Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Сиддиқ даврида қозилик ва ҳукм чиқариш ишлари

0

Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даври Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига ўта яқин ва унга уланиб кетган давр бўлгани учун рошидинлар даврининг бошланиши деб эътибор қилинади. Рошидлар замонида бошқа барча ишлар қатори қозиликка оид ишлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қандай юритилган бўлса, шу ҳолида давом этди, у зотнинг даврларида собит бўлган барча нарсаларга тўла ва мукаммал риоя этилди, уларни тўлалигича ҳаётга татбиқ этилди.

Рошидлар даврида қозиликка доир ишларда асосан икки жиҳатга эътибор қаратилганди:

а) Қозилик ва ҳукм чиқариш ишларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги нусуслар (оят-ҳадис асосидаги далиллар)га қатъий амал қилиш ва фақат ўшаларга чекланиш ва уларни лозим тутишда давом этиш;

б) Кенгайиб бораётган ислом давлати устунларини мустаҳкамлаш учун ва янги чиқиб келаётган муаммоларга ечим топиш учун қозиликка оид янги тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш[1].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу қозилик вазифасини ҳам ўзи адо этарди, унинг даврида қазо ишини бошқариш умумий бошқарувдан ажралмаган эди. Алоҳида қозилик мансаби тайин қилинмаган эди, бу борада иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлганидек эди. Чунки одамлар нубувват замонидан узоқ бўлмаган даврда бўлиб, тўлалигича ислом йўлида юришар ва ҳаётлари ислом шариати асосига қурилган эди. Улар ўртасида хусуматлар деярли содир бўлмасди. Мадинада Абу Бакр розияллоҳу анҳу қозиликка доир баъзи ишларда кўпроқ Умар розияллоҳу анҳунинг ёрдамидан фойдаланарди, лекин бу Умарга қозилик лавозими берилганини англатмасди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган аксар волий ва қозиларни ўз ишларида қолдирган, улар унинг даврида ҳам волийлик ва қозилик ишларини олиб боришарди.

Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида қозилик ва ҳукм чиқаришдаги асосий манбалар қуйидагилар эди:

Биринчи: Қуръони Карим.

Иккинчи: Суннати набавия.

Учинчи: Илм ва фатво аҳли маслаҳатлари асосида қилинган ижмо.

Тўртинчи: Ижтиҳод ва рай. Бу эса китоб, суннат ва ижмодан ҳукм топилмаган вақтда эди[2].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳукм чиқариши керак бўлган ҳолатларда дастлаб Аллоҳ таолонинг китобига қарарди, масаланинг жавобини топса шу билан ҳукм қиларди. Агар Аллоҳнинг китобида тополмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига қарарди, унда жавоб топса шу билан ҳукм қиларди. Суннатдан жавоб топишга қийналса, одамлардан: “Сизлар шу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай ҳукм қилганларини биласизларми?” деб сўрарди. Кўпинча саҳобалар: “У зот бу ҳақда шундай-шундай ҳукм қилганлар”, деб айтишарди. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукми билан ҳукм қиларди, “Орамизда Пайғамбаримиз ҳукмларини ёдда сақлаган кишиларни бор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб хурсанд бўларди. Бунинг имкони бўлмаганда эса катта саҳобаларни ва олимларни чорлаб, улар билан маслаҳатлашарди, бир фикрга келишсалар, шу билан ҳукм қиларди[3].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу агар шўро аҳлининг фикрлари бир ишга иттифоқ қилса, албатта шўро ҳукмини ўзига лозим тутарди, чунки шўро аҳлига хилоф қилиш имомга жоиз эмас, деб биларди.

Хабарларни яхшилаб текшириб, кейин қабул қиларди. Қабиса ибн Зуайб айтади: Бир момо (буви) Абу Бакр ҳузурига меросини ҳал қилиб беришини сўраб келганида у: “Мен сизга (яъни бувилар мероси ҳақида) Аллоҳнинг китобида бирор ҳукм тополмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сиз учун бирон нарса деганларини билмадим”, деди. Кейин одамлардан сўраб кўрди. Муғийра ўрнидан туриб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам момога олтидан бир улуш берганларига гувоҳ бўлганман”, деди. Абу Бакр: “Яна бирон киши борми бунга гувоҳлик берадиган?”, деб сўради. Ибн Маслама ҳам бу ҳақда гувоҳлик берди. Шундан сўнг Абу Бакр момога мерос беришга ҳукм қилди[4].

Унинг фикрига кўра, қози ўзи билган шахсий маълумоти бўйича ҳукм қилмаслиги, қачонки бошқа бир шоҳид ҳам унинг маълумотини қувватласа, шундагина ҳукм қилиши лозим эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шундай дегани ривоят қилинган: “Агар бир кишини ҳад (жазо) қўлланиши лозим бўлган жиноят устида кўрсам ҳам, то унга қарши ҳужжат қойим бўлмагунича ё мен билан бирга бошқа бир шоҳид бўлмагунича унга жазо бермайман” [5].

Қуйида Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида чиқарилган ҳукмлардан баъзи намуналар келтирамиз:

Отанинг нафақаси фарзанд зиммасида:

Қайс бин Ҳозим айтади: Абу Бакр Сиддиқ ҳузурида эдим, бир киши унга шикоят қилди: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифаси, мана бу (отам) менинг ҳамма молимни олиб қўймоқчи бўляпти”. Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига: “Сен унинг молидан фақат ўзингга етарли миқдорни олишинг мумкин”, деди. У: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифаси, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ҳам, молинг ҳам отангники”, демаганмилар?!”, деди. Абу Бакр унга: “Аллоҳ рози бўлган нарсага рози бўл”, деди. Яъни, бу билан нафақани назарда тутди[6].

Ўзини ҳимоя қилганга жазо йўқ:

Мулайка бобосидан ривоят қилади: Бир киши бировнинг қўлини тишлаб олганида у унинг тишини синдирди. Абу Бакр унинг қасосини бекор қилди.[7]

Дарра жазоси:

Имом Молик Нофеъдан ривоят қилади: Сафия бинти Абу Убайд унга хабар беришича, бир жория қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйган бир кишини Абу Бакр ҳузурига келтирилди. У зино қилганини эътироф этди, муҳсон (оилали) эмас экан, Абу Бакр унга дарралаш жазосини қўллади, сўнг уни Фадакка сургун қилди[8].

Бир ривоятда: Жорияни дарралатмади, сургун ҳам қилмади, чунки у бу ишга (зинога) розилик бермаганди[9].

Ажрашган аёл то турмушга чиқмагунича боласига ҳақли:

Умар ибн Хаттоб ансория хотинини – Осим исмли ўғлининг онасини – талоқ қилганди. Бир куни у хотинни Муҳассир деган жойда боласини кўтариб кетаётган ҳолда учратди. Бола сутдан айрилиб, ўзи юрадиган ёшда эди. Умар ўғлининг қўлидан тутиб, ўзи билан олиб кетмоқчи бўлди. Хотин болани ўзига тортди ва боланинг қўли оғриб, йиғлади. Умар: “Унга сендан кўра мен ҳақлироқман”, деди. Кейин улар ҳукм сўраб Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига бордилар. Абу Бакр болани онасига ҳукм қилди ва: “Бола то улғайиб ўзи танламагунича онасининг иси, қучоғи ва тўшаги унга сендан кўра яхшироқ”, деди[10]. Бир ривоятда: “У меҳрибонроқ, раҳмлироқ, шафқатлироқ, то турмушга чиқмагунича боласига у ҳақлироқ”, деди[11].

[1] Зуҳайлий, “Тарихул қазо фил-ислам” (83-бет).
[2] “Вақоеъ надватин нузумил исломия” (1/390).
[3] Қалъачи, «Мавсуату фиқҳи Аби Бакр Сиддиқ” (155-бет).
[4] Заҳабий, “Тазкиратул ҳуффоз” (1/2).
[5] Д. Субҳий, “Туросул хулафоир рошидин” (186-бет).
[6] “Сунани кубро” (7/481). Зуҳайлийнинг “Тарихул қазо” китобилан нақл қилинди (136-бет). Санади ўта заиф.
[7] Зуҳайлий, “Тарихул қазо” (137-бет).
[8] “Муватто” (848).
[9] Абдураззоқ, “Мусаннаф” (12796).
[10] Абдураззоқ, “Мусаннаф” (7/54, 12601-ҳадис).
[11] Абдураззоқ, “Мусаннаф” (7/54, 12600-ҳадис).

Изоҳ қолдиринг