Йўқолган нарса ҳақида масжидда эълон бериш жоизми?

0

Савол:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўқолган нарса ҳақида масжидда эълон тарқатишдан қайтарган эканлар, деб эшитдим. Агар инсон бирор қимматбаҳо нарсасини масжидда йўқотиб қўйса, бу ҳақда масжид имомига ёки масжид масъулларига айтиб, улардан ёрдам сўраса бўладими? Ҳадисда йўқолган нарсанигина масжидда эълон қилмаслик назарда тутилганми ёки ҳар қандай эълон тарқатишми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан:

Йўқолган ёки топиб олинган нарса ҳақида масжидда эълон қилиш жоиз эмас. Негаки, масжидлар намоз ўқиш, дуо ва зикрлар қилиш учун қурилган, эълон тарқатиш учун эмас. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким бир кишини масжидда йўқолган нарсаси ҳақида эълон тарқатаётганини кўрса, унга: “Йўқотган нарсангни Аллоҳ қайтариб бермасин (яъни Илоҳим, нарсанг топилмасин)”, десин. Зеро, масжидлар бу (яъни эълон тарқатиш) учун қурилмаган[Муслим: 568].

Бурайда розияллоҳу анҳу бир кишининг йўқолган нарсаси ҳақида масжидда баланд овозда гапираётганини кўриб, деди: “Йўқолган қизил туяси ҳақида масжидда одамлардан сўраётган одам ким? Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай кишига: “Илоҳим, топилмасин. Масжидлар муайян мақсадда (яъни тоат-ибодат учун) қурилган”, деб айтишга буюрганлар”. [Муслим: 569].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни йўқолган нарсасини масжидда эълон қилган одамга: “Илоҳим, тополмагин”, деб айтишга буюрдилар. Бундай деб баддуо қилиш Пайғамбаримизнинг сўзига қулоқ солмаган, у зотга осий бўлган кишининг жазосидир. Демак, ким йўқолган нарсасини масжидда эълон қилган одамни кўрса, унга: “Илоҳим, топилмасин. Масжидлар эълон қилиш учун қурилмаган”, деб айтиши ёки “Илоҳим, топилмасин. Мажсидлар муайян мақсадда (тоат-ибодат учун) қурилган”, дейиши лозим” [???].

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Масжидлар Аллоҳни зикр қилиш, эрта-ю кеч Унга тасбеҳ айтиш учун қурилгани ҳақида Аллоҳ таоло хабар берган. Демак, масжидлар мана шу мақсадда қурилган бўлиб, улар бундан бошқа барча ишлардан холи қилиниши лозим[“Истизкор”, 2/368].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжид ташқарисига саҳн қилдириб, уни Бутойҳо деб номлайди ва: “Бақир-чақир қилмоқчи бўлган, шеър айтмоқчи бўлган ёки баланд овозда гаплашишни истаган одам Бутойҳога чиқсин”, деб айтарди[1].

Йўқолган нарсаси ҳақида эълон қилмоқчи бўлган одам масжиддан ташқарига чиқиб қилсин. Агар йўқолган ёки топиб олган нарсасини бир вараққа ёзиб, масжид ташқарисидаги деворга илиб қўйса ҳам бўлади.

Ким масжиднинг ичида бирон нарсасини йўқотиб қўйса, бу ҳақда масжид имоми, муаззини ёки ходимлардан бирига айтса бўлади. Фақат бу гап улар ўртасида бўлиши, масжидда эълон қилинмаслиги лозим.

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Масжидлар йўқолган нарсаларни эълон қилиш ёки савдо-сотиқ қилиш учун қурилмаган. Балки тоат-ибодат, зикр қилиш ва илм давраларини ўтказиш учун қурилган.

Эълон қилмоқчи бўлган одам уни бир қоғозга ёзиб масжид ташқарисидаги деворга ёки масжид эшигининг ташқи томонига илиб қўйишининг зиёни йўқ. Бироқ масжид ичига қўйиш мумкин эмас. Негаки, эълон ўзаро сўзлашувга ўхшайди. (Ҳолбуки, масжид ичида бирон ҳожатсиз сўзлашишдан қайтарилган). Қолаверса, эълон одамларни ўзига жалб қилади ва одамлар уни ўқиш билан машғул бўлиб қолишади. 

Бизнинг фикримизча, эълон қоғозларини масжид ичига қўйиш жоиз эмас. Чунки эълон қоғозларини масжид ичига қўйиш йўқолган нарсани масжидда эълон қилиш билан баробар. Аммо эълон қоғозини масжид деворининг ташқи томонига ёки масжид эшигининг ташқи тарафига ёпиштирса, у ҳолда эълон масжид ташқарисида ҳисобланиб, жоиз бўлади[“Фатово нурун алад-дарб”, 2/709].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббисига нисбат берган, Аллоҳ таоло унда зикр қилинишга изн берган масжидларнинг ўзига хос ҳурмат-эҳтироми, ўзига хос ҳукм ва одоблари бор. Жумладан, мажсид ичида оз ё кўп бўлсин савдо-сотиқ қилиш ва йўқолган нарсани эълон қилиш жоиз эмас. Масалан, бир киши келиб масжид ичида: “Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим”, деб одамларга эълон қилиши ҳаром. Ҳатто, ҳамёнини масжид ичида йўқотиб ё ўғирлатиб қўйганини тахмин қилса ҳам бундай қилиши жоиз эмас. Унда йўқотган нарсамни қандай қилиб топаман деманг. Бунинг йўли шуки, масжид ташқарисига чиқиб, эшик ёнида тургин-да, ўша ерда одамларга эълон қилинг.

Муҳими биродарлар, масжид одобларига риоя қилишимиз, уни ҳурмат қилишимиз керак[“Шарҳ риёзус-солиҳин”, 2014 бет].

Саудия доимий фатво қўмитаси уламолари шундай дейди: “Эълонлар масжид ташқарисида эълонлар учун ажратилган махсус жойда осилиши мумкин[“Саудия доимий фатво қўмитаси фатволари”, 5/275].

Иккинчидан:

Ҳадисда келган қайтариқ умумий бўлиб, масжидда ҳар қандай эълон тарқатишни ва йўқолган нарсани сўраб-суриштиришни ўз ичичга олади. Бундан тоат-ибодатга чорловчи эълонлар мустасно бўлиб, бундай эълонларни масжид ичида тарқатишнинг зиёни йўқ.

Саудия доимий фатво қўмитаси уламолари шундай дейди: “Масжид ва унинг ҳовлиси турли рекмала ва эълонлар – улар таълим муассасаларига тегишли бўладими ёки ишлаб чиқариш корхонасигами ёки турли муассасаларга доирми фарқи йўқ – тарқатиладиган жой қилиб олинмаслиги лозим. Негаки, масжидлар намоз ўкиш, дуо ва зикрлар айтиш, илм ўрганиш ва ўргатиш, Қуръон ўқиш ва ҳоказо диний ишлар учун қурилган. Демак, масжидларни мазкур мазмундаги турли эълонлардан тозалаб, масжид одобига риоя қилиш лозим. Одамларни Аллоҳнинг тоат-ибодатидан чалғитадиган нарсаларни масжиддан олиб ташлаш керак [“Саудия доимий фатво қўмитаси фатволари”, 5/276-277].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланган эди:

Масжидларнинг бирида ҳар пайшанба куни рўзадорлар учун ифторлик бор, деб эълон қилинди. Бунинг ҳукми қандай бўлади?

Шайхнинг жавоби қуйидагича бўлди:

Масжидда бу каби ишларни эълон қилишнинг зиёни йўқ. Чунки, бу каби эълонда савдо-сотиқ қасд қилинмаган бўлиб, балки фақат яхши амалга чақириш бор. Масжидда тарқатиш ҳаром қилинган эълонлар савдо-сотиқ, ижарага олиш ё беришга доир эълонлардир. Аммо яхши амалга чорлаш, таом ёки садақа бериш ҳақида эълон тарқатишнинг зиёни йўқ”.

Шайх Ибн Усайминга бошқа бир дарсда қуйидагича савол йўлланган эди:

Масжид ичида ҳаж ё умра зиёратига олиб бориш хизмати, диний маърузалар ёки дарслар ташкил қилиниши ҳақида эълон тарқатишнинг ҳукми нима?

Шайх шундай деб жавоб берди:

Тоат-ибодат қабилидан бўлган ишларни масжидда эълон қилишнинг зиёни йўқ. Тоат-ибодат Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амалдир. Зеро, масжидлар тоат-ибодат бажарилиши учун барпо этилгандир. Аммо дунёвий ишлар ҳақида масжидда эълон тарқатиш жоиз эмас. Дунёвий ишлар ҳақида масжид эшигининг ташқи томонида эълон тарқатиш мумкин.

Ҳаж ва умра зиёратига олиб бориш хизмати дунёвий ишлардан бўлиб, у ҳақда масжид ичида эълон қилиш мумкин эмас деб биламиз.

Илмий давраларга келсак, улар соф яхши амал ҳисобланади. Бинобарин, у ҳақда масжид ичида эълон тарқатишнинг зиёни йўқ[“Шарҳи манзумати қавоид фиқҳия”, 52 бет].

 Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA веб саҳифаси.

[1] Байҳақий “Сунанул кубро”, 10/103.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг