Аббосийлар давлати: Амирликлар (2)

0

Мағрибдаги идрисийлар

Ҳижрий 169 йили Фах жангидан омон чиққан Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб Ҳижоздан қочиб, Мисрга йўл олганди. Ундан Мағрибга ўтиб, ерли аҳоли ёрдамида 172 йили идрисийлар давлатини қуришга муваффақ бўлди. Унинг давлати Машриқдан ажралган эди. У Жарова деб номланган жойда Фас шаҳрини бино қилди ва уни ўз давлатига пойтахт қилди. У 177 йили заҳарланиб вафот этгунича бу давлатни ўзи бошқарди, сўнг ўрнига ўғли Идрис Иккинчи тахт вориси бўлди. У отаси ўлганида онасининг қорнида эди, бир неча йилгача давлат ишларини отасининг мавлоси Рошид идора этиб турди. Рошид ўлдирилгач, Идрисни Абу Холид Абдарий ўз қарамоғига олди, сўнг у улғайиб, 188 йили тахтга ўтирди. У Дорулқайтон деган жойда Олия шаҳрини бино қилди. Бу шаҳар Фас шаҳри яқинида бўлиб, ўртани кичик водий ажратиб турарди. Бу икки шаҳарда 181 йилги Рабз жангидан сўнг Андалусдан қочиб келганлар истиқомат қиларди. У то 213 йили Фас шаҳрида вафот этгунича ҳукмда давом этди.

Ағлабийлар

Абу Жаъфар Мансур ҳижрий 148 йили Африкага Ағлаб ибн Солим Тамимийни волий қилиб юборган эди. У Қайрувонга етиб бориб, Ҳасан ибн Ҳарб Киндийни мағлуб этиб, Қайрувонни унинг қўлидан тортиб олганди. Бироқ Ҳасан ибн Ҳарб Тунисга қайтган ва иккинчи марта ҳамла қилиб, Ағлабни ўлдиришга муваффақ бўлган эди. Ағлаб ўлдирилганда унинг Иброҳим исмли 10 ёшли ўғли бор эди. У келгусида Африкадаги ҳаракатларда жуда катта рол ўйнайди ва ағлабийлар давлати асосчиси бўлади. Иброҳим отасиниг ўлимидан сўнг Мисрга кетди ва у ерда фиқҳ ўқиди, сўнг Мағрибга кетди ва Ўрта Мағрибда Зоб минтақасида яшаб қолди.

Ҳижрий 151 йили Африкага Амр ибн Ҳафс Муҳаллабий волий бўлиб келди, сўнг унга қарши қўзғолонлар юз бериб, у ўлдирилди. Унинг ортидан Язид ибн Ҳотим ибн Қубайса ибн Муҳаллаб ибн Аби Суфра хаворижлар ҳаракатига тамомила барҳам беришнинг уддасидан чиқди, сўнг то 170 йили вафот этгунига қадар ҳоким бўлиб қолди. Кейин унинг ортидан ўғли Довуд ибн Язид, сўнг иниси Равҳ ибн Ҳотим, сўнг Фазл ибн Равҳ келди. 178 йили Абдавайҳ Анборий қўзғолон кўтарди ва Фазл ибн Равҳ ибн Ҳотим Муҳаллабийни ўлдирди, Оли Муҳаллаб династиясини Африкадан қувиб чиқарди.

Зоб ҳокими Ало ибн Саид 179 йили Қайрувонга юриш қилиб, уни қайтариб олишга муваффақ бўлди ва уни Ҳорун Рашид тарафидан Африкага волий қилиб юборилган Ҳарсама ибн Аъянга топширди. Иброҳим ибн Ағлаб Ало билан бирга эди. Ҳарсама Иброҳимни ўзига яқин олиб, уни Зобга волий қилди.

Рашид эмикдош иниси Муҳаммад ибн Муқотил Аккийни Африкага волий қилиб юборди, 183 йил халқ ва қўшинлар унга қарши қўзғолди, шунингдек Тунисдаги волийси Таммом ибн Тамим ҳам унга қарши бош кўтарди. Шунда Иброҳим ибн Ағлаб ўз қўшини билан Муҳаммад ибн Муқотилга Таммом ибн Тамимга қарши урушида ёрдам берди. Сўнг Рашид иниси Муҳаммад ибн Муқотил Аккийни 184 йили мансабидан бўшатди ва ўрнига Иброҳим ибн Ағлабни волий қилиб тайинлади. Иброҳим волийликка тайинланганидан бошлаб ўзи ва ортидаги ўғиллари учун давлат ташкил қилиш ҳаракатини бошлаб юборди.

Ҳорун Рашид Иброҳим ибн Ағлабнинг истагини билди ва шунга қарамай уни волийликда қолдирди, балки уни модомики аббосийлар номидан иш кўрар экан, қўллаб-қувватлади. Хоссатан ўша даврда Рашид Рум урушлари, хазарлар ҳужуми ва Машриқ муаммолари билан машғул эди. Қолаверса, у давлатнинг ғарбий тарафларини Мағриб ва Андалусда ташкил топган хаворижлар, идрисийлар ва умавийлардан иборат амирликлардан ҳимоя қилишни истарди. Рашиднинг ихтиёрида Ўрта денгиз иқлимларини ҳимоя қиладиган флот йўқ эди, шу боис у Иброҳим ибн Ағлабнинг давлатини назорат қилиб туриш билан кифояланди ва бу давлатнинг бошқа амирликлар каби тамомила ўз назорати остидан чиқиб кетганидан кўра шу ҳолда қолишини афзал деб билди.

Яқин Мағрибда Ҳамдис ал-Киндий номли шахс Иброҳим ибн Ағлабга қарши қўзғолон кўтарди, лекин у Ибн Ағлабдан мағлуб бўлди.

189 йили Траблус аҳли Иброҳимнинг уларнинг шаҳридаги омили Суфён ибн Муҳожирга қарши бош кўтарди, лекин Ибн Ағлаб уларни бўйсундириш уддасидан чиқди. Шундай қилиб, ағлабийлар давлати Яқин Мағрибда оёқда қолди.

 

Изоҳ қолдиринг