Аббосийлар давлати: Амирликлар

0

Ислом давлати ичида мустақил амирликлар пайдо бўлди. Аслида, уларнинг дастлаб пайдо бўлиши сал илгарироқ вақтларга тўғри келади. Кўплари аббосийлар давлати янги ташкил топган даврлардан бошлаб, аниқроқ айтганда, ҳижрий 140 йили хаворижлар давлати ва бундан ҳам илгарироқ Андалус амирлиги пайдо бўлган эди. Бироқ, аббосийлар бу амирликлар ё давлатларни ушбу минтақаларда бош кўтарган исён ҳаракатлари сифатида кўришар ва уларга барҳам беришга ҳаракат қилишарди. Лекин кейинроқ аббосийлар уларни ўз ҳолига ташлаб қўйди ва улар мустақил амирликларга айланди. Ҳатто, Андалус кейинроқ ўзини халифалик деб эълон қилди ва ер юзида иккита халифалик пайдо бўлди. Бу эса ношаръий иш бўлиб, бир вақтда бирдан ортиқ халифа бўлиши дуруст эмас эди. Арфажа ибн Шурайҳ айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб, бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!”[1].

Тоҳартда[2] рустамийлар давлати

Унинг асосчиси Абдураҳмон ибн Рустам 171 йили, яъни Ҳорун Рашид халифалигининг илк йилларида вафот этди. Ундан сўнг ўғли Абдулваҳҳоб ибн Абдураҳмон бошқарувни қўлга олди ва унинг ҳукмронлиги то Рашид давридан кейингача ҳам давом этди. У Рашид тарафидан қўйилган Африка волийси Равҳ ибн Ҳотим ибн Қубайса ибн Муҳаллаб ибн Абу Суфра ал-Муҳаллабий билан тинчлик битими тузди. Бу волий Африкага акаси Язиднинг вафотидан сўнг 170 йили охирларида келган ва жияни Довуд ибн Язиддан сўнг унинг ишини бошқарган. Равҳ ибн Ҳотим 174 йили вафот этди, сўнг ўғли Фазл унинг ўрнига ўтирди. Бироқ, Африкада кўтарилган қўзғолон Фазлни волийликдан ағдариб ташлади. Шундан сўнг Қайрувонга Ҳарсама ибн Аъян волий бўлди. Африка қўзғолони Оли Муҳаллаб династиясини минтақадан қувиб чиқарди. Абдулваҳҳоб ибн Абдураҳмон аббосийларнинг Қайрувондаги волийлари билан сулҳ битимига эришди.

Абдулваҳҳоб ибн Абдураҳмон ҳокимликка ворислик йўли билан эришилмаслигини, балки ҳоким “аҳли ҳал вал ақд” (мусулмонлар номидан қарор қабул қилишга ваколатли масъул шахслар) тарафидан тайинланишини айтадиган ибозий мазҳабига ихтилоф қилгани учун қаршиликларга дуч келди. Чунки ўзидан кўра афзалроқ ва илмлироқ кишилар бўла туриб, у ҳукмдорликни отасидан қабул қилиб олган эди. Шунинг учун Язид ибн Фандин бошчилигида унга қарши қўзғолон кўтарилди. Бу ҳаракат “нуккорлар” (инкор этувчилар) деб ном олди. Икки тараф ўртасида тўқнашув содир бўлиб, Ибн Фандиннинг қўли баланд келди. Сўнг Абдулваҳҳоб сулҳга ва аҳли илмнинг фикрини қабул қилишга чақирди. Баъзи аҳли илмлар унинг фойдасига, баъзилари бунинг фойдасига фатво бердилар ва яна уруш янгидан бошланиб кетди. Охир-оқибат Абдулваҳҳоб ғалаба қозониб, Ибн Фандин ўлдирилди ва жамоати қочиб, баъзилари минтақадан узоққа чиқиб кетди, баъзилари яқинроқдан паноҳ топди. Улар ўртасидаги зиддият Ҳорун Рашид хилофати даври мобайнида давом этди.

Сижилмосадаги Бану Мидрор давлати

Сижилмосадаги[3] суфрий хаворижлар давлати асосчиси Абулқосим Самку ҳижрий 168 йили вафот этиб, ўрнига ўғли Илёс ибн Абулқосим ўтирди. У Абулвазир номи билан танилди ва ҳукмдорлиги 174 йилгача давом этди. Ундан кейин ўрнига укаси Алясаъ ибн Абулқосим амир бўлди ва 208 йилгача давлат бошида қолди. У Абулмансур номи билан танилди. Ибозийлар унинг ҳукмронлиги даврида Диръа водийсида қўзғолон кўтардилар, лекин у уларнинг қўзғолонини бостирди.

