Илоҳий суннатларга муносабат дастури (10)

0
  1. Илоҳий суннатларга муносабат дастури

  • Инсон илоҳий суннатларни идрок этишга қобилиятли қилиб яратилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни ер юзига халифа қилди ва унга курраи заминни обод қилиш вазифасини юклади. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга ердан фойдаланиш йўллари, унда кун кечириш воситаларини муҳайё қилди ва атрофидаги барча нарсаларни унга хизмат қилиш йўлида бўйсундириб қўйди. Яна уни теварак-атрофдаги нарсаларни идрок этишига ёрдам берадиган малака билан таъминлади ва уни бу нарсалардан фойдаланиш йўли сари етаклади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энг олий Зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг! У (барча нарсани) яратиб, (унинг табиатида мавжуд иш ва вазифаларни қулай бажариши учун) мувозанатли қилиб қўйган ва (барча мавжудотларга ўзига хос моддий ва маънавий имконият ва қобилиятлар) белгилаб, (бу имконият ва қобилиятларни ишга солиш ва вужуддаги ўз вазифасини адо этиши учун) ҳидоят қилиб қўйган, ўт-ўланни ундириб чиқариб, сўнг уни қорамтир хас-хашак қилиб қўйган зотдир» [Аъло: 1-5].

Аллоҳ таоло инсонга илм ва маърифат ҳосил қилиш воситаларини муҳайё қилди. Бу ўз ўрнида инсонни Аллоҳнинг буйруқларини қабул этиш ва тавсияларини ижро этиш учун яроқли қилди. Шу боис Қуръони Каримда ер юзида сайр қилиб, тафаккур қилиш, унинг турли тарафларига назар солиш ва инсониятнинг турлича ҳолатларидан ибрат ва панд-насиҳат олиш тўғрисида буйруқлар кўп учрайди.

Қолаверса, Аллоҳ таоло инсонни ҳақни таниш учун ҳам қобилиятли қилиб яратди ва бу қобилиятни инсониятга ато этган неъматларидан, Аллоҳ таолони таниш далилларидан бири санади. Аллоҳ таоло айтади: «Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) ҳақ (китоб) эканлиги аниқ маълум бўлиши учун Биз уларга атроф ўлкалардаги (ёхуд уфқлардаги) ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз.  Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани сизнинг ҳақ пайғамбар эканингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!» [Фуссилат: 53].

Курраи заминда сайр-саёҳат қилиш, ундаги турли воқеа-ҳодисалар тўғрисида тафаккур қилиш инсонни илоҳий суннатларни англаб етиш ва ундан фойланишга олиб боради. Инсон тафаккур назари билан ер юзини айланар экан ўтган халқ ва умматлар ҳалокатидан, уларнинг бошига тушган воқеалардан ва Аллоҳнинг улар устидан ҳукмрон бўлиб келган қонун-қоидаларидан ибрат олади.

Инсонга илоҳий суннатларни идрок этиш учун салоҳият берилишидан мақсад бу салоҳият унга илоҳий суннатлардан фойдаланиш ва керакли хулосалар чиқаришга ёрдам беришидир.

Бинобарин, илоҳий суннатларни тушуниш ундан фойдаланиш йўлидаги дастлабки одимдир. Маълумки, бирон нарсага ҳукм чиқариш учун инсонда аввало у ҳақда тасаввур пайдо бўлиши лозим. Илоҳий суннатлар борасида ҳам шундай: бу суннатларни англаш уни бўйсундириш учун дастлабки восита бўлса, уни идрок этиш бу суннатларни ишга солиш учун муҳим омилдир. Акс ҳолда, инсон ким бўлишидан қатъий назар моҳиятини билмаган, тубига етмаган нарсадан фойдаланиши амри маҳол. Шу боис мусулмонлар биринчи галда Аллоҳнинг дунё ҳаёти ва тириклар тўғрисидаги суннатларини англаб етишлари, сўнг ҳосил қилинган билим асосида бу суннатларга муносабатда бўлишлари лозим. Ҳозирги даврда кўпчилик мусулмонларда иймон ва ихлос бор-у, бироқ уларда дин ва Аллоҳнинг илоҳий суннатлари тўғрисида онг ва тушунча етишмайди. Демак, илоҳий суннатларни билиш, улар билан яқиндан танишиш шахслар, жамиятлар ва халқларга оид Аллоҳнинг илоҳий қонун-қоидаларига тўғри ва соғлом муносат дастурининг бирламчи шартидир.

