Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Ҳакам, Ҳоким ва Ҳаким исмларининг маъноси

5

Аллоҳ таолонинг Ҳакам ва Ҳоким исмлари ҳукм қиладиган қози ёки барча нарсани пухта-мустаҳкам қиладиган зот маъносини ифодалайди. Ҳаким эса ҳикматли деганидир.

Аллоҳ таолонинг Ҳакам исми Қуръони Каримда бир маротаба “Аллоҳдан бошқа ҳакам истайми?!” оятида айтилган (Анъом: 114). Ҳоким исми эса беш ўринда келган. Мисол учун:

1) “Аллоҳ ўртамизда ҳукм қилгунига қадар сабр қилинглар. Зеро, Аллоҳ ҳокимларнинг энг яхшисидир” (Аъроф: 87);
2) “Парвардигоро, ўғлим менинг оиламдандир. Албатта, Сенинг ваъданг ҳақ ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг яхшиси (энг яхши ҳоким)сан” (Ҳуд: 45);
3) “Ахир, Аллоҳ энг яхши ҳукм қилувчи эмасми?!” (Тин: 8).

Аллоҳ таолонинг Ҳаким исми эса Қуръони Каримда тўқсон тўрт марта зикр қилинган. Қуйидаги оятлар шулар жумласидан:

1) “Аллоҳ Азиз ва Ҳаким (ҳикматли зот)дир” (Бақара: 228);
2) “Аллоҳ Алим (барча нарсани билувчи) ва Ҳакимдир” (Нисо: 26);
3) “У Ҳаким ва Хабир (барча нарсадан хабардор зот)дир” (Анъом: 18).

Табарий роҳимаҳуллоҳ “Аллоҳдан бошқа ҳакам истайми?!” (Анъом: 114) оятининг тафсирида шундай дейди: “Уларга: “Мен Аллоҳнинг ҳукмидан чиқишим мумкин эмас. Негаки, Ундан кўра адолатли ҳакам йўқ, Ундан кўра ростгўй сўзловчи йўқ” – деб айтинг”[1]. Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятнинг маъноси шу: мен сизлар учун Аллоҳдан ўзга ҳакам изламайман”[2].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг “Ахир, Аллоҳ энг яхши ҳукм қилувчи эмасми?!” (Тийн: 8) сўзининг маъноси шундай: У  ҳеч кимга зулм қилмайдиган энг яхши ҳакам эмасми?!”[3].

Ҳулаймий айтади: “Ҳакам – ҳукм қўлида бўлган зот дегани. Ҳукм эса фасодга чек қўйиш маъносини ифодалайди. Аллоҳ таолонинг шариати тўлиқлигича бандаларни ислоҳ қилиш учун хизмат қилади” [4].

Аллоҳ таоло Ҳоким, Ҳакам ва Ҳаким зот экан, биз ундан бошқасидан ҳукм сўрашимиз, Ундан ўзганинг ҳукмини ҳаётимизга татбиқ қилишимиз асло дуруст эмас. Мусулмон киши ҳар қандай масалада доим Аллоҳнинг ҳукмини ўрганиши ва қалби шунга хотиржам бўлиши лозим. Чунки ҳукм чиқариш ислом динида Аллоҳ таолонинг иши саналади. Бу ҳақда Парвардигоримиз: “У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди” – деган (Каҳф: 26). Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳукм чиқариш Ўзига хос иш эканини баён қилиб: “Ҳукм фақат Аллоҳга хос” – деган (Анъом: 57). Шуро сурасида эса: “Нимада ихтилофлашсангизлар, унинг ҳукмини Аллоҳга ҳавола қилинглар” – деган.

Шинқитий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Шундан биламизки, Аллоҳ ҳалол қилган нарсалар ҳалол, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар ҳаром бўлади. Дин Аллоҳнинг қонунларидан иборат. Ундан ўзгаси томонидан тузилган ҳар қандай қонун ботилдир. Бу ботил қонунлар Аллоҳ таолонинг қонунлари билан бир хил ёки ундан яхши деб эътиқод қилган ҳолда шариат ўрнига шу қонунларга амал қилиш очиқ кофирлик, бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ”[5].

Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда Шинқитий роҳимаҳуллоҳнинг инсонлар нима сабабдан қонун чиқаришга нолойиқ эканлари ҳақида ёзган гапларини келтирамиз.

[1] “Жомеул баён” (8\7).
[2] “Ал-жомеъ лиаҳкомил Қуръон” (7\70).
[3] “Тафсири Ибн Касир” (4\527).
[4] “Ал-минҳож” (207).
[5] “Азвоул баён” (7\162).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion5 fikr

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
      Алҳамдулиллаҳ;
      Ҳа, Аллоҳ таолонинг болдир сифати бор. Бироқ болдир деганда биз билган болдир тушунилмайди. Чунки Аллоҳ таоло махлуқотларидан бирон нарсага ўхшамайди. Аллоҳни махлуқотларидан бирига ўхшатган киши диндан чиқади, Аллоҳ сақласин! Шунингдек, Аллоҳни махлуқотлардан бирига ўхшатмаслик даъвоси билан У зотнинг Ўзи ёки Расули айтган сифатларини инкор қилиш ҳам мумкин эмас. Бу масаладаги бизнинг эътиқодимиз шундай бўлиши керак: Аллоҳнинг болдир сифати бор, бироқ бу сифат махлуқотларнинг сифатига ўхшамайди, валлоҳу аълам.

  1. Ассалому алейкум ва рахматуллохи ва баракотух, саволим хар фарз намоздан кейин Оятал курси укилиши керакми суннатга алокатор жойи борми ва Намозни тугатгандан кейин хам Оятал курси укиладими шуни тушинтириб берсез. АЛЛОХ сиздан рози булсин .

  2. Ассалому алейкум ва рахматуллохи ва борокатух, Хурматли Шейх, саволим Витр намозда 2 чи ракатда ташаххут укишлик суннатда борми. АЛЛОХ сиздан рози булсин.

Изоҳ қолдиринг