Ибозийлар каби суфрийлар ҳам Қайрувондаги аббосий волийлар билан ҳам сулҳ битимига эришдилар.

Андалусдаги умавийлар

Абдураҳмон Дохил ҳижрий 138-172 йиллар Андалусда ҳукм юритди, яъни унинг ҳукмронлигининг охирги икки йили Ҳорун Рашид халифалиги даврига тўғри келди. Вафот этгач, ўрнига ўғли Ҳишом Ризо ўтирди. У Андалусни 172-180 йиллар мобайнида саккиз йил бошқарди. У билан акаси Сулаймон ўртасида ихтилоф чиқди. Сулаймон Тулайтила[4]да ўзи учун байъат олган эди. Кейин у Ҳишомдан мағлуб бўлиб, Мағриб[5]га сургун қилинди. Ҳишом ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб олганидан кейин шимолдаги насороларга қарши урушга юзланди ва уларга қарши қўшинлар юборди. Шунингдек, у Франция жанубидаги Септиманияга ҳам қўшин юборди.

Ундан сўнг ўрнига ўғли Ҳакам Рабзий тахтга чиқди, унинг ҳукронлиги 206 йилгача давом этди. Амакилари Сулаймон ва Абдуллоҳ у билан тахт талашдилар. Сулаймон Танжа[6]да эди. У  ҳижрий 184 йили ёлланма аскарлар кучи билан Андалусга ўтди. Лекин жангда мағлубиятга учраб, ўлдирилди. Иккинчи амакиси Абдуллоҳ Ўрта Мағрибдаги Тоҳарт шаҳрида ибозий хаворижлар ёнида эди. У ҳам Андалусга ўтди, бироқ у ҳам мағлубиятга учради. Жияни Ҳакам уни афв этди ва уни Балансияда[7] яшашга маҳкум этди, унга катта миқдорда йиллик нафақа белгилади.

Ҳакам Рабзийга қарши иккита катта исён ҳаракати бўлиб ўтди. Биринчиси Тулайтилада бўлди ва у уни ҳийла билан даф этди. Яъни, у ерга Амрус ибн Юсуфни волий қилди. У ўзини Ҳакамни ёмон кўрадигандек кўрсатарди. Бир куни у шаҳарнинг киборларини қалъага зиёфат баҳонасида чақиртириб, улардан халос бўлди. Бу воқеа ҳижрий 181 йили бўлди.

Иккинчи исён ҳаракати эса пойтахт Қуртубада[8] бўлиб, Рабз маҳалласи аҳли бир аскар билан чиққан жанжал туфайли ҳокимнинг қасрини қамал қилди. У Рабз маҳалласига бир кимсани махфий юбориб, маҳаллага ўт қўйдирди. Шундан сўнг қамал қилиб турган маҳалла аҳли ўтни ўчириш учун уйларига қайтиб кетишга мажбур бўлди. Қўзғолонга барҳам берилгач, амир Ҳакам Рабз маҳалласини бутунлай текислаб ташлаб, ўрнини экин майдонига айлантиришни буюрди. Маҳалла аҳлидан бир қисми Андалусни ташлаб кетишга мажбур бўлди, баъзилари Мағрибга йўл олди ва ўша ерда идрисийлар ёнида ва барбарлар орасида қарор топди. Баъзилари денгиз йўли орқали Искандарияга бориб, ўша ерда ўрнашди.

 

[1] Имом Муслим ривояти (1852).
[2] Ҳозирда Жазоир шимолидаги шаҳар
[3] Сижилмоса – Мағриб жанубида Суданга яқин жойда жойлашган шаҳар
[4] Тулайтила – ҳозирда Испанияга қарашли Толедо шаҳри
[5] Мағриб – Марокко ёки Марокаш давлатининг арабча аталиши
[6] Танжа – Марокко (Марокаш)га қарашли Танжер шаҳри
[7] Балансия – ҳозирда Испанияга қарашли Валенсия шаҳри
[8] Қуртуба – ҳозирда Испанияга қарашли Кордоба шаҳри

Изоҳ қолдиринг