Илоҳий суннатларга муносабат дастурини қуйидаги одимларда белгилаш мумкин:

1) Илоҳий суннатларга тўқнаш келмаслик

Илоҳий суннатларни чинакам идрок этиш инсонни унга тўқнаш келишдан сақлайди. Зотан, бу суннатлар табиатини идрок этган, уларнинг доимий, бешафқат ва ўзгармас қонун-қоидалар эканини билган киши унга тўқнаш келиши мумкин эмас.

2) Илоҳий суннатларни ишга солиш

Илоҳий суннатларни идрок этгач, унинг мазмун-моҳиятини англаб етгач, уларни бўйсундириш ва ишга солиш лозим. Бу илоҳий суннатлар табиатини билган инсоннинг вазифасидир. Чунки Аллоҳ таоло уни ер юзида халифа ва раҳнамо қилди. Демак, у бу халифалик ва раҳнамоликдан келиб чиқиб, Аллоҳ ато этган ақл ва онгни ишга солиб, илоҳий суннатлардан фойдаланиши ва уларни ишга солиши даркор. Ана ўшанда мудом ғалаба унга ёр бўлади, ер юзида ҳукмронлик қилиш унга насиб қилади.

Бугунги кунда ислом уммати илоҳий суннатлар тўғрисида тафаккур юритадиган, уларга қандай ёндашишни биладиган онг-идрокка жуда муҳтождир.

Зеро, уммат танасидаги кўплаб иллатлар Қуръони Карим мазмунини тўлиқ англамаслик, Аллоҳ биз бандалардан талаб қилган нарсани англамасдан узоқ давом этган ғафлат соясида пайдо бўлди ва урчиди. Биз бу соҳада оқсашимиз сабабли душманларимиз онгида ислом тўғрисида ёмон тасаввур пайдо бўлишига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Негаки, улар бизларнинг илм-фан тараққиёти, маданий ва маиший соҳадаги қолоқлигимиз билан динимиз ўртасида узвий боғликлик бор деб ўйлайдилар. Ислом дини тўғрисида бундай салбий кўз-қараш натижасида дин ёмонотлиқ бўлади. Аслида диннинг ёмонотлиқ бўлишига илоҳий суннатларни англаб етмаган биз мусулмонлар билиб-билмай «муносиб» ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Аллоҳнинг борлиқдаги қонун-қоидаларини англаган етган кишилар ғалаба қозониб, ўз мақсадларига етишган. Фиръавн оиласидан бўлган мўмин киши қавмининг эътиборини Аллоҳнинг борлиқдаги ва ўзларидаги суннатларига қаратиш орқали ўз мақсадига эришди. У сўзларини ниҳоятда аниқ ва қисқа баён қилар экан шундай деди: «Ҳаддан ошувчи,  шак келтирувчи бўлган кимсаларни Аллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр» [Ғофир:34]. Толут қўшинлари ҳам Аллоҳнинг суннатларини яхши англаган ва бу ҳақда шундай деган эдилар: «Қанчадан-қанча озчилик гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир». Улар Жолут ва унинг лашкарига кўринганларида айтдилар: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргил, қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устидан ғолиб қил!». Шундай қилиб Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолутни ўлдирди. Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик, пайғамбарлик ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам соҳибидир» [Бақара: 249-251].

Аллоҳ таолонинг инсонлар тўғрисидаги қонунлари ва суннатларини тушунган инсонлар халқлар ўртасида пешқадамликни қўлга киритишга қодир бўлганлар. Борлиқ ва башариятга тааллуқли бу суннатларни тушунган кимсалар ўз фикрларини ошкора айтган, тушунчаларини оммага изҳор қилган эканлар, ғалаба ва нусрат сари интилган ислом уммати албатта бу суннатларни англаб етиши, шунингдек, англаб етишга даъват этиши лозим. Токи мўминлар ғалаба қозониб, ер юзида ҳукмрон бўлишсин. Аллоҳ таоло айтади: «Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хохлаган кишини ғолиб қилур.  У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум: 4-5].

Изоҳ қолдиринг