Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилиш

0

Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилиш

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. У зотга ўша исмлар билан дуо қилинглар. Унинг исмларида ҳақдан оққан кишиларни қўйинглар. Улар тез орада қилган амалларига яраша жазо оладилар» [Аъроф: 180].

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Унинг гўзал исмлари бор» [Тоҳа: 8]. Аллоҳ таоло исмларининг гўзал эканини маълум қилди. Ҳа, Аллоҳнинг исмлари бағоят гўзал, ундан кўра гўзал исмлар йўқ. Чунки Унинг исмлари комил сифатлар ва улуғ васфларга далолат қилади. Бу исмлар энг гўзал ва энг мукаммал исмлардир. Аллоҳнинг исмлари «тавқифий», яъни фақат Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадислар орқали билиш мумкин бўлган исмлардир. Бинобарин, Аллоҳ таолони Унинг ўзи ёки Расули номлаган исмлар билангина номлаймиз. Аллоҳ таолонинг «У зотга ўша исмлар билан дуо қилинглар» деган сўзини худди бир инсоннинг «Эй Аллоҳ, мени гуноҳларимни мағфират қил, менга раҳм қил. Зеро, Сен мағфират қилувчи ва раҳмли зотсан» деган дуосидаги сингари «Аллоҳга бу исмларни васила қилиб дуо қилиш» деб тафсир қилиш мумкин.

 Аллоҳнинг исмлари сон-саноқсиз бўлиб, муайян сон билан чекланмаган. Бу исмлардан баъзилари фақат Аллоҳнинг ўзига аён бўлиб, уни на бирон муқарраб фаришта ва на бирон пайғамбар билади. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: «Сендан барча исмларингни ўртага қўйиб сўрайман. Улар(дан баъзилари) билан ўзингни номла(б бандаларингга танит)гансан, (баъзиларини) китобингда нозил қилгансан, бирон (яқин) бандангга ўргатгансан ёки (баъзиларини) ҳузурингдаги ғайб илмида фақат ўзинг биласан»[1].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг исмларини уч қисмга бўлди:

1) Бир тур исмлар борки, Аллоҳ улар билан ўзини номлар экан уларни ўзи хоҳлаган бандалари фаришталар ва бошқаларга ошкор этди. Бироқ уларни китобларида нозил қилмади.

2) Бир тур исмлар борки, Аллоҳ уларни китобларида нозил қилиб, улар орқали ўзини бандаларига танитди.

3) Яна бир тур исмлар борки, Аллоҳ уларни ғайб илмида фақат ўзигина билди, уларни бировга билдирмади”.

Аллоҳ таоло айтади: «Унинг исмларида ҳақдан оққан кишиларни қўйинглар». Яъни улардан юз ўгириб, тарк қилинглар. Зеро, Аллоҳнинг ўзи уларга муносиб жазо беради. Шунинг учун Аллоҳ таоло оят охирида «Улар тез орада қилган амалларига яраша жазо оладилар», дейди. Оятдаги «исмларида ҳақдан оққан» деган сўзнинг маъноси бу исмларнинг маъно ва моҳиятини Қуръон ва ҳадисда келган ҳақиқий маъносидан бурадиган» деганидир. Аллоҳнинг исмларида ҳақдан оғиш бир неча турга бўлинади:

  1. Аллоҳнинг исмлари билан бутларни номлаш. Жоҳилият даврида араблар Аллоҳнинг «Ал-илоҳ» исмини олиб, бутлардан бирига «Ал-Лот» деб, Ал-азиз» исмини олиб, бошқа бир бутга «Ал-уззо» деб исм қўйишган эди.

  2. Аллоҳнинг улуғворлигига тўғри келмайдиган нолойиқ исмлар билан исмлаш. Масалан, насоролар Аллоҳни «ота» деб номлашса, файласуфлар эса «табиатан таъсирчан омил» дея исмлашди.

  3. Аллоҳни айб-нуқсонлар билан сифатлаш. Яҳудлар Аллоҳни «фақир», «шанба куни дам олди», «Аллоҳнинг қўли кишанланган» каби нолойиқ сифатлар билан сифатлаб, ҳақорат қилишди.

  4. Аллоҳнинг гўзал исмларини маъноларидан жудо қилиш, уларнинг моҳиятини инкор этиш. Жаҳмийлар ва уларга эргашганлар Аллоҳнинг исмларини «ҳеч қандай сифат ва маъноларни ўз ичига олмаган шунчаки лафзлар» дея таъриф этадилар. Масалан, улар Аллоҳнинг «Эшитувчи ва Кўрувчи» деган исмлари бор, бироқ У эшитиш ва кўриш сифатига эга эмас, дейишади. Албатта бу каби сўзлар ақлда ҳам, шариатда ҳам Аллоҳнинг исмлари борасидаги энг катта оғишлардан бири саналади. Бу мушрикларнинг бу хусусдаги оғишига қарши бир оғишдир. Чунки мушриклар Аллоҳнинг исм ва сифатларини ўз «худолари»га беришган бўлса, жаҳмийлар Аллоҳнинг комиллик сифатларини йўққа чиқаришди, унинг исм ва сифатларини инкор этишди.

Бу хусусда биз бандаларга фарз бўлган нарса Аллоҳнинг исмларини эътироф этиш ва улар далолат қилган комил ва улуғ сифатларни ҳеч бурмасдан, йўққа чиқармасдан, уларнинг қандайлигини айтмасдан ва мавжудотларнинг сифатларига ўхшатмасдан бор деб эътиқод қилишдир. Зотан, Аллоҳ таоло айтганидек, «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ. У Эшитувчи ва Кўрувчидир» [Шўро: 11].

Шунингдек, Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилиш, уни улуғлаш бу исмлар билан Унинг махлуқотларини номламасликни тақозо қилади. Зеро, бундай қилиш Аллоҳни чинакамига ягона илоҳ деб билиш натижасидир. Абу Шурайҳдан ривоят қилинишича, у ўзига «Абулҳакам» деб куня (тахаллус) қўйган эди. Унинг кунясини (тахаллусини) эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳақиқий «Ҳакам» Аллоҳ ва ҳукм чиқариш ҳам Уникидир». Абу Шурайҳ деди: «Қавмим бирон нарсада келишмай қолсалар, ҳузуримга келишар ва мен уларнинг ўртасида ҳукм чиқарар эдим. Шунда ҳар икки томон рози бўлиб кетишар эди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу нақадар яхши! Фарзандларинг борми?». Абу Шурайҳ айтди: «Ҳа, Шурайҳ, Муслим ва Абдуллоҳ». «Уларнинг ичида тўнғичи ким?», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Шурайҳ», деди у. «Ундай бўлса, сен Абу Шурайҳсан», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» [Абу Довуд ва бошқалар ривояти].

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилиш учун Абу Шурайҳнинг кунясини ўзгартирдилар. Чунки том маънодаги мутлақ ҳакам Аллоҳ таолодир.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳукм қилади. Унинг ҳукмини бекор қилувчи йўқ» [Раъд: 41]. Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳакамдир. У зот дунёда пайғамбарларига нозил қилган ваҳий билан одамлар ўртасида ҳукм қилса, қиёмат кунида улар дунёда келишмай қолган нарсалар ўртасида ўзининг илми билан ҳукм қилади ва мазлумга золимдан ҳаққини ундириб беради. Мазкур ҳадис бирон инсонга Аллоҳ таолонинг фақат ўзига хос бўлган исмларидан бирини қўйиш жоиз эмаслигига далолат қилади. Чунки бу ишдан Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилмаслик, уни улуғламаслик келиб чиқади.

Шунингдек, Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилиш кўринишларидан яна бири инсон ўз қули ёки чўрисига «қулим» ёки «чўрим» деб мурожаат қилмаслигидир. Чунки бундан Аллоҳнинг раблик сифатида унга шериклик маъноси тушунилиб қолиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ҳеч бирингиз «раббингга овқат олиб кел», «раббингга таҳорат суви ҳозирла», деб айтмангиз, унинг ўрнига «хўжайиним», «жанобим» деб айтингиз. Шунингдек, ҳеч бирингиз «қулим» ёки «чўрим» деб айтманг, унинг ўрнига «хизматкорим», «ғуломим», деб айтинг». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзлар («раббинг», «қулим», «чўрим») қайсидир жиҳатдан Аллоҳга шериклик маъносини ифодалагани боис у сўзлар билан мурожаат қилишдан қайтардилар. Бундан кўзланган мақсад ширкка элтувчи сабаблар йўлини қирқиш ва ширк масаласига буткул барҳам беришдир.

Аллоҳнинг исмларини ҳурмат қилишнинг яна бир кўриниши Унинг номи билан бирон нарса сўраган кишининг талаби ва илтимоси рад этилмаслигидир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимда ким Аллоҳ номи билан ҳимоя қилишингизни сўраса, уни ҳимоянгизга олингиз. Кимда ким Аллоҳ номи билан бирон нарса сўраса, сўраганини берингиз». Негаки, Аллоҳ номи билан бирон нарса сўраган кимсани эътиборсиз қолдириш Аллоҳнинг исмларини улуғламасликка далолат қилади. Аксинча, унга сўраган нарсасини бериш Аллоҳни улуғлаш ва Унга тоат-ибодат қилиш саналади. Яна Аллоҳ таолонинг исмларини улуғлаш мақсадида Аллоҳнинг юзини ўртага қўйиб фақат жаннатгина сўралади. Бундан Аллоҳни ҳурматлаш ва улуғлаш мақсад қилинади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шандай дейдилар: «Аллоҳнинг юзи билан фақат жаннат сўралади» [Абу Довуд ривояти].  Демак, Аллоҳнинг юзи билан дунёнинг арзимас матолари сўралмас экан. Балки у билан энг юксак ғоя ва мақсад бўлмиш жаннатни ёхуд унга элтувчи сўз ва амалларни сўраш мақсадга мувофиқ экан.

Аллоҳнинг исмлари билан бўлар-бўлмасга қасам ичавермаслик ҳам Унинг исмларини улуғлаш қабилидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамларингизни сақлангиз» [Моида: 89]. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур оятни «қасам ичманглар» деб тафсир қилган. Чунки кўп қасам ичиш Аллоҳни ҳурмат қилмаслик, У зотни улуғламасликка далолат қилади. Албатта бу тавҳидда бўлиши вожиб бўлган энг оз миқдордаги мукаммалликка зиддир.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч тоифа инсонлар борки, Аллоҳ таоло (қиёмат кунида) уларга гапирмайди ҳам, уларни (гуноҳлардан) покламайди ҳам ва улар учун қаттиқ азоб бор: соч-соқоли оқарган зинокор чол, мутакаббир камбағал ва Аллоҳни матоси қилиб олган, қасам ичмасдан бирон нарса сотиб олмайдиган ёки сотмайдиган инсон» [Табароний саҳиҳ санад билан ривоят қилган]. «Аллоҳни матоси қилиб олган» деган сўздан «Аллоҳ номи билан қасам ичишни матоси қилиб олган» деган маъно назарда тутилган. Демак, ушбу ҳадисда кўп қасам ичиш қаттиқ қораланмоқда. Чунки бўлар-бўлмасга қасам ичиш Аллоҳга нисбатан ҳурматсизлик ва У зотнинг исмларини улуғламаслик саналади.

Аллоҳни улуғлаш кўринишларидан яна бири бандаларидан биронтасининг ҳузурида Аллоҳдан шафоат қилишини сўрамасликдир. Чунки бундай қилиш Аллоҳни камситиш бўлиб қолади. Қолаверса, шафоат қилиши талаб қилинган зот ҳузурида шафоат қилинган зотдан пастроқ мартабада туради. Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Одатда шафоат қилувчи ўзидан мартабаси юқори бўлган зот ҳузурида шафоат қилади. Аллоҳ бундан олий ва юксакдир (яъни Аллоҳдан юқори мартабали зот бормики, Аллоҳ унинг ҳузурида шафоат қилса?!).

Дарҳақиқат, бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келди ва қаҳатчилик, мол-мулкларга талофат етганидан шикоят қилиб, одамлар учун Аллоҳдан ёмғир сўрашини илтимос қилди. “Биз (талабимизни қондиришингиз учун) ҳузурингизда Аллоҳдан шафоат сўраймиз, шунингдек, (Аллоҳ истагимизни қондириши учун) сиздан шафоат қилишингизни сўраймиз”, деди аъробий. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ…”, дея такрор-такрор айта бошладилар. Охир-оқибат (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидаги ғазаб асорати) асҳобларининг юзларига ҳам ўтди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўйлаб гапиряпсанми?! Аллоҳ(нинг буюклиги ва мулку салтанати) нималигини биласанми?! Аллоҳнинг шаъни бундан буюк ва юксакдир. Аллоҳдан бирон бандасининг ҳузурида шафоатчи бўлиши сўралинмайди” [Абу Довуд ривояти (4726)].

Ҳа, Аллоҳнинг шаъни улуғ! Ҳеч бир зот Аллоҳнинг ҳузурида Унинг рухсатисиз шафоат қилолмайди.

[1] Имом Аҳмад (6/247, 3712 ва 4318-сонли ҳадислар), Ҳоким (1/509), Табароний (“Мўъжамул кабир”, 9/13), Баззор (5/363), Ибн Абу Шайба (10/253) ривояти. Ҳадисни Ибн Ҳажар “Тахрижи азкор”да ҳасан, Албоний “Тахрижи калимут тоййиб”да (73-бет) саҳиҳ дейишган.

Изоҳ қолдиринг