Муфассирлар: Ибн Касир (3) Одоб-ахлоқи ва адолатпарварлиги:

0

Дарҳақиқат, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ юксак одоб-ахлоқ ва буюк хислатлар соҳиби эди. Уни барча инсонлар – устозлари-ю шогирдлари, яқиндан таниган одамлару бегоналар – ўта ҳурмат қилишар эди. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ёзган китобларига назар солган, шунингдек, замондош уламоларга нисбатан муносабатидан хабардор бўлган одам бунга яққол гувоҳ бўлади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг гўзал хислатлари ва юксак одоб-ахлоқига далолат қиладиган воқеа ва ҳодисаларни зикр қиладиган бўлсак, бир неча жилд китоб битишга тўғри келади. Ушбу қисқа мақоламизда улардан айримларини келтирамиз.

Маълумки, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ билан бир замонда яшаб ўтган аллома қози Тақиюддин Субкий билан Ибн Касирнинг устози Ибн Таймия ўртасида бир қанча диний масалаларда турли келишмовчиликлар юз берган. Ҳатто, Субкий роҳимаҳуллоҳ Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳни кофир дейишгача борган. Лекин Ибн Касирнинг устози Ибн Таймияга бўлган муҳаббати ва уни ҳар қачон ҳимоя қилишга тайёрлиги Субкийга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишга олиб бормади. Бунинг яққол далили сифатида ҳижрий 743 йилда одамларнинг қози Субкийга қилган туҳматида Ибн Касирнинг Субкий ҳақида инсоф билан гапирганини кўришимиз мумкин. Қуйида ушбу фитна ҳақида қисқача маълумот берамиз:

Одамлар қози Субкийга етимларнинг молига тажовуз қилиб, уни амир Олтинбуғо ва Фахрийга ноҳақ йўл билан олиб берган деган айбловларни қўйишади ва унга жазо қўллашларини сўраб бир қанча муфтийлардан фатво олишга ҳаракат қилишади. Жумладан, Ибн Касирдан ҳам шуни қўллайдиган фатво беришини сўрашади. Аммо Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бундай фатво беришдан бош тортади. Ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Қозил-қузот (бош қози) Субкийга қўйилган айбларни муҳокама қилиш учун ташкил қилинган мажлисда иккита баённома ёзилади: бири унинг фойдасига бўлса, иккинчиси унинг зиёнига”. Субкийнинг фойдасига ёзилган баённома ҳақида сўзлаб шундай дейди: “Ушбу баённомада турли мазҳабларга мансуб бир қанча уламолар Субкийни мақтаб ёзган сўзлари бор эди. Шулар орасида менинг: “Мен Субкийни ҳеч ёмон амал қилганини кўрмаганман”, деган сўзим ҳам мавжуд[1]. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Субкий ва унга қарши даъво очганлар ўртасини ислоҳ қилишга чақирганлардан бири эди.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳатто ғайридинларга ҳам адолатли ва яхши муносабатда бўлиб, уларга зулм қилинишига индамай турмас эди. Бунинг далилини қуйидаги воқеада кўришимиз мумкин.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ фарангларнинг Искандария шаҳрида қилган хиёнати, у ерда содир этган жиноят ва бузғунчиликларидан кейин ҳижрий 767 йилда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўзлаб шундай дейди: “Миср ўлкасидан (шом диёри) ҳокимига фармони олий келади. Унга кўра, шомдаги барча насоролар зудлик билан қўлга олиниб, мол-мулкларининг тўртдан бирини (қилган бузғунчиликлари сабабли) Искандарияда хароб бўлган биноларни таъмирлаш ва фарангларга қарши жангга уловлар ҳозирлаш учун олиниши керак эди. Натижада, насоролар ўта хўрланди, уйма-уй юриб мол-мулклари талан-тарож қилинди ва ўлимга маҳкум қилинишларидан хавотирга тушишди. Нима сабабдан бошларига бу кўргуликлар тушганини билмай қолишди. (Имкон топганлари Шом диёридан) қочиб кетди. Дарҳақиқат, бу иш шариатга зиддир, уни шаръий ечим деб ҳисоблаш нотўғри. Сафар ойининг ўн олтинчи шанба куни ҳоким билан учрашиш учун яшил майдонга (стадионига) чақирилдим. Биз ҳоким билан ўша куни асрдан сўнг тўп ўйинидан кейин учрашдик. Ҳоким фаҳм-фаросатли, хушмуомала, кенг феълли инсон эди. Мени ўзига яқин олганини кўргач, унга дедим: “Насороларга нисбатан бундай йўл тутиш нотўғри”. Ҳоким баъзи Миср уламолари Амирга шундай фатво берганини айтди. Мен дедим: “Шариатимиз бу каби ишларга рухсат бермаган. Бундай деб фатво беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Модомики, насоролар аҳдларига вафо қилиб, зиммаларидаги жизяни мусулмонлардан қуйи табақа эканларини эътироф қилган ҳолда берар эканлар, шариатимизда уларга берилган ҳақ-ҳуқуларга риоя қилинади. Улардан зиммаларидаги жизядан ташқари бир дирҳам олиниши ҳам жоиз эмас. Албатта, бу сўзлар Амирга сир эмас[2].

Шайх Аҳмад Шокир роҳимаҳуллоҳ Ибн Касирнинг мазкур одилона муносабати ҳақида фикр билдириб, шундай дейди: “Соф шариатимиз қўйган ҳад-ҳудудларда тўхтаб, ҳақ динимиз таълим берган адолат мезони билан фикр юритган ушбу буюк имомга қаранг. У насороларнинг мусулмонларга қилган зулм ва тажовузларини эшитиб қалби қандай қийналган бўлса, ҳаддидан ошган амирлар томонидан насороларга қилинган зулм ва тажовуздан ҳам қалби худди шундай қийналди. Ҳолбуки, насороларнинг (фаранглар) қилмиши олдида амирларнинг (зиммий) насороларга қилган зулми ҳеч нарса бўлмай қолади. Лекин Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ адолатсизликка ҳечам рози бўлмас эди. Турли ҳис-туйғулар ва ҳавои хоҳишлар таъсир ўтказмайдиган, ҳамиша ҳақда собит турадиган бундай буюк мустақил ақл Ибн Касирнинг мартабасини одамлар орасида шу даражада юксалтирдики, унга хайрихоҳлару мухолифлар ишонадиган бўлиб қолди”[3].

 

[1] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/316
[2] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/314-315
[3] “Умдатут-тафсир”, 1/32-33

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг