Умавийлар давлати: Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси сабаблари, Муовиянинг бунга муносабати (2)

0

Давоми

б) Жамиятдаги ўзгаришлар ва янги авлод келиши

Жамиятда талайгина ўзгаришлар юз берди, янги бир авлод етишиб чиқди, улар саҳобалардан бошқа, саҳобалар яшаган даврни яшаб ўтмаган ва улар эга бўлган сифатларга эга бўлмаган авлод эди. Мусулмонларнинг илк авлоди иймон қуввати билан, ислом ақидаси негизини тўла ва чуқур англаши билан, нафсни Қуръон ва Суннатда мужассам бўлган ислом низомига бўйсундиришга тўла ҳозир экани билан ажралиб турарди. Аксарияти фатҳларда исломни қабул қилган кейинги авлод даврига келиб, бу хусусиятлар камроқ зоҳир бўла бошлади, уларда шахсий манфаатларга интилиш, қавм-қабилаларга таассуб қилиш кўринишлари зоҳир бўлди. Баъзилар жоҳилият қолдиқларидан тўла қутулиб кетмаганди, уларга саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида олган исломий тарбия етишмасди. Саҳобалар ўзларидан кейинги авлоддан кўра камроқ фитналарга дучор бўлгандилар. Нубувват асри йироқлашгани сари фирқаланиш ва ихтилофлар кучайиб борарди.

в) Умардан сўнг Усмоннинг келиши (розияллоҳу анҳум)

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кейин халифаликка келиши ва икковларининг табиатлари ҳар хиллиги ҳам халқларга муомалада услублари фарқли бўлишига олиб келди. Умар ўта қаттиққўл, ўзини ҳам, қўл остидагиларни ҳам аямаслиги билан танилган эди. Усмон эса юмшоқтабиат ва мулойим одам эди, ўзини ҳам, одамларни ҳам Умар ушлаганидек қаттиқ ушламас эди. У ўз-ўзига: “Аллоҳ Умарни раҳмат қилсин, Умарнинг кучи етган нарсага кимнинг ҳам кучи етарди?!”, деб қўярди.[1]

г) Катта саҳобаларнинг Мадинадан кетишлари

Умар розияллоҳу анҳу катта саҳобалар бўлмиш Қурайш муҳожирларини Мадинадан бошқа ўлкаларга кўчиб кетишларига изн бермас, сиёсат ва зарурат юзасидангина кетишларига изн берар эди. Сабаби, Умар розияллоҳу анҳу кибор саҳобаларнинг фатҳ қилинган диёрларда тарқалиб кетишларидан ва атрофларига одамлар йиғилиб, ҳар ким ўзи эргашган саҳобанинг фикрига таассуб  қилишларидан ва ихтилофлар ёйилишидан хавфсирарди. Усмон эса уларга бемалол чиқиб, истаган ерларига кетишларига изн берди.

д) Жоҳилий таассуб

Ислом давлати жангу жадалларда ғалаба қозониб, фатҳлар кетидан фатҳларда музаффар қадам ташлаб илгарилаб бораркан, араблар мамлакатларга эга бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бўлмаган ёш авлодлар ёки динга янги кирган кишилар ўзларининг бу юришлардаги иштирокларидан ва ғалабаларидан ғурурланиб, асосан муҳожир ва ансорларнинг ва Ҳижоз аҳлининг раҳбарлик ва раислик ўринларида туришларига ғайирликлари келиб, ўзларининг ҳам бунга муносибликлари ҳақида гап-сўзлар чиқара бошладилар. Жоҳилият томири уриб, ҳижозликларга ва хусусан қурайшликларга нисбатан ғиллу ғашлик ҳислари бўй кўрсата бошлади. Бу эса кўпроқ Усмон розияллоҳу анҳу даврларига тўғри келди. Унинг ўлкалардаги волийлари ҳақида турли айбу маломатларни изҳор қила бошладилар, уларга бўйсунмасликка ва уларни амалларидан бўшатишга чақириқлар янграй бошлади, уларни волийликка тайинлаган халифанинг ўзига ҳам қарши гап-сўзлар пайдо бўла бошлади. Унинг урушлардан келган ғаниматларни ва вақф ерларни ўз хоҳишига мувовиқ ўзи истаган кишиларга бўлиб бераётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқала бошлади.

е) Вараъ маъносини нотўғри тушуниш

Вараъ – парҳезкорлик шариатда яхши саналган хислат бўлиб, гуноҳдан сақланиш мақсадида гуноҳ бўлмаган нарсани ҳам тарк қилиш, демакдир. Бу маънодаги вараъ ҳар бир инсоннинг шахсий иши бўлиб, уни бошқалардан ҳам талаб қилиш тўғри бўлмайди. Энг хатарли вараъ мубоҳни ҳаром ё фарз қилиб оладиган жоҳилона вараъдир. Фитначи кимсалар айни шу нарсага тушдилар. Ислом душманлари уларнинг ҳис-туйғуларидан фойдаланиб, шишириб кўпиртирдилар. Усмон қилган баъзи мубоҳ ишларни исломга қарши чиқиш ва ўтганларнинг суннатини ўзгартириш деб баҳоладилар, жоҳиллар кўзида бу масалаларни шишириб, ваҳимали қилиб кўрсатдилар. Фитнани охир-оқибат рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қонини ҳалол қилишгача етказдилар. Ва мусулмонларга то бугунгача давом этиб келаётган фитна эшигини очиб бердилар[2].

ж) Умидвор янги авлод зуҳури

Кейинги авлод бўлмиш саҳобаларнинг фарзандлари ичидан ўзларини ҳукмронлик ва бошқарувга муносиб деб кўрадиган, бироқ мақсадларига эришиш учун олдиларида йўлни ёпиқ деб билган кишилар чиқди. Одатда ўз тамаъларига етишишга йўл тополмаётган кишилар ҳар қандай тартибсизлик ва ғавғолар келтириб чиқарувчи ҳаракатларга қўшилиб кетадилар[3].

з) Ичи қора ғаразгўй тоифанинг майдонга келиши

Ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб юрган мунофиқлар ичида ғоят ақлли ва маккор кимсалар бўлиб, улар мусулмонлар ичидаги заиф нуқталарни топиб, шу ердан фитна қўзғай олдилар ва ўзларига қулоқ соладиган одамларни топишга қодир бўлдилар. Маълумки,  Ислом давлатида яшаб турган яҳудлар, насоролар, форслар ва бошқаларнинг дилида ташқарига чиқишга йўл тополмай турган адоват ва нафратлари бор эди. Улардан ташқари, ўзлари қилган бирон жиноят учун таъзир ва жазога йўлиққан, шу туфайли халифага ва унинг баъзи вилоятлардаги волийларига қарши нафратли бўлиб қолган кишилар ҳам, хусусан Басра, Кўфа, Миср ва Мадинада уларнинг йўриғига юра бошлади. Жиноятчи кимсалар бу фурсатдан унумли фойдаланишга уриндилар. Натижада кўпчилиги бадавийлардан ташкил топган, динни яхши тушунмайдиган кишилардан иборат бир тоифа пайдо бўлди ва улар ўзларига қарши бўлган барчани ёмон одамлар (асҳоби шарр) деб атадилар. Манбаларда Усмонга қарши фитнанинг асосий назариётчиси, одамларни у зотга гиж-гижлаган киши Абдуллоҳ ибн Сабаъ Санъоний номли яҳудий кимса бўлгани айтилади. Асли яҳудлардан бўлган бу кимса исломни қабул қилганини эълон қилганди. Бу кимса шаҳарма шаҳар кезиб, мусулмонлар ичида Усмонга қарши нафрат ва адоватни шакллантиришга бош-қош бўлди.

и) Усмон розияллоҳу анҳуга қарши айбловларни авж олдириш учун қурилган пухта тадбир

Қоришиқ сабаб ва омиллар натижасида жамият миш-мишлар ва гап-сўзларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келиб қолди. Фитначилар амри маъруф ва наҳий мункар ниқоби остида амирларга қарши айбловларни ривожлантирдилар ва шу йўл билан одамларни ўз сафларига қўшишга муваффақ бўлдилар. Кейин айблов давлат бошлиғи сифатида тўғридан-тўғри Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши йўналтириб юборилди. Халифага қарши қўзғатилган айблов ва даъволарни кўздан кечирсак, уларни асосан беш мажмуага ажратиш мумкин:

  • Халифа бўлишидан илгариги шахсий ҳолатлари: айрим ғазотларда ва муҳим воқеаларда иштирок этмагани;

  • Давлат бошқарувида тутган сиёсати: қариндошларига мансаб бериши ва мансабга тайинлашда тутган йўли;

  • Молиявий сиёсати: қўли очиқлиги, қариндошларига саховат кўрсатгани;

  • Ўзига ёки уммат манфаатларига хос ижтиҳодлари: Минода намозни қаср қилмай ўқигани, Қуръонни мусҳафга жамлагани, масжидни кенгайтириши;

  • Баъзи саҳобаларга – Аммор, Абу Зар, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумга нисбатан муомаласи.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мазкур айбловларга муносабати ва уларга қилган жавоби унинг ҳаётига бағишлаб ёзилган китобимизда батафсил баён қилинган.

[1] “Тарихи Табарий” (5/418).
[2] “Аҳдос ва аҳодийс фитнатил ҳарж” (517-бет).
[3] “Ал-асосу фис-сунна” (4/1676).

Изоҳ қолдиринг