Бисмиллоҳни махфий ўқиш ҳақидаги боб

0

Юзинчи ҳадис

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ – رضي الله عنه -: ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – وَأَبَا بَكْرٍ وَعُمَرَ رضي الله عنهما: كَانُوا يَسْتَفْتِحُونَ الصَّلاةَ بِ «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ» )) .

وَفِي رِوَايَةٍ: ((صَلَّيْتُ مَعَ أَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ فَلَمْ أَسْمَعْ أَحَدًا مِنْهُمْ يَقْرَأُ بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ))

وَلِمُسْلِمٍ: ((صَلَّيْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ فَكَانُوا يَسْتَفْتِحُونَ بِ «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ» لا يَذْكُرُونَ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ فِي أَوَّلِ قِرَاءَةٍ وَلا فِي آخِرِهَا)) .

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо намозни “Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн” билан бошлар эдилар[Бухорий: 743].

Муслим ривоятида шундай дейилади: “Мен Абу Бакр, Умар ва Усмон билан бирга намоз ўқиганман. Улардан биронтаси “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”ни (жаҳрий) ўқиганини эшитмаганман[Муслим: 399].

Муслим келтирган бир ривоятда шундай дейилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг ортида намоз ўқиганман. Улар намозни “Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн” билан бошлар, қироатнинг бошида ҳам, охирида ҳам “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳиймни” ўқимас эдилар[Муслим: 399].

Шарҳ:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг хулафои рошидинлари билан узоқ муддат бирга яшаши ва уларнинг ортида намоз ўқиши мобайнида улардан биронтаси “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”ни на қироатнинг бошида, на охирида ўқиганларини эшитмаган, бакли улар намозни “Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн” билан бошлашар эди.

Уламолар ихтилофи:

Имом Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмад намоз бошида “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”ни айтиш муҳстаҳаб, деган фикрни билдиришган. Имом Моликнинг фикрича, намоз бошида “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм” айтилмайди.

Имом Молик ўз фикрини қўллаб-қувватлаш учун Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоятни келтирган: “Улар (Яъни Пайғамбаримиз ва хулафои рошидин) қироатнинг бошида ҳам, охирида ҳам “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим”ни айтишмас эди”. Имом Моликнинг фикрига кўра, бисмиллоҳ мустақил бир оят ҳисобланмайди.

Уч имом – Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмад қироат бошида бисмиллоҳни айтилишига кўплаб далиллар келтиришган. Жумладан, кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тобеинларга намоз ўқиб беради. Қироатни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”дан бошлаб, то “Валоззоллийн”гача ўқийди. Намозни тугатгач шундай дейди: “Орангизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозига ўхшашроқ ўқийдиганингиз мен бўламан[1].

Шунингдек, қироат бошида бисмиллоҳни жаҳрий айтиш керакми ё махфийми, бу борада ҳам уламолар турли фикрлар билдиришган.

Имом Шофеийнинг фикрича, бисмиллоҳ жаҳрий айтилса, Абу Ҳанифа ва Аҳмад махфий айтилади, деган фикрни билдиришган.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ ўз фикрини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча ҳадислар келтирган. Қуйида улардан айримларини зикр қиламиз:

Анас розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироати ҳақида сўралганда шундай жавоб беради: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чўзиб қироат қилар эдилар”. Сўнг Анас розияллоҳу анҳу “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”даги “Бисмиллаҳ”, “Ар-раҳмон” ва “Ар-Роҳийм” сўзларини чўзиб ўқийди”[2].

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ҳам Пайғамбаримиз қироати ҳақида сўралганда шундай жавоб беради: “У зот оятларни бўлиб-бўлиб ўқир эдилар. “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм”, “Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн”, “Ар-роҳманир-роҳийм”, “Маалики явмиддин” оятларини бўлиб-бўлиб ўқир эдилар[3].

Мазкур икки ҳадис ва шу маънода келган бошқа ҳадислар имом Шофеийнинг фикри тўғри эканига далолат қилмайди. Негаки, ушбу ҳадисларда умумий тарзда Пайғамбаримизнинг қироат қилиш тартиби баён қилинмоқда. Уларнинг биронтасида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда бисмиллоҳни жаҳрий айтганлари зикр қилинмаган.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Дорақутнийдан нақл қилинишича, у шундай дейди: “Пайғамбаримиз намозда бисмиллоҳни жаҳрий айтганлари ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган”.

Имом Абу Ҳанифа ва Аҳмад ўз фикрларига шарҳланаётган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисини ва шу мазмунда келган бошқа ҳадисларни далил қилиб келтиришган.

Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадисдан (яъни шарҳланаётган Анаснинг ҳадисидан) аниқ билиб оламизки, намозда бисмиллоҳ жаҳрий айтилмайди. Зеро, Анас розияллоҳу анҳу ўн йил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, йигирма беш йил у зотдан кейинги уч халифа билан бирга яшаб, барча намозларни уларнинг ортида ўқиган. Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилинган айрим ривоятларда “Улар намозда бисмиллоҳни ўқишмас эди” дейилган. Ушбу ривоятни “Улар бисмиллоҳни жаҳрий айтмас эдилар”, деб изоҳлаш мумкин. Шу тариқа барча далиллар ўртаси мувофиқлашиб, уларнинг барчасига амал қилиш имкони туғилади”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Истифтоҳ дуоси ва тааввуз[4]дан кейин, Фотиҳа сурасидан олдин “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм” ўқилади.
2 – Бисмиллоҳ, гарчи жаҳрий намозда бўлса ҳам махфий ўқилади.
3 – Бисмиллоҳ Фотиҳа сурасидан бир оят эмас.

 

[1] Бухорий: 758 ва Муслим: 392
[2] Бухорий: 5046
[3] Абу Довуд: 4001 ва Аҳмад: 26043
[4] Яъни “Аъуузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм” дейиш.

Изоҳ қолдиринг