Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш ҳақидаги боб (2)

0

Юз тўртинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ – رضي الله عنه – قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَقُولُ: ((إذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ إلَى شَيْءٍ يَسْتُرُهُ مِنْ النَّاسِ  فَأَرَادَ أَحَدٌ أَنْ يَجْتَازَ بَيْنَ يَدَيْهِ فَلْيَدْفَعْهُ. فَإِنْ أَبَى فَلْيُقَاتِلْهُ. فَإِنَّمَا هُوَ شَيْطَانٌ)) .

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Агар биронтангиз одамлардан тўсиб турадиган сутрага қараб намоз ўқиётган бўлса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, уни қайтарсин. Агар қайтмаса, зўрлаб бўлса ҳам қайтарсин. Негаки, у шайтондир[Бухорий (509) ва Муслим (505) ривояти].

Шарҳ

Инсон Аллоҳга муножот қилиш учун намозни бошлар экан, одамлар олдини кесиб ўтиб, намозига путур етказмаслиги учун олдига сутра қўйса, сўнг биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, уни бирон имо-ишора билан қайтарсин. Агар имо-ишора билан қайтмаса, ҳаддидан ошган саналади. Энди уни тўхтатиш учун қўл билан қаршилик кўрсатиш лозим. Чунки унинг бу иши одамларнинг ибодатини бузишга ва намозига путур етказишга ҳаракат қиладиган шайтон амалига ўхшайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намозхон одамлар унинг олдини кесиб ўтиб, намозига путур етказмаслиги учун олдига сутра қўйиб намоз ўқиши мустаҳабдир.
2 – Олдини кесиб ўтмоқчи бўлган кимсани вақтида қайтаришга қодир бўлиш ҳамда ўтиб-қайтувчиларга ноқулайлик туғдирмаслик учун намозхон сутрага яқинроқ тургани мақсадга мувофиқ.
3 – Намоз ўқиётган одам билан сутра орасини кесиб ўтиш ҳаром. Негаки, бу шайтон амалларининг бири саналади.
4 – Намоз ўқиётган одам билан сутра ўртасини кесиб ўтмоқчи бўлган кимсани дастлаб имо-ишора қилиш ёки тасбеҳ айтиш орқали тўхтатишга ҳаракат қилинади. Агар тўхтамаса, у ҳолда қўл билан итариб бўлса-да, тўхтатилади. Негаки, у намоз ўқиётган кишига тажовуз қилган ҳисобланади. Қози Иёз айтади: “Инсон намоз асносида (гарчи олдидан одам кесиб ўтса ҳам) юриши жоиз эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки намоз асносида юриш олдини одам кесиб ўтишга қараганда ёмонроқ саналади”.
5 – Намозхон олдини кесиб ўтган одамни тўхтатиш мақсадида унга қўли билан қаршилик кўрсатса-ю, оқибатда ўтувчи инсон вафот этса, намозхон бунинг учун жавобгар ҳам, гуноҳкор ҳам бўлмайди. Негаки, шариатимиз намозхонга олдини кесиб ўтувчини тўхтатишга рухсат берган. Ҳолбуки, шариатимиз томонидан рухсат берилган ишни бажариш ортидан келиб чиқадиган нарсага жавобгар қилинмайди.
6 – Намозхон олдини кесиб ўтувчи кимсани тўхтатишдан кўзланган ҳикмат намозга путур етишининг олдини олиш ва ўтувчини бу иши сабабли гуноҳкор бўлишидан сақлаш.
7 – Ҳадис мазмунидан шуни англашимиз мумкинки, намозхон олдига сутра қўйиб намоз ўқиётган бўлсагина, олдини кесиб ўтувчига қаршилик кўрсатиши ортидан келиб чиққан талофатга жавобгар бўлмайди. Аммо намозхон олдига сутра қўймай намоз ўқиётган бўлса, у ҳолда олдини кесибўтган кишига нисбатан куч ишлатиши жоиз бўлмайди. Шунингдек, унга қарши куч ишлатиши ортидан келиб чиққан талофатга жавобгар бўлади. Негаки, бу ҳолатда намозхоннинг ўзи камчиликка йўл қўйган ҳисобланади.
8 – Ҳар қандай тажовуз ёхуд ҳужумни поғонама-поғона даф қилиш лозим. Тажовузкорни енгилроқ услуб билан даф қилиш имкони қолмасагина навбатдаги чорага ўтилади. Аммо бошиданоқ шошқалоқлик билан тажовузкорни ўлим ёки жароҳатга олиб борадиган шиддатли тарзда қайтариш жоиз эмас.
9 – Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, намозхон олдидан бир кимса кесиб ўтса-ю, уни тўхтатишга улгурмай қолса, энди уни ортга қайтариш жоиз эмас. Негаки, уни ортига қайтарадиган бўлса, олдини иккинчи бор кесиб ўтишига тўғри келади.
10 – Ибн Дақиқ роҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, намозхон одамлар ўтиб-қайтадиган жойда намоз ўқиса-ю, (гарчи олдига сутра қўйган бўлса-да) одамлар унинг олдини кесиб ўтишдан бошқа чораси қолмаганидан олдини кесиб ўтса, намозхон гуноҳкор бўлади. Борди-ю, инсон намозхон олдини кесиб ўтмаслик имкони бўла туриб, унинг олдини кесиб ўтса ва намозхон уни тўхтатишга ҳаракат қилмаса, уларнинг ҳар иккиси гуноҳкор бўлади.
11 – Намоз манфаати учун қилинган унинг моҳиятидан ташқари хатти-ҳаракатлар намозга путур етказмайди ва бузмайди. Чунки бу ҳолатда улар намозда бажариш жоиз бўлган ишлар қаторига киради.

Изоҳ қолдиринг