Қайси ишлар учун Арш силкинади?

0

Савол:

Бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит куни бир етимни туя бўлиб миндириб “авф-авф”, деб турсалар, бир фаришта келиб “Учинчи бор “авф” деманг, Арш ларзага келди”, деган экан. Шу ривоят саҳиҳми ёки тўқимами?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Бу тўқима ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болалардан фақат неваралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумони устларига миндириб эмаклаганлари тўғрисида ривоят бор.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдим. Қарасам, у зот устларига (неваралари) Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумони миндириб олиб уйда эмаклаб юрибдилар. “Туяларинг ҳам, устидаги юки ҳам зўр эканда!”, дер эдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” [Табароний, “Мўъжамул кабир”, 3\52].

Бироқ бу ҳадисни Албоний “Аз-заифа”да (2661) мункар (заиф) деган. Муҳаддис уламоларнинг айтишича, саҳобий Саъд ибн Муознинг ўлими туфайли Арш титраганини ҳисобга олмаганда бирон сўз ёки иш сабабли Арш титраши тўғрисидаги ривоятларнинг биронтаси ҳам саҳиҳ эмас. Жумладан, талоқ қилинганда, етим йиғлаганда, бачавозлик қилинганда Аллоҳнинг арши титраши тўғрисида ривоятлар бор. Бироқ бу ривоятларнинг ҳеч бири саҳиҳ бўлмай, ё заиф, ё тўқима ривоятлардир.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Арш Аллоҳнинг бўйсундирилган бир махлуқоти. Аллоҳ унинг силкинишини хоҳласа, У зотнинг изни ила силкинади” [“Сияри аъломин нубало”: 1\297] .Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг