Умар розияллоҳу анҳу: Халифанинг маоши

0

Халифалик диний вазифа ва Аллоҳга ибодат бўлган бир амал бўлгани боис бу мансаб эгаси ўз вазифасини муносиб адо этгани учун ажру савобга эга бўлиши умид қилинади. Унинг мукофоти Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузуридадир, У зот ҳар бир кишига яхши амаллари учун ҳам, ёмон ишлари учун ҳам жазо-ю мукофотини беради.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, унинг саъй-ҳаракати зое бўлмас – Биз уни ёзиб қўювчидирмиз” [Анбиё: 94]. Бу айтилганлар охиратдаги жазо-мукофотга доир сўз эди. Энди дунёвий мукофотга келсак, халифа уммат манфаати учун хизмат қилувчи ва шу йўлда ўз кучи ва вақтини сарф этувчи бир вазифадор сифатида бу иши учун маош олишга ҳақли бўлади. Фиқҳий қоида борки, бошқалар манфати учун бахш этилган ҳар бир нарсага нафақа лозим бўлади, муфтий, қози, волийлар хизмати каби[1].

Ўзига топширилган вазифа муқобилига хизмат ҳақи олиш шариатга мувофиқ бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам омилларга (вазифадорларга) хизмат ҳақи ажратардилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқдан сўнг мусулмонлар ишига бош бўлгач, анча пайтгача байтулмолдан бирор нарса емади. Аммо, раият ишлари билан банд бўлиб, тижорати тўхтаб қолгани туфайли бора-бора унга муҳтожлик етиб, тирикчиликка қийналиб қолди. Шундан сўнг саҳобаларни йиғиб, улар билан бу тўғрида маслаҳатлашди. Улардан: “Мен бу иш билан машғул бўлиб, тирикчиликка ортмай қолдим, энди бу молдан менга нима нарса ҳалол бўлади?”, деб сўради. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Енг ва едиринг”, деб жавоб берди. Саъд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам шу маънода гапирди. Умар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳудан: “Сиз нима дейсиз, эй Абул Ҳасан?”, деб сўради. Али: “Ғадо ва ашо” (нонушта ва кечки таом) деб жавоб берди. Умар унинг сўзини қабул қилди.

У ўзининг байтулмолдан оладиган улуши ҳақида шундай деганди: “Аллоҳнинг молига нисбатан мен ўзимни етимнинг қаровчиси ўрнига қўйдим. Агар ҳожатим бўлмаса қўл тегизмайман, агар муҳтож бўлсам маъруф (яхшилик ва инсоф) билан ейман[2].

Бир ривоятда келадики, Умар саҳобалардан бир жамоат ҳузурига чиқди ва улардан: “Аллоҳнинг молидан – ёки бу молдан – ейиш менга ҳалол бўладими, нима дейсизлар?”, деб сўради. Улар: “Амирулмўъминин ўзи биздан кўра яхшироқ билади”, дейишди. У: “Истасангизлар, мен сизларга ундан ўзимга ҳалол санаётган нарсанинг хабарини берай: ҳаж ва умра сафари учун минишга улов, қишки кийим ва ёзги кийим, бола-чақамнинг қорни тўйгудек озиқ-овқат, мусулмонлар қаторидаги улушим, чунки мен ҳам мусулмонлардан бириман”, деди. Маъмар айтади: “Унинг ҳаж ва умрага миниб борадиган биттагина туяси бор эди”[3].

Рошид халифа Умар Форуқ розияллоҳу анҳу ўз қўли остидаги омонатга вафо қилиш борасида ҳокимлар учун гўзал намуна қолдириб кетди. Абу Довуд Молик ибн Авсдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб бир куни фай (ўлжалар) ҳақида гапириб шундай деди: “Мен бу файга сизлардан кўра ҳақлироқ эмасман, унга биров бошқа бировдан кўра ҳақлироқ эмас, балки барчамиз Аллоҳнинг китобида баён қилинган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тақсимларидан маълум бўлган ўз улушларимизга эгамиз. Бир киши исломдаги пешқадамлигига, яна бир киши дин йўлида тортган бало ва синовларга, бир киши бола-чақаси сонига қараб, яна бир киши эҳтиёжига қараб (ундан олади)[4]”.

Рабеъ ибн Зиёд Ҳорисийдан ривоят қилинишича, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурига вакил бўлиб келганида унинг кийимлари ва ташқи кўринишидан ажабланди. Унинг фақирона емак еб ўтирганини кўриб: “Эй амирулмўъминин, сархил таом, яхши от-улов ва қимматбаҳо либосга одамларнинг энг ҳақлиси сизсиз-ку, ахир”, деди. Шунда Умар қўлидаги новда билан унинг бошига уриб: “Қасамки, сен бу гапингни Аллоҳ ризоси учун айтмадинг. Гарчи сенда яхшилик бор деб ўйласам-да, бу гапинг билан сен фақат менга яқинлашишни истадинг. Шўринг қурғур, мен билан уларнинг мисолимиз қандайлигини биласанми? Бизнинг мисолимиз гўё сафарга йўл олган ва пулларини ичларидан бир кишига омонат топшириб: “Сен шундан бизга сарфлагин” деб айтган кишилар мисолидир. Унга уларнинг молидан бирон нарсани ўзига олиши ҳалол бўладими?”. “Йўқ, эй амирулмўъминин”, деди у. “Мен билан уларнинг мисолимиз ҳам худди шундай”, деди Умар[5].

[1] “Ас-султатут  танфизия” (1/215).
[2] Д. Яҳё ал-Яҳё, “Ал-хилофатур рошида” (270-бет). Санади саҳиҳ.
[3] Абдураззоқ, “Мусаннаф” (20046).
[4] “Сунани Абу Довуд” (2950).
[5] “Ат-табақотул кубро” (3/280).

Изоҳ қолдиринг