“Жавобинг ўзинг билан”, деса талоқ тушадими?

0

Савол:

Домла, эрим беш йил олдин ишлагани Россияга кетганди. Ҳанузгача ота-онасидан ҳам, фарзандларидан ҳам хабар олмади, пул ҳам юбормади. Мен унга: “Ёнингизга борай, бирга ишлаб қарзларимизни узамиз” – десам ҳам унамади. Кейин қайнона ва қайнотам: “Туркияга бориб ишланг, сизни боқишга қурбимиз етмайди” – дейишди. Хўжайинимга Туркияга бормоқчи эканимни айтсам: “Агар борсанг, жавобинг ўзинг билан” – деди. Мен ишламасам бўлмасди, фарзандларимни боқишим, қарзларимни узишим керак эди. Шу мақсадда Туркияга келдим. Энди менинг ҳукмим нима бўлади? Менга талоқ тушганми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Аввало бундай эркакларга Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраймиз. Жавобга келсак, эрингиз сизга: “Туркияга кетсанг, жавобинг ўзинг билан”, деган бўлса ва сиз шунга қарамай Туркияга кетган бўлсангиз, унда сизга бир ражъий талоқ тушган. Агар сиз Туркияга кетган кунингиздан бошлаб уч марта ҳайз кўргунингизча (бу талоқ қилинган аёлнинг идда муддати) эрингиз сизни қайтариб олмаса, унда ўртангиздаги эр-хотинлик риштаси узилади. Шундан сўнг сиз эрингизга бегона, эрингиз ҳам сизга бегона ҳисобланади. Иддангиз тугаганидан сўнг хоҳласангиз бошқа эркакка, хоҳласангиз собиқ эрингизга никоҳланишингиз мумкин. Бу ўзингизнинг хоҳишингизга боғлиқ, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 2210001

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг