Саждаи саҳв ҳақидаги боб (1)

0

Араб тилида саҳв деб унутишга, яъни бир ишни билмасдан тарк қилишга айтилади. Инсон бирон ишни билмай (беихтиёр) тарк қилса гуноҳкор ҳам, жавобгар ҳам бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Умматимнинг хатодан қилган ва унутиб тарк қилган ишлари кечирилган”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам намознинг айрим амалларини билмасдан тарк қилганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. Албатта, бундай камчилик Пайғамбаримиз томонидан содир бўлишининг ортида талай ҳикматлар ётади. Жумладан:

  1. У зот ҳам қолганлар сингари оддий инсон бўлиб, инсонлар хато қилгани каби у зот ҳам хато қилиши мумкин. Аммо қолган инсонлардан фарқли ўлароқ Пайғамбаримиз қилган хатоларига шариат индамай турмайди. Зеро, бу пайғамбарлик мақомини ҳимоя қилиш учун зарурдир.

  2. Бундай ҳодисалар орқали умматга айрим ҳукмлар жорий қилинади.

  3. Хато-камчиликка йўл қўйган инсоннинг қалбига таскин бериш. Зеро, инсон ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам хато-камчилик содир бўлганини билса, динимда камчилик бор экан ёки иймоним ноқис экан деб тушкунликка тушмайди.

Бундан бошқа Аллоҳнинг ўзига аён бўлган ҳикматларга биноан Пайғамбаримиздан хато-камчиликлар содир бўлган.

Саждаи саҳв сабаблари учта:

1 – Намозда бирон амални зиёда қилиш.

2 – Намозда бирон амални ноқис қилиш.

3 – Намозда шак қилиш.

Саждаи саҳв Аллоҳни рози қилиш, шайтоннинг бурнини ерга ишқаш, йўл қўйилган камчиликни тўлдириш учун жорий қилинган.

Юз биринчи ҳадис

 

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: ((صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللهِ- صلى الله عليه وسلم – إحْدَى صَلاتَيْ الْعَشِيِّ – قَالَ ابْنُ سِيرِينَ: وَسَمَّاهَا أَبُو هُرَيْرَةَ. وَلَكِنْ نَسِيتُ أَنَا – قَالَ: فَصَلَّى بِنَا رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ سَلَّمَ. فَقَامَ إلَى خَشَبَةٍ مَعْرُوضَةٍ فِي الْمَسْجِدِ فَاتَّكَأَ عَلَيْهَا كَأَنَّهُ غَضْبَانُ وَوَضَعَ يَدَهُ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى وَشَبَّكَ بَيْنَ أَصَابِعِهِ. وَخَرَجَتِ السَّرَعَانُ مِنْ أَبْوَابِ الْمَسْجِدِ فَقَالُوا: قَصُرَتِ الصَّلاةُ – وَفِي الْقَوْمِ أَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ – فَهَابَا أَنْ يُكَلِّمَاهُ. وَفِي الْقَوْمِ رَجُلٌ فِي يَدَيْهِ طُولٌ يُقَالُ لَهُ: ذُو الْيَدَيْنِ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنَسِيتَ أَمْ قَصُرَتِ الصَّلاةُ؟ قَالَ: لَمْ أَنْسَ وَلَمْ تُقْصَرْ. فَقَالَ: أَكَمَا يَقُولُ ذُو الْيَدَيْنِ؟ فَقَالُوا: نَعَمْ. فَتَقَدَّمَ فَصَلَّى مَا تَرَكَ. ثُمَّ سَلَّمَ ثُمَّ كَبَّرَ وَسَجَدَ مِثْلَ سُجُودِهِ أَوْ أَطْوَلَ. ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَكَبَّرَ ثُمَّ كَبَّرَ وَسَجَدَ مِثْلَ سُجُودِهِ أَوْ أَطْوَلَ. ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ وَكَبَّرَ. فَرُبَّمَا سَأَلُوهُ: ثُمَّ سَلَّمَ؟ قَالَ: فَنُبِّئْتُ أَنَّ عِمْرَانَ بْنَ حُصَيْنٍ قَالَ: ثُمَّ سَلَّمَ)) .

Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Кундузги намозларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. (Ибн Сирин айтади: Абу Ҳурайра қайси намоз эканини айтган эди, лекин менинг ёдимдан кўтарилди) Икки ракаат ўқиб, салом бердилар. Сўнг масжидда ётган бир ёғоч (тўнка) олдига бордилар ва худди бир нарсадан ғазаблангандек унга суяндилар. Ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, барқмоқларини бир-бирига киритдилар ва ўнг ёноқларини чап қўлларининг устига қўйдилар. Шошиб турганлар масжид эшигидан чиқар эканлар: “Намоз қисқарибдими?”, дейишди. Қавм орасида Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Бироқ уларнинг ҳеч бири бу ҳақда Пайғамбаримиздан сўрашга ботина олмадилар. Одамлар орасида “Зулядайн” (узун қўлли) деган киши бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: “Ё Расулуллоҳ, унутдингизми ё намоз қисқартирилдими?”. Пайғамбаримиз:Унутганим ҳам, намоз қисқаргани ҳам йўқ”, дедилар. Сўнг (одамларга юзланиб):Зулядайн айтгани ростми?”, дедилар. Одамлар: “Ҳа”, дейишди. Сўнг олдинга ўтиб унутиб қолдирган ракаатларни ўқиб, сўнг салом бердилар. Сўнг такбир айтиб, худди намозда сажда қилганлари миқдорича ёки ундан узоқроқ муддат сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб бошларини (саждадан) кўтардилар. Сўнг такбир айтиб худди намозда сажда қилганлари миқдорича ёки ундан узоқроқ миқдорда сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб бошларини (саждадан) кўтардилар”. Одамлар Ибн Сириндан сўрашди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждаи саҳвдан кейин салом бердиларми?”. У деди: “Имрон ибн Ҳусойндан менга етишича, у зот саждаи саҳвдан сўнг салом берганлар[Бухорий: 482 ва Муслим: 573].

Шарҳ:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хабар беришича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ё аср намозида имомга ўтадилар. Аввалги икки ракаатни ўқиб бўлгач салом берадилар.

Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мукаммал зот бўлиб, ҳар бир амални мукаммал тарзда бажармагунларича кўнгиллари тўлмас эди. Шу боисдан намозни ўқиб бўлгач қандайдир камчилик юз берганини сездилар-у, аммо у нима эканини била олмадилар. Туриб масжид ичида ётган ёғоч олдига бориб, кўнгиллари ғаш бўлган ҳолда унга суяниб ўтирдилар ва бармоқларини бир-бирига кириштирдилар. Ичларидан бир нарса ноқис бўлганини сезиб турар эдилар. Шошилиб турганлар масжид эшигидан чиқар эканлар, бир-бирларига қараб: “Намоз қисқарибди”, деб айта бошлашди. Негаки, саҳобалар Пайғамбаримиз оддий инсонлар каби унутиши мумкин эмас, бу пайғамбарлик мартабасига тўғри келмайди, деб ўйлашар эди.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайбатланишар, шу боис улар орасида Абу Бакр ва Умар каби катта саҳобалар бўлишига қарамай, ҳеч ким у зотдан бу ҳақда сўрашга журъат қила олмади.

Лекин саҳобалар орасида Зулядайн деган киши бу сукунатни бузиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, унутдингизми ё намоз қисқартирилдими?”, деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз тахминларига таяниб: “Унутганим ҳам, намоз қисқаргани ҳам йўқ”, деб жавоб берадилар. Зулядайн икки ракаат намоз ўқиганларини аниқ биларди. Пайғамбаримизнинг ушбу жавобидан сўнг модомики намоз қисқармаган бўлса, у ҳолда Пайғамбаримиз унутиб икки ракаат ўқиганларига ишончи комил эди. Шу сабаб Пайғамбаримизга: “Унда унутибсиз”, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулядайннинг сўзи рост эканини билиш учун атрофидаги саҳобаларга: “Зулядайн айтгандек мен икки ракаатгина ўқидимми?”, дейдилар. Улар: “Ҳа”, деб жавоб беришади. Ушбу жавобдан сўнг у зот олдинга (меҳробга) ўтиб, унутиб қолдирган икки ракаат намозларини ўқийдилар. Ташаҳҳуд ва саловатни ўқиб бўлгач, салом берадилар. Сўнг ўтирган ҳолларида такбир айтиб, намозда қандай сажда қилсалар, худди шундай ёки ундан ҳам узоқроқ муддат сажда қиладилар. Сўнг такбир айтиб, бошларини саждадан кўтарадилар. Сўнг такбир айтиб, худди аввалигидек ёки ундан ҳам узоқроқ сажда қиладилар. Сўнг такбир айтиб бошларини саждадан кўтарадилар. Сўнг ташаҳҳуд ва саловат айтмасдан салом берадилар.

Уламолар ихтилофи:

Намознинг тўлиқ ёки ноқис бўлганлигида шак қилиш (билмай қолиш) саждаи саҳвни вожиб қиладиган сабаблардан бири саналади. Имом Муслим Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Биронтангиз уч ракаат ўқидими ё тўрт ракаатми, деб намозида шак қилиб қолса, шакни ташлаб, ишончи комил бўлганига қараб иш тутсин. Сўнг салом беришдан олдин икки бор сажда қилсин[1]. Пайғамбаримизнинг “Биронтангиз намозида шак қилса”, деган сўзларини уламолар турлича тушунишган.

Имом Молик, Шофеий, Саврий, Авзоий, Исҳоқ ва Рабеаларнинг фикрича, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, инсон қанча намоз ўқиганини аниқ билмай қолса, гарчи у тахминан қанча ўқиганини билса-да, намозида шак қилган деб эътибор қилинади. Шунга кўра, қанча намоз ўқиганини тахминан билган одам ҳам намозида шак қилган ҳисобланиб, ушбу шакни ташлаб, аниқ билган маълумотига биноан намозини давом эттиради. Улар ўз фикрларини бундай деб изоҳлашган: “Асл қоидага кўра, шак қилинган нарса йўқ деб эътибор қилинади. Бинобарин, гарчи ўй ва тахминлар бунинг хилофига далолат қилса ҳам, асл қоидага амал қилинади”. Улар инсон қанча намоз ўқиганини тахминан аниқлашга уриниши шарт эмас деб билишади. Ушбу фикр Ибн Умар ва Ибн Аббосдан ҳам нақл қилинган.

Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, ёлғиз намоз ўқувчи қанча намоз ўқиганини билмай қолса, ишончи комил бўлган миқдорга биноан давом эттиради. Бунга юқоридаги Абу Саиднинг ҳадиси далолат қилади. Аммо имом бўлса тахминига (ғолиби зоннига) кўра иш юритади. Ушбу фикрни ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Хирақий ва Муваффақ (ибн Қудома) ихтиёр қилишган. Муваффақ айтади: “(Намозда шак қилган пайтда) тахминига биноан намоз ўқиш имомга хос дейишимизнинг сабаби шуки, ёлғиз ўқувчидан фарқли ўлароқ, имомнинг ортида хатосини тўғрилайдиган муқтадийлар бўлади”.

Ибн Масъуд, Али розияллоҳу анҳумо, Абу Ҳанифа ва ҳанафий мазҳаби уламолари, шунингдек, салаф ва улардан кейинги уламолар кўпчилигининг фикрига кўра, инсон қанча намоз ўқиганини билмай қолса, эслашга ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда имом ҳам, ёлғиз ўқувчи ҳам тахминига биноан намозини давом эттиради. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча саҳиҳ ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен ҳам бир инсонман, сизлар каби унутаман. Агар бирон нарсани унутсам, эслатинглар. Қай бирингиз намозда (қанча ўқиганини билмай) шак қилса, (шак қилган фикрлари орасида) қай бири тўғри эканини топишга ҳаракат қилсин-да, қолганини адо қилсин. Сўнгра икки бор сажда қилсин[2].

