Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш ҳақидаги боб (1)

0

Юз учинчи ҳадис

 

 عَنْ أَبِي جُهَيْمِ بْنِ الْحَارِثِ بْنِ الصِّمَّةِ الأَنْصَارِيِّ – رضي الله عنه – قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -:((لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيْ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ مِنْ الإِثْمِ؟ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ)) . قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لا أَدْرِي: قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْماً أَوْ شَهْراً أَوْ سَنَةً.

Абу Жуҳайм ибн Симма Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтган одам ўзига қанча гуноҳ орттирганини билганида эди, қирқ (кун, ой ёхуд йил кутиб) туришини намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтишидан яхшироқ деб биларди[Бухорий: 510 ва Муслим: 507].
Ҳадис ровийларидан бири бўлмиш Абу Назр айтади: “Қирқ кун дедими, ё ойми ёки йилми, билмайман”.

Шарҳ:

Инсон намоз ўқир экан, Яратувчисининг ҳузурида туриб, Унга муножот қилаётган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда намозхоннинг олдидан бирор киши ўтгудек бўлса, ушбу муножотни бузган ва унинг ибодатига халақит берган бўлади. Шу сабабдан шариатимиз намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиб, намозга халақит берган одамнинг гуноҳини катта санади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтишларича, намозхоннинг олдидан кесиб ўтган одам бу иши сабабли қандай катта гуноҳ орттирганини билганида, ундан кўра, узоқ муддат жойидан жилмасдан туришни афзал билган бўларди. Ушбу ҳадис бу ишдан қаттиқ огоҳлантиради ва ундан узоқ туришга чақиради.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Сутрасиз[1] намоз ўқиётган одамнинг олдидан ёки сутраси бўлса, сутрагача бўлган оралиқдан намозхоннинг олдини кесиб ўтиш ҳаромдир.
2 – Ҳадисда келган қаттиқ таҳдидга биноан намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтишдан огоҳ бўлиш лозим.
3 – Намоз ўқимоқчи бўлган одам намозининг ажри кам бўлмаслиги ва олдидан ўтувчи одамни гуноҳга ботирмаслик учун одамлар ўтиб-қайтадиган йўлакларда намоз ўқимагани афзал.
4 – Ҳадисни нақл қилган ровий ҳадисдаги “қирқ”дан кун, ой ёки йилдан қай бири назарда тутилганини аниқ билмай қолди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган сондан муайян муддат қасд қилинмасдан, балки мазкур ишдан огоҳлантириш учун муболаға тарзида айтилган. Негаки, араблар бир нарсани муболаға қилиб, бўрттириб кўрсатмоқчи бўлсалар, назарида катта саналган бирон сонни қўллайдилар. Масалан, Аллоҳ таоло: “(Эй, Муҳаммад) агар сиз мунофиқлар учун етмиш марта истиғфор айтсангиз ҳам ҳаргиз Аллоҳ уларни кечирмайди”, деган. Бу дегани, етмишдан кўп истиғфор айтса кечиради деган маънони билдирмайди. Қолаверса, мазкур ҳадиснинг Ибн Ҳиббон ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятида шундай дейилган: “Юз йил жойида туриши унинг олдидан кесиб ўтишидан яхшироқ”.
5 – Маккадаги Масжиди ҳаромда намоз ўқишга келсак, шайхулислом Ибн Таймия шундай дейди: “Киши Масжиди ҳаромда намоз ўқиса, тавоф қилаётган эркак ё аёллар унинг олдини кесиб ўтишининг зиёни йўқ”.

[1] “Сутра” дегани намозхоннинг олдида – қибла томонда ердан кўтарилиб турадиган бирон нарсадан иборат бўлиб, кишининг намоз ўқиётганини билдириб туради.

Изоҳ қолдиринг