Жаннатга баъзи ҳайвонлар ҳам кирадими?

0

Савол:

Баъзи ҳайвонлар ҳам жаннатга киради, деб эшитдим. Шу тўғрими? Агар тўғри бўлса, улар қайси ҳайвонлар?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Саволда дунёдаги баъзи ҳайвонлар жаннатга кириши назарда тутилган бўлса, унда жавоб қуйидагича: “Ғамзу уюнил басоир” китобида (4\131) шундай дейилган: “Муқотил роҳимаҳуллоҳ дейди: “Ўнта ҳайвон жаннатга киради. Улар Муҳаммад ва Солиҳ алайҳимоссаломнинг туялари, Иброҳим алайҳиссаломнинг бузоғи, Исмоил алайҳиссаломнинг қўйи, Мусо алайҳиссаломнинг сигири, Юнус алайҳиссаломнинг кити, Узайр алайҳиссаломнинг эшаги, Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси, Билқиснинг попишаги, асҳоби каҳфнинг ити. Бу ҳайвонларнинг барчаси қайта тирилади”. Ушбу ривоят “Мишкотул анвор” ва “Руҳул баён” китобларида (5\226) келтирилган. Бироқ биз биламизки, ғайб ишлари, жумладан қайси ҳайвонлар жаннатга кириши ақл билан излаб топиладиган масала эмас. Мазкур ҳайвонлар жаннатга кириши ҳақида на бирон оят ва на бирон саҳиҳ ҳадис бор. Бинобарин, биз бу ҳайвонлар жаннатга киради, деб эътиқод қилмаймиз. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бу ҳайвонлар жаннатга кириши ёки кирмаслиги муҳим ва биз билишимиз шарт бўлган масала эмас. Шундай экан, бу каби аҳамиятсиз масалалар ҳақида изланиш ўрнига динимиз, охиратимиз учун муҳим масалалар ҳақида изланганимиз афзал.

Агар саволда жаннатда инсонларга хизмат қиладиган ёхуд жаннат аҳлига нозу неъмат бўладиган ҳайвонлар бўлиши назарда тутилган бўлса, оятларда жаннат аҳлига қушларнинг гўшти ва умуман гўштлар берилиши айтилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Уларга ўзлари хоҳлаган парранда гўштлари ҳам (берилади)” – деган (Воқеа: 21). Ҳадисларда эса жаннат аҳли жаннатга кирганларида у ерда ўтлаб семирган ҳўкиз сўйиб берилиши айтилган. Бир яҳудий олими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Жаннат аҳли жаннатга кирган заҳоти нима таом ейдилар?!” – деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларга жаннат боғларида ўтлаб юрган ҳўкиз сўйиб берилади” – деганлар (Муслим (315) ривояти). Шунингдек, баъзи ҳадисларда жаннатда ёқутдан бўлган учар отлар[1] бўлиши айтилган бўлса, айрим ҳадисларда  қўйлар[2] ва туялар[3] бўлиши ҳам айтилган. Бироқ бу ҳайвонларнинг исми дунёдаги ҳайвонларнинг исми билан бир хил бўлса-да, шакл ва моҳиятда улардан фарқ қилади. Бундан ташқари жаннатга кирган бандага истаган нарсаси берилиши ҳам айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ сени жаннатга киритса, у ерда сенга ўзинг хоҳлаган ва сени шод қиладиган барча нарса берилади” – деганлар, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 101418001

[1] Термизий (2543) ривояти.
[2] Байҳақий (2\449) ривояти.
[3] Муслим (1892) ривояти.

Изоҳ қолдиринг