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Уламолар бир овоздан айтишганки, Пайғамбарлар одамларга ўргатишга буюрилган ишларни унутиб қўйишлари мумкин. Лекин Аллоҳ таоло бунга танбеҳ бермасдан қолдирмайди. Аммо одамларга етказишга буюрилган бирон сўзни унутиб қўйишлари мумкин эмас.
2 – Саждаи саҳв жорий қилиниши ортида бир қанча ҳикматлар, сирлар ётади. Унутиб бирон ишни тарк қилган кишига гуноҳ бўлмаслиги, Пайғамбарлар ҳам инсон зотидан бўлиб, бошқа одамлар каби бирон ишни унутиб қўйишлари мумкинлиги шулар жумласидан. Аммо Пайғамбарлар одамларга етказиш шарт бўлган сўзларни асло унутиб қўйишлари мумкин эмас.
3 – «Тўлиқ ўқиб бўлдим», деган ўйда намозни чала тугатган кишининг намози бузилмайди. Балки, билган заҳоти уни давом эттириб, камчилигини тўлдирса кифоя.
4 – «Намозни тўлиқ ўқиб бўлдим», деган ўйда намозни чала тугатган киши то эсига тушгунча ёки танбеҳ берилгунга қадар гапирса намозига таъсир қилмайди. Зеро, мазкур ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулядайн билан, шунингдек, баъзи намозхонлар бир-бирлари билан гаплашишгани зикр қилинган.
5 – Ким намознинг бирон ракаатини унутиб тарк қилса, гарчи орадан узоқ вақт ўтган бўлса-да, билган заҳоти қолганини келган жойидан давом эттираверади. Шунингдек, намоздаги бирон ракаатнинг саждасини эсдан чиқариб бажармаса ва бу орада гапириш ва ҳоказо намозда тақиқланган амални қилган бўлса, ўша саждани қилиб, кейин саждаи саҳв қилади. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни салом билан якунлаб, одамлар билан гаплашгандан кейин сажда қилганлари айтилган.
6 – Жоҳил ва унутиб қўйган одам томонидан намоз амалларидан бўлмаган хатти-ҳаракатлар қанча кўп содир бўлса-да, намоз бузилмайди.
7 – Унутиб намоз амалларидан бирини кўп ёки оз қилган одам намозни тўлдириши, шайтоннинг бурнини ерга ишқаши учун саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади.
8 – Бир намознинг ичида бир қанча саждаи саҳвни вожиб қиладиган амаллар қилинса ҳам бир марта саждаи саҳв қилинади. Негаки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемаврид салом бердилар ва намозни тўлиқ ўқимадилар. Шунга қарамай бир марта саждаи саҳв қилиш билан чекландилар.
9 – Ким намозда бирон амални кам қилиб қўйса, саломдан кейин саждаи саҳв қилади. Бундан бошқа ҳолатларда  саломдан олдин саждаи саҳв қилади. Бу ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикри бўлиб, унга кўра, бу борада келган барча далиллар ўртаси мувофиқлашади. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, саждаи саҳв ҳар қандай ҳолатда саломдан кейин қилинади. Шофеий мазҳабига кўра, ҳар қандай ҳолатда саждаи саҳв саломдан олдин қилинади.
10 – Имом намозда бирон хатога ёки камчиликка йўл қўйса, муқтадийлар имомга намознинг ҳар қандай ҳолатида тобе бўлганлари боис бу муқтадийларнинг намозига ҳам таъсир қилади. Чунки имомнинг намозига етадиган ҳар қандай камчилик унинг ортида турган муқтадийлар намозига ҳам етади.
11 – Саждаи саҳв қилгандан кейин ташаҳҳуд ва саловат айтишга келсак, Ибн Таймия бу ҳақда шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саждаи саҳв қилгандан сўнг ташаҳҳуд ва саловатни ўқишга буюрганлари тўғрисида бирор сўзлари келмаган. Шунингдек, у зотнинг ўзлари саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд ва саловатни айтганлари ҳам саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлмаган. Пайғамбаримиз саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд ва саловатни ўқиганларида, албатта буни саҳобалар зикр қилган бўлишарди. Саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд ва саловат айтилади деган уламоларнинг таянган далили Имрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Лекин у заиф ҳадисдир”.

[1] Муслим: 571

[2] Бухорий: 401 ва Муслим 572

Изоҳ қолдиринг