Бақара сураси: 23-24 оятлар

0

وَإِن كُنتُمْ فِي رَيْبٍ مِّمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُواْ بِسُورَةٍ مِّن مِّثْلِهِ وَادْعُواْ شُهَدَاءكُم مِّن دُونِ اللّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِين(23)

  1. Агар сизлар бандамизга нозил қилган нарсамиз (Қуръон) тўғрисида шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда агар (Қуръон инсоннинг сўзи деган даъвойингизда) ростгўй бўлсангиз унга ўхшаш бирон сура келтиринг ва (бу йўлда) Аллоҳдан ўзга (ёрдамчи ва) гувоҳларингизни чорлангиз (сафарбар этингиз).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйлиги ва у зот келтирган диннинг тўғрилигига далолат қилувчи ақлий далилдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбарга бўйсунмаган, даъватини рад қилган ва уни ёлғончи деб даъво қилганлар, агар биз бандамизга нозил қилган Қуръоннинг ҳақ ёки ҳақ эмаслиги хусусида шак-шубҳа ичра қолган бўлсангиз, у ҳолда сизлар билан Муҳаммад ўртасида инсофли ажрим қилиб берадиган яхши бир ечим бор. Маълумки, Муҳаммад сизларга ўхшаган бир инсон, бошқа бир жинсдан эмас. Сизлар уни яхши биласиз. У ўзингизнинг орангизда ўқиш ва ёзишни билмайдиган ҳолда ўсиб-улғайди. Ва ниҳоят у сизларга бир китобни келтириб, уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканини даъво қилмоқда. Сизлар бўлсангиз бу китобни унинг ўзи тўқиб чиққан демоқдасиз. Агар ҳолат ростдан ҳам сизлар айтгандек бўлса, унга ўхшаш бирон сура олиб келингчи?! Бу йўлда қўлингиздан келган ёрдамчилар ва гувоҳлардан фойдаланингиз. Зотан, бу фасоҳат ва нутқ соҳиби бўлган, шунингдек, пайғамбарга ашаддий душман бўлган сиздек инсонлар учун осон ишдир. Борди-ю, Қуръонга ўхшаш бирон сура келтира олсангиз, демак, Муҳаммад сиз ўйлагандек бўлиб чиқади. (Асло унга ўхшаш сура келтира олмассиз. Бу сизларга инсоф юзасидан ва ҳақ биз томонда эканини ва натижа тўла-тўкис бизнинг фойдамизга ҳал бўлишини билсакда сизларга ожизлигингизни кўрсатиб қўйиш учун таклиф қилинмоқда, холос). Агар унга ўхшаш сура келтира олмасангиз, демак, бу Муҳаммаднинг ростгўйлиги ва у келтирган Қуръон ва диннинг ҳақ эканини кўрсатадиган улуғ бир оят-аломат ҳамда очиқ ва равшан далил бўлади. Бинобарин, сизлар унга эргашишингиз, шунингдек, ҳарорати юксаклиги ва лов-лов ёнганидан ўтини тош ва одамлардан иборат бўлган дўзахдан сақланишингиз лозим бўлади. Бу дўзахнинг олови ўтин билан алангаланадиган дунё ўтлари каби эмас. Жаҳаннам ўти Аллоҳ ва Расулига кофир бўлган кимсалар учун тайёрлаб қўйилгандир. Муҳаммад Аллоҳнинг Расули экани аниқ бўлгач, унга куфр келтиришдан огоҳ бўлингиз».

فَإِن لَّمْ تَفْعَلُواْ وَلَن تَفْعَلُواْ فَاتَّقُواْ النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِين  (24)

  1. Агар қилолмаган бўлсангиз – асло қилолмассиз – унда ўтини инсонлар ва тош бўлган дўзахдан сақланингиз. У кофирлар учун ҳозирлангандир.

Бу ва бунга ўхшаш оятларни уламолар «таҳаддий оятлари», яъни бутун онгли мавжудотни Қуръонга ўхшаш бирон нарса келтириш ёки қайсидир жиҳатдан бўлмасин унга қарши чиқишдан ожизлигини баён қилувчи оятлар деб номлашади. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг, (эй Муҳаммад), агар бутун инсонлар ва жинлар Қуръонга ўхшаш бирон нарса ижод қилиш йўлида йиғилсалар, гарчи бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшаш нарса келтира олмаслар» [Исро: 88]. Ахир тупроқдан яратилган мавжудот қандай қилиб подшоҳлар подшоҳи бўлмиш Аллоҳнинг каломига ўхшаш калом тузсин?! Ёхуд қандай қилиб ҳар томонлама фақир ва ноқис бўлган банда мутлақ камолот соҳиби бўлмиш комил ва ҳар томонлама бой бўлган зотнинг каломига ўхшаш калом келтира олсин?! Албатта бу имконсиз, башарият қудратидан ташқаридаги ишдир. Озгина бўлса-да фаҳм-фаросати бор ва адабиётдан хабардор инсон Қуръони Каримни адабиёт ва фасоҳат аҳлининг сўзига солиштириб кўрса, албатта унга бу икки калом ўртасидаги катта фарқ ошкор бўлади.

Аллоҳ таолонинг «агар…шак қилсангизлар», деган сўзидан кўринадики, ҳақ билан залолат ўртасини ажрата олмай шак ва ҳайрат ичида қолган инсоннинг ҳидоят топишини умид қилса бўлади. Агар бундай инсон қалбида чинакам ҳаққа интилиш бўлса, унга ҳақ баён қилинганда албатта эргашади. Аммо ҳақни билиб, эргашмаган қайсар инсоннинг ҳаққа қайтиши қийин.  Чунки у ҳақни билмаслиги учун унга эргашмагани йўқ, балки ҳақ аниқ ва равшан бўлса ҳам эргашмади. Бундай кимсани йўлга солиб бўлмайди. Шунингдек, қалбида чинакам ҳаққа интилиш бўлмаган ҳолда ҳақ тўғрисида иккиланишда бўлган кимсаларнинг ҳидоят топишига ҳам умид йўқ. Улар аслида ҳақдан юз ўгирган, ҳақни топиш йўлида жон куйдирмаган инсонлардир. Бундай инсонларга ҳам аксар ҳолатларда ҳидоят ва тавфиқ насиб қилмайди.

Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни банда деб сифатланиши у зотнинг энг олий сифати бандалик сифати эканига далолат қилади. Зеро, олдингилар ичида ҳам, кейингилар ичида ҳам бу сифатда (яъни бандалик сифатида) у зотга етадигани йўқдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни «исро» (яъни Масжиди Ҳаромдан Масжиди Ақсога тунда сайр қилдириш) мақомида ҳамда Қуръон нозил қилиш мақомида ҳам бандалик сифати билан зикр қилади. «Тунда бандасини (Масжиди Ҳаромдан Масжиди Ақсога) сайр қилдирган Зотни (барча нолойиқ сифат ва айб-нуқсонлардан) поклайман» [Исро: 1]. «Бутун оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни (яъни ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи Қуръонни) бўлиб-бўлиб нозил қилган зотнинг (комилликлари ва) хайр-баракаси кўп бўлди» [Фурқон: 1].

 Аллоҳ таолонинг «У кофирлар учун ҳозирлангандир», деган сўзи ва бошқа шу каби оятларда мўътазилий тоифасига хилоф ўлароқ аҳли суннат ва жамоатнинг «жаннат ва дўзах яратиб қўйилган» деган эътиқодининг ҳақлигига далил бор.

Шунингдек, мазкур оят хаворижлар ва мўътазилий тоифаларига хилоф ўлароқ, мусулмонлар гарчи гуноҳи кабира қилган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолмасликларига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло дўзахнинг кофирлар учун ҳозирланганини маълум қилди. Борди-ю, гуноҳкор ва осий мусулмонлар ҳам дўзахда мангу қолганларида, дўзах фақат кофирлар учун ҳозирланмаган бўлур эди. Ушбу оят яна шуни кўрсатадики, инсон бирон азобга дучор қилиниши учун ўша азобга элтувчи сабабларни қилган бўлиши лозим. Ушбу сабаблар куфр ва ундан бошқа турли гуноҳ ишлардир.

Изоҳ қолдиринг