларнинг заифлиги ва аҳмоқлигидан деб бил. Ушбу мактубимни ўқигач, у сенга юборган молларни менга қайтариб юбор ва шу билан жонингни қутқариб қол, акс ҳолда сен билан бизнинг ўртамизга қилич тушади”. Ҳорун Рашид унинг хатини ўқиб бениҳоят ғазабланди. Қаттиқ асабийлашганидан ҳеч ким унинг кўзига қарашга ва унга сўз қотишга журъат қилолмай қолди. Кейин у довот чорлатиб, мактубнинг орқасига шундай деб ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мўминлар амири Ҳорундан Рум кўппаги Ниқфурга. Хатингни ўқидим, эй кофир хотиннинг боласи. Жавобини ўз кўзинг билан кўрасан, вассалом”. Сўнг ўша заҳоти қўзғолиб, йўлга отланди ва тўппа-тўғри Ҳерқла шаҳри дарвозаси ёнига бориб  тушди. Уни фатҳ қилиб, подшоҳининг қизини асир олди, жуда кўп молларни ўлжа олди, кўп биноларни бузди, ёндирди. Никифор йиллик хирож тўлаб туриш эвазига сулҳ талаб қилди, Рашид унинг сўровини қабул қилди. У ғазотдан қайтиб, Раққага етганида кофир аҳдига хиёнат қилиб, битимни бузди. Бу пайт қиш фасли бўлиб, қаҳратон совуқ ҳукм сурарди. Шу боис, то қиш совуғи чекингунига қадар ҳеч ким келиб, Рашидга бунинг хабарини беришга қодир бўлмади.

Келгуси 188 йили Иброҳим ибн Исроил ёзги қўшинга бош бўлиб чиқди, у Рум диёрига Сафсоф дарасидан кириб борди. Никифор унинг қаршисига қўшин тортиб чиқди. Урушда Никифор енгилди ва уч жойидан жароҳат олди, қўшинидан қирқ минг киши ўлдирилди.

189 йили Ҳорун Рашиднинг ўғли Қосим Добиқ водийсига лашкаргоҳ қурди. Рашид Рум давлати қўлида асирликда бўлган барча мусулмонларни қутқариб олди, битта ҳам асир қолмади.

190 йили Рашид ўзи Рум ғазотига чиқди. Никифор унга итоат билан пешвоз чиқиб, ўзи ва ўғли номидан жизя тўлади. Жизя миқдори йиллик ўн беш минг динор эди. Никифор Рашиддан мусулмонлар асир олган Ҳерқла маликасини унга қайтариб беришини сўради. Рашид унга маликани қайтариб берди. Сўнг унга йилига уч юз минг динор тўлаб туришни шарт қилди. Шундан сўнг Рашид ортга қайтди ва қўшинга Уқба ибн Жаъфарни бош қилиб қолдирди.

191 йили Язид ибн Мухаллад Ҳайбарий ўн минг аскар билан Рум диёрига ғазотга отланди. Румликлар Тарсусдан икки марҳала масофа узоқликда унинг йўлига пистирма қўйиб, элликта ҳамроҳи билан бирга ўраб олиб, уни ўлдирдилар, қолганлар ортга чекинди.

Рашид Ҳарсама ибн Аъянни ўттиз минг аскарга бош қилиб, ёзги ҳарбий юришга юборди. Рашиднинг ўзи ҳам ғазотга яқинроқ бўлиш учун Ҳадас чегара минтақасига чиқиб борди.

Сўнг Рашид Рум диёрига юриш қилди ва шаввол ойида Ҳерқла шаҳрига кириб бориб, уни хароб қилди, аҳолисини асир олди, атроф жавонибга қўшинлар юборди.

Шу йили Ҳорун Рашид аҳли зиммалар Бағдодда ва бошқа шаҳарларда ўз кийимлари ва ташқи кўринишлари билан ажралиб туришлари лозимлиги ҳақида фармон чиқарди.

Рашид Шом ўлкаси соҳилларига ва Мисрга Ҳамид ибн Маъюфни волий қилиб юборди.

192 йили Рашид Суғурга (чегара олди минтақаларга) Собит ибн Наср ибн Моликни волий қилди. У Рум диёрига кириб бориб, Матмура шаҳрини фатҳ қилди, кейин мусулмонлар билан румликлар ўртасида сулҳ тузилди.

 

Изоҳ қолдиринг