Мушук гўшти ҳалолми?

0

Савол:

Мушук гўшти ҳалолми, уни еса бўладими? Илтимос, шу масалани далиллари билан тушунтириб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Мушук гўштини ейиш жоиз эмас. Бунга Абу Саълаба Хушаний розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис далил бўлади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай қозиқ тишли йиртқич ҳайвонлар (ни ейиш ва уларни олиб-сотиш)дан қайтардилар[Бухорий: 5101 ва Муслим: 3571].

Маълумки, мушук қозиқ тишлари ва панжалари ёрдамида ов қилади. Бинобарин, мушук ҳадисда қайтарилган қозиқ тишли йиртқич ҳайвонлар қаторига киради.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аксар уламоларнинг фикрига кўра, ўлжасига қозиқ тишлари билан ҳужум қилиб, у билан ўлжасининг суякларини синдиришга қодир ҳар бир йиртқич ҳайвонлар ҳаромдир. Аммо бундан сиртлон мустаснодир. Молик, Шофеий, Абу Савр, муҳаддис уламолар, Абу Ҳанифа ва унинг издошлари мазкур фикрни билдирган уламолар жумласидан[“Муғний”, 9/326].

Саудия доимий фатво қўмитасига шундай савол йўлланган эди: “Мушук гўштини ейиш ҳаромми ё макруҳми?”.

Қўмитанинг жавоби қуйидагича бўлди:

Мушук гўштини ейиш ҳаром. Негаки, мушук қозиқ тишли йиртқич ҳайвон бўлиб, Пайғамбаримиз уларни ейишдан қайтарганлар. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай қозиқ тишли йиртқич ҳайвондан ва ҳар қандай чангалли йиртқич қушдан қайтардилар[Шайх Абдулазиз ибн Боз, шайх Абдураззоқ Афифий ва шайх Абдуллоҳ Ғудайён]. Валлоҳу аълам.

Имом Абу Довуд (3807) ва Термизий (1326) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушукни ейишдан ва унинг пулидан (олиб-сотишдан) қайтардилар”. Аммо бу ҳадисни кўпчилик уламолар заиф дейишган. Мазкур ҳадис изоҳида “Авнул маъбуд” китобининг муаллифи шундай деган: “Ушбу ҳадис мушук ҳаромлигига далолат қилади. Ҳадис зоҳиридан бу борада уй мушуги билан ёввойи мушук ўртасида фарқ йўқлигини тушиниш мумкин. Қолаверса, мушук қозиқ тишли ҳайвонлардан ҳисобланиши унинг ҳаромлигини янада қўллаб-қувватлайди”  [“Авнул маъбуд”, 9/734].

Фатво IslamQA веб саҳифаси маълумотига биноан ёзилди.

Илова: Мушукни олиб-сотиш ҳукми ҳақида батафсил маълумот олиш учун қуйидаги мақоламизга мурожаат қилинг: http://ixlos.org/?p=5936

Изоҳ қолдиринг