Саждаи саҳв ҳақидаги боб (2)

0

Юз иккинчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُحَيْنَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى بِهِمْ الظُّهْرَ فَقَامَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الأُولَيَيْنِ , وَلَمْ يَجْلِسْ . فَقَامَ النَّاسُ مَعَهُ حَتَّى إذَا قَضَى الصَّلاةَ وَانْتَظَرَ النَّاسُ تَسْلِيمَهُ: كَبَّرَ وَهُوَ جَالِسٌ . فَسَجَدَ سَجْدَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يُسَلِّمَ ثُمَّ سَلَّمَ.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан пешин намозини ўқидилар. Аввалги икки ракаатни ўқиб бўлгач қаъдага ўтирмасдан (учинчи ракаатга) туриб кетдилар, одамлар ҳам у зот билан бирга туришди. Намозни тугатгач (яъни тўрт ракаат қилиб ўқигач) одамлар Пайғамбаримизнинг салом беришини кутиб туришган эди, у зот салом беришдан олдин ўтирган ҳолларида такбир айтиб икки бор сажда қилдилар. Сўнг салом бердилар[Бухорий: 1224 ва Муслим: 570].

Шарҳ:

Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан пешин намозини ўқидилар. Аввалги икки ракаатни ўқиб бўлгач, қаъдага ўтирмасдан учинчи ракаатга туриб кетдилар. У зотга қўшилиб, ортларида турган муқтадийлар ҳам учинчи ракаатга туришди. Пайғамбаримиз пешиннинг қолган икки ракаатини ўқиб бўлгач, охирги қаъдага ўтирдилар ва ташаҳҳуд, саловат ва дуоларни айтдилар. Одамлар у зотнинг салом беришларини кутиб туришди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом беришдан олдин ўтирган ҳолларида худди намозда сажда қилганларидек икки бор сажда қилиб, сўнг салом бердилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намозда унутиб биринчи қаъдада ўтирмаган одам саждаи саҳв қилиши вожиб.
2 – Биринчи қаъдада ўтириш вожиб бўлиб, у намоз рукнларидан саналмайди. Агар биринчи қаъдада ўтириш рукн бўлганида, саждаи саҳв қилиш орқали унинг ўрнини тўлдириш мумкин бўлмас эди.
3 – Бир намознинг ичида бир қанча саждаи саҳвни вожиб қиладиган амаллар қилинса ҳам бир марта саждаи саҳв қилиш кифоя. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда қаъдада ўтиришни ва ташаҳҳуд дуосини айтишни тарк қилдилар.
4 – Имомга ҳар қандай ҳолатда эргашиш лозим. Зеро, саҳобалар Пайғамбаримиз биринчи қаъдага ўтирмаганларини била туриб, у зотга эргашдилар ва бу ишлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга танбеҳ бермадилар. Имом Насоий, Ибн Хузайма ва Ҳоким келтирган ривоятда: “(Пайғамбаримиз биринчи қаъдага ўтирмаганини кўрган) саҳобалар тасбеҳ айтиб танбеҳ беришди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга эътибор бермай намозни давом эттирдилар”, деган қўшимча бор.
5 – Имом намозда унутиб бирон хатога ёки камчиликка йўл қўйса, муқтадийлар ҳам уни унутиб тарк қилган деб эътибор қилинади. Бунга далил ҳадисда саҳобалар қасддан қаъдани тарк қилдилар. Лекин улар имомга иқтидо қилганлари учун бехосдан тарк қилган кишилар ҳукмида бўлдилар. Аслида намознинг бирор вожиб амалини қасддан тарк қилган киши саждаи саҳв қилмайди. Чунки унинг намози ботил бўлади.
6 – Мазкур ҳолатда, яъни намоздаги бирон амал унутиб қолдирилса, саломдан олдин саждаи саҳв қилинади.
7 – Шунингдек, мазкур ҳолатда саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд, саловат ва дуолар ўқилмасдан бирданига салом берилади.

Изоҳ қолдиринг