Муфассирлар: Ибн Касир (4) Илмий мартабаси, уламоларнинг мақтови, китоблари ва вафоти

0

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг илмий мартабаси:

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳадис, тафсир, тарих, фиқҳ ва ҳоказо диний билимларда юқори даражага етишиб, ҳаётлик чоғидаёқ шогирдлари ва замондош уламолари ўртасида юксак қадр-қимматга эга бўлган. Вафотидан сўнг унинг умматга қолдирган бебаҳо илмий мероси унинг қадр-қиммати ва номини ҳануз сақлаб келмоқда.

Ибн Касирнинг қадр-қиммати баланд, ёзган китоблари ҳаётлик чоғидаёқ одамлар орасида қўлма-қўл ва машҳур бўлганига “Бидоя ва ниҳоя” китобида зикр қилинган ушбу воқеа яққол далилдир:

“Дамашққа Тибриз ва Хуросон ўлкасидан “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим”, “Жомеул масонийд”, “Кашшоф” китобларини ёддан билишини даъво қилган ажам (араб бўлмаган) бир йигит келади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ қозил-қузот (Субкий) ва бир қанча олимлар олдида уни имтиҳон қилиб, унга ўз ижозасини беради. Ибн Касир айтади: “Мен унга ўз ижозамни ёзиб берганимдан хурсанд бўлган йигит деди: “Мен она юртимдан фақат сизни деб, сиздан ижоза олиш учун келдим. Сиз бизнинг ўлкамизда машҳур олимсиз”.

Бу воқеадан кўришимиз мумкинки, олимлар ва толиби илмлар Ибн Касир ҳаётлик пайтидаёқ унинг ёзган китобларига, гарчи айримларини якунламаган бўлса-да, ўта аҳамият қаратар эдилар. Негаки, Ибн Касирнинг “Жомеул масонийд” китоби – бизгача етиб келган маълумотга кўра – ниҳоясига етказилмаган. Шунга қарамай, бу китобнинг ёзилган нусхалари шарқнинг энг чекка ўлкалари Тибриз ва Хуросонгача етиб борган.

Уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари:

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳаққига ўта кўпчилик уламолар мақтовлар айтишган. Қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

Ибн Ҳабиб айтади: “Ибн Касир художўй, дуо-зикрдан чарчамайдиган инсон бўлган. У муфассир уламолар амири, талай уламолардан таълим олиб, кўплаб китоблар ёзган ва одамларни лол қолдирадиган фатволар берган. Унинг фатволари ислом оламига кенг тарқаган. Қолаверса, Ибн Касир синчковлик ва изланувчанлик билан машҳур бўлиб, тарих, ҳадис ва тафсир илмида тенги йўқ олим бўлган[1].

Ибн Касирнинг устози имом Заҳабий айтади: “Фақиҳ, муфтий, муҳаддис олим, фазилат соҳиби Имодуддин Исмоил ибн Умар ибн Касир Бусравий Шофеий билан ҳам бирга таълим олганман. Ибн Касир ҳадис ва унинг ровийларига, шунингдек, фиқҳ илмига катта аҳамият қаратар эди. Ҳаёти давомида илмий баҳс-мунозаларлар олиб бориб, китоблар ёзган, Қуръони Каримни тафсир қилиб, замондош уламоларидан ўзиб кетган[2].

Ибн Касирнинг шогирди Шиҳобиддин ибн Ҳижжий айтади: “Ибн Касир биз билган устозларимиз орасида ҳадис матнларини энг пухта ёдлаган, ҳадис тахрижини (манбаларини) ва ровийларини, ҳадиснинг саҳиҳи-ю, заифини энг яхши биладиган олим эди. Буни Ибн Касирнинг устозлари-ю, тенгқурлари эътироф қилишарди. У тафсир ва тарихга оид кўп маълумотларни ёддан билар, ўқиганини камдан-кам унутар эди. Шунингдек, у фаҳм-фаросати кучли фақиҳ, зеҳни ўткир, бирон танбеҳни охиригача ёдда тутадиган инсон эди. Араб тилини ҳам яхши ўзлаштирган бўлиб, шеърлар ёзарди. Мен Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг дарсларига йиллаб қатнашган бўлсам-да, ҳар сафар унинг дарсига қатнашсам, албатта янги фойда олар эдим. Ҳолбуки, мен Ибн Касирнинг олдида олти йил ажрамасдан юрдим”.

Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Касир Қуръон тафсирида мисли кўрилмаган китоб ёзган[3].

Бадриддин Айний айтади: “Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ намунали олим, аллома, далилларнинг лафзлари-ю, маъноларини чуқур тушунган зот эди. Шунингдек, ҳадис, тафсир ва тарих фанида чуқур билим эгаси, синчковлик ва изланувчанлик билан машҳур, тарих, ҳадис ва тафсир илмида тенги йўқ олим эди. Унинг фойдали талай китоблари бор[4].

Ёзган китоблари:

Юқорида зикр қилинган уламоларнинг сўзларидан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ тафсир, ҳадис ва тарих илмларида тенги йўқ олим бўлган. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу фанларга оид бир қанча китоблар ёзиб қолдирган. Қуйида улардан айримларини зикр қиламиз:

1 – “Тафсирул Қуръонил Азийм”. Ушбу китоб Қуръони Карим тафсири бўлиб, Ибн Касир ёзган энг машҳур китобларнинг бири саналади.

2 – “Бидоя ва Ниҳоя”. Ушбу китоб тарих фанида ёзилган энг буюк ва ишончли китоблардан бири саналади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ унда оламнинг яралишидан бошлаб, то ўзининг замонигача бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалар ҳамда қиёмат аломатлари ҳақида ёзган.

3 – “Ихтисору улумул ҳадис”. Ушбу китоб Ибн Салоҳнинг ҳадис фанида ёзган машҳур китоби “Улумул ҳадис”, китобининг мухтасари (қисқартмаси)дир.

4 – “Сийратун Набавия”. Ушбу китоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийрати ҳақидадир.

5 – “Жомеул масониди ва сунан алҳодий ли ақвамис санан”. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу китобда “Мўътабар олти ҳадис тўплами” ва “Муснади Аҳмад”, “Муснади Баззор”, “Муснади Абу Яъло” ва Табаронийнинг “Мўъжамул кабир” китобида келган ҳадисларни жамлаган.

Вафоти:

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Ҳижрий 774 (мелодий 1373) йили шаъбон ойининг ўрталарида пайшанба куни етмиш тўрт ёшида оламдан ўтади[5].

Ибн Насриддин айтади: “Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг жанозасига тумонат одам йиғилди. Ўзининг васиятига биноан шайхулислом Ибн Таймиянинг олдига, Дамашқнинг Наср дарвозаси ёнидаги Сўфия мақбарасига дафн этилди”[6].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг вафотидан олимлар-у, толиби илмлар, авом одамлар-у, аъёнлар қаттиқ маҳзун бўлишди, шогирдлари унга атаб марсиялар ёзишди.

Аллоҳ таоло аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳни Ўз раҳматига олсин. Ислом умматига қолдирган илмий мерослари учун энг яхши мукофотлар билан мукофотласин. Умматимиз орасидан Ибн Касир каби забардаст уламолар қайта чиқишини насиб айласин. Омин.

 

[1] “Шазаротуз-заҳаб”, 6/231-232.
[2] “Тазкиротул ҳуффоз”, 4/1508.
[3] “Табақотул ҳуффоз”, 529-530.
[4] “Ан-нужумуз зоҳира”, 11/123.
[5] “Дурарул комина”, 1/445.
[6] “Ар-раддул вофир”, 92 бет.

Изоҳ қолдиринг