Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Вилоятлар волийлари

0

Абу Бакр розияллоҳу анҳу турли вилоятларга волийлар тайинларди ва уларга ҳокимлик, қозилик, имомлик, садақалар (байтулмол) назорати ва раҳбарликнинг бошқа масъул вазифаларини топширар эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлкаларга амирлар ва волийларни гўзал танлашларини кузатиб, бу ишда у зотдан ўрнак олганди. Шунинг учун у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган ва у зот вафот этган пайтларида хизмат вазифасида бўлган жамики волийларини ўз ўрнида қолдирган ва улардан бирортасини ҳам мансабидан бўшатмаган эди, агар бўшатса ҳам, Амр ибн Ос билан бўлгани каби, аввалгисидан кўра муҳимроқ ўринга волийликка ўтказиш учунгина бўшатганди.

Абу Бакр Сиддиқ даврида волийларнинг энг муҳим масъулиятлари асосан қуйидаги вазифалардан иборат эди:

а) Намозда имомлик. Бу волийликнинг диний ва дунёвий, сиёсий ва ижтимоий соҳалардаги раҳбарлик маъносидан келиб чиқиб, волийларнинг асосий вазифаси эди. Волийлар одамларга намозларда, хусусан жума намозларида имом бўлиб намоз ўқирдилар. Намозда имомлик амирларнинг – хоҳ ўлкалар амири бўлсин, хоҳ лашкар амири бўлсин – вазифаси саналарди.

б) Жиҳод олиб бориш. Бу вазифани фатҳ этилган ўлкаларда қўшинларнинг амирлари бошқаришарди ва жиҳодга тааллуқли бўлган, ғаниматларни тақсимлаш, асирларни муҳофаза қилиш, душманлар билан келишувлар ё сулҳ битимлари тузиш каби ишларга шахсан бош-қош бўлишар эди.

в) Фатҳ қилинган ўлкаларнинг ишларини бошқариш, уларга халифанинг розилиги асосида қозилар ва мансабдор шахсларни тайинлаш ҳам волийлар ваколатига кирар эди.

г) Халифа учун байъатни қабул қилиш. Яман, Макка, Тоиф ва бошқа вилоятлардаги волийлар ўз қўллари остидаги вилоятлар аҳолисидан Абу Бакр учун байъатни қабул қилгандилар.

д) Вилоятлардаги молиявий ишлар, инчунун бойлардан закотни қабул қилиб олиб, камбағалларга тарқатиш, мусулмон бўлмаганлардан жизя олиш ва уни шаръий ўринларга сарф қилиш каби ишлар ҳам волийларга ёки уларнинг халифа ё волий томонидан тайинланадиган ёрдамчиларига топшириларди.

е) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида тузилган битимларни янгилаш. Нажрон насоролари талабига биноан, улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида тузилган битимни Нажрон волийси янгилаганди[1].

ж) Волийларнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳадларни қоим қилиш (яъни, жиноятчиларга шаръий жазо бериш) ва ўлкалар хавфсизлигини таъминлаш эди. Улар шаръий нусуслар (оят ва ҳадисдан олинган далиллар) бўлмаган ўринларда ўз райлари билан ижтиҳод қилишарди. Муҳожир ибн Абу Умайя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмонлаб ва вафот этганларидан хурсандликларини ифодалаб қўшиқ куйлаган икки аёлга жазо берганини бунга мисол қилиш мумкин. Бу ҳақда Сиддиқнинг ридда аҳлига қарши олиб борган урушлари бобида баён қиламиз, иншааллоҳ.

з) Волийларнинг ўз бошқарувлари остидаги ўлкаларда одамларга дин ишларини таълим беришда ва исломни ёйишда муҳим роли бор эди. Улардан кўплари масжидларда ўтириб, одамларга Қуръонни ва дин аҳкомларини ўргатардилар. Бу билан улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилардилар. Зеро,  бу вазифа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг халифалари Абу Бакр Сиддиқ назарларида энг муҳим ва шарафли вазифалардан саналарди. Муаррихлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Ҳазрамавтдаги волийси Зиёднинг кундалик иш-амали ҳақида сўзлаб шундай дейди: “Эртасига эрталаб Зиёд ўз одатига кўра, одамларга Қуръон ўқитишга киришди”[2].

Волий ўзи бошқараётган ўлка бошқарувидан бевосита масъул эди. Агар сафарга чиқса, то вазифасига қайтиб келгунича унинг ишларини бажариб турадиган бир кишини ўз ўрнига қўйиб кетарди. Масалан, Муҳожир ибн Абу Умайяни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Киндага волий қилгандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр уни амалида қолдирди. Муҳожир касаллиги туфайли Яманга тез кунда етиб боролмай қолди ва Зиёд ибн Лабидга мактуб йўллаб, унга то ўзи тузалиб, етиб боргунига қадар унинг вазифаларини адо этиб туришни топширди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишини тўғри санади[3].

Шунингдек, Холид ибн Валид ҳам Ироққа волийлиги асносида Ҳийрада ўз ўрнига бир кишини қолдириб, сафарга кетарди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу хоҳ қўшинга, хоҳ вилоятга амир танлашда саҳобалар билан маслаҳатлашарди. Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб ва бошқа бир неча саҳобалар Абу Бакрнинг асосий маслаҳатчилари эди. Қолаверса, бир кишини волийликка тайин қилишдан олдин, хусусан уни бир вилоят волийлигидан бошқа вилоят волийлигига кўчираётган бўлса, Абу Бакр Сиддиқ унинг ўзи билан ҳам маслаҳатлашарди. Масалан, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тайин этилган мансабидан олиб, Фаластин қўшини волийлигига ўтказишдан олдин Абу Бакр Сиддиқ унинг ўзи билан маслаҳатлашиб, розилигини олганидан кейин бу ишга қарор берди.

Муҳожир ибн Абу Умайя билан ҳам шунга ўхшаш ҳол бўлган эди. Абу Бакр уни Яман ва Ҳазрамавт волийлигидан бирини танлашга ихтиёