Ботинийлар: йўлдан оздириш усуллари

0

Мунофиқликни, ёлғончилик ва алдоқчиликни муқаддас деб билиш ботинийлик динининг асосларидан бири саналади. Ботинийликка кўра, бу динга даъват қиладиган ботиний даъватчи тўққиз босқич асосида иш юритиши лозим. У босқичларнинг хулосаси шуки, даъватчи тингловчига  ўзини унинг асл мазҳаби ёхуд динига бутунлай мувофиқ қилиб, ҳатто бу масалада ўзини ундан ҳам қизиқувчан қилиб кўрсатади. Масалан, агар қаршисидаги инсон шиа бўлса, у ҳам ўзини шиа қилиб кўрсатади. Агар тингловчиси фосиқ бўлса, даъватчи уни ҳаёт ўткинчилигини, инсон дунёда роҳатланиб қолиши кераклигини айтиб аврайди. Агар ибодатгўй бўлса, даъватчи уни зоҳидликка, дунёга берилмасликка даъват қилади. Тингловчи яҳудий бўлса, унга яҳудийликни тўғри деб, аслида шанба улуғ кун эканини айтиб, насронийларни ҳам, мусулмонларни ҳам ёмонлаб гап бошлайди. Агар у мажусий (оташпараст) бўлса, оловнинг муқаддаслиги, қуёш ва ёруғликнинг улуғлиги каби мажусийлик фикрларини тасдиқлайди. Насронийни даъват қиладиган даъватчилар эса яҳудийларни ҳам, мусулмонларни ҳам маломат қилиб, аслида ота, ўғил ва муқаддас руҳ эътиқоди ҳақ эканини айтади. Агар даъватчи қаршисидаги инсон файласуф бўлса, кўр кўрни қоронғуда топган бўлади. Чунки файласуфлар ҳам, ботинийлар ҳам “шариат кўрсатмаларининг ички ва ташқи маъноси бор” деган тушунчада ҳамфикрлар. Шунинг учун файласуфларни ботинийликка даъват қилиш жуда ҳам қулай кечади. Зеро, ҳар иккиси ҳам оламни азалий дейди, қайта тирилишни инкор қилади, мўъжизаларни тан олмайди. Хулоса шуки, ботинийлик динининг даъватчиси доим даъват қилаётган кишисининг дини ва мазҳабига қараб тусланади. Бунинг ортидан кўзланган мақсад эса маълум: уни ўз динидан чиқариб, ботинийлик динига киритишдир.

Ботинийлар инсонларни ўз динларига даъват қилишда тутган йўллари ва ишлатган ҳийлалари ниҳоятда кучли. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам қаршиларидаги инсоннинг қалбига йўл топиб, уни секин-аста ўзларининг куфр ботқоқларига чўктирадилар. Қуйида улар инсонларни йўлдан уриш учун ишлатган босқичлар, аниқроғи, ҳийлаларга бирма-бир тўхталиб, қисқача ёритиб ўтамиз. Токи умматимиз бу бадбахтларнинг ёлғонига иккинчи бор алданмасинлар. Зеро, кўр ҳассасини бир марта йўқотади.

Биринчи ҳийла – фаросат

Фаросат ҳийласи деганда ботинийликка даъват қилаётган кишининг заковатли ва фаросатли бўлиши назарда тутилади. Чунки у қаршисидаги киши ботинийликни қабул қилиши эҳтимоли бор ёки йўқлигини ажрата олиши керак. Шунингдек, у шариат кўрсатмаларини яхши билиши, бу кўрсатмаларни зоҳирий маънодан ботиний маънога бура олиши ҳамда қаршисидаги кишига тескари фикр билдириб қўймаслиги, унинг ботинийликка мойил бўлганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг секинлик билан ва мазкур насиҳатларга асосан даъват қилиши керак. Бу эса жуда кучли фаросат талаб қилади.

Иккинчи ҳийла – улфатлашиш

Улфатлашиш деганда ботинийлик динига даъват қилишда даъват қилинаётган шахсни фақатгина ширин сўзлар, оят-ҳадислар ёхуд шеърлар билан эмас, балки керак бўлса ваъз-насиҳат билан, керак бўлса кунлик воқеа ва ҳодисалар билан, хуллас ўртада муҳаббат пайдо қилиши умид қилинган ҳар қандай восита ёрдамида улфат қилиш лозим.

Учинчи ҳийла – шубҳа уйғотиш

Шубҳа уйғотиш деганда даъватчи тингловчидан баъзи бир у билмайдиган масалаларни сўраб, унда шу саволларнинг шариат борасида шубҳа пайдо қилиши назарда тутилади. Улар муташобеҳ оятлар ёхуд баъзи фиқҳий масалаларга урғу берадилар. Масалан, “нега маний чиққанда ғусл қилинади-ю, бавл ва ахлат чиқса таҳорат қилинади, ваҳоланки сийдик ва ахлат манийдан ҳам оғир нажосатку?!” ёки “нега ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди, ахир бу икки амал ҳам теппа тенг фарзку?!” ёки “нега жаннатнинг эшиги саккизта, жаҳаннамники еттида” каби оми халқ жавоб бера олмайдиган саволларни қўзғашади. Чунки улар асосан оми халқни даъват қиладилар. Шунинг учун бу ҳийла ботинийлар даъватида муҳим рол ўйнайди. Қолаверса, баъзи амаллар шунчаки ибодат деб қилинади, унинг ортидан кўзланган ҳикмат бизга қоронғу бўлиши мумкин. Шу тариқа улар тингловчи билмайдиган масалаларни кўтариб, бу масалаларнинг жуда ҳам муҳим эканини, тингловчи жавоб бера олмаган ҳар бир масаланинг аслида тўлиқ жавоби бор эканини, бироқ бу жавобни ботинийларнинг яширин имомларигина билишини таъкидлайдилар.

Тўртинчи ҳийла – куттириш

Мазкур саволлар билан даъватчи тингловчининг бошини қотирганидан сўнг тингловчи ундан бу саволларнинг жавобини сўраса, ич-ичидан шу саволларга жавоб топишга интила бошласа улар: “Сен бу жавобларни ҳеч кимга айтмасликка қасам ичмасанг, сенга айтолмаймиз” – дейишади. Агар тингловчи бу саволларнинг жавобини ҳеч кимга айтмасликка рози бўлса, бешинчи ҳийла, яъни боғлаш ҳийласига ўтадилар. Боғлаш ҳийласи ва ундан кейинги босқичдаги ҳийлалар ҳақида келгуси мақоламизда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг