Ухлаш ёки унутиш сабабли қазо бўлган намозга азон айтиш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу намозга ухлаб қолишгани тўғрисидаги ҳадисда жумладан шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларни ғафлат босган жойдан бошқа жойга ўтингизлар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга буюрдилар, у намозга азон ва иқомат айтди»[1].
Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадис қазо намозларига ҳам азон ва иқомат айтиш машруъ эканига далил қилинади»[2].
Шунга ўхшаш воқеа Ҳандақ ғазотида ҳам содир бўлган. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга буюрган эдилар, азон айтди. Сўнг иқомат айтди ва у зот пешинни ўқидилар. Сўнг Билол иқомат айтди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни ўқидилар. Сўнг яна иқомат айтди ва у зот шомни ўқидилар…»[3]. Ҳадис тўлалигича намоз вақтлари бобида ўтган эди.
Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бироқ инсон намозларга азон айтиладиган шаҳарда бўлса, мазкур умумий азон билан кифояланган ҳолда унга азон айтиш вожиб бўлмайди. Чунки шаҳардаги умумий азон билан фарзи кифоя бажарилган бўлиб, шахслардан фарз соқит бўлади»[4].
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Қазо намозлари учун азон айтиш вожиб эмас. Агар ёлғиз ўзи бўлса ҳам намозни адо (яъни вақтида) ўқийдими ёки қазо ўқийдими, азон ва иқомат айтиб ўқиса, яхши иш қилган бўлади. Агар фақат иқомат билан чекланса ҳам кифоя қилади. Борди-ю, бир неча маҳал намозларнинг қазосини ўқиётган бўлса, бошида бир бор азон айтиб, қолганларига иқомат билан чекланса ҳам яхши иш қилган бўлади»[5].
Шунингдек, икки маҳал намозни жамлаб ўқиса ҳам биринчисига азон ва иқомат айтади, иккинчисига фақат иқомат билан чекланади. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда азон айтдилар, сўнг иқомат айтиб, пешин намозини ўқидилар. Сўнгра (фақат) иқомат айтиб аср намозини ўқидилар. Муздалифада ҳам шундай қилдилар: азон айтдилар, сўнг иқомат айтиб шом намозини, сўнг (фақат) иқомат айтиб хуфтон намозини ўқидилар»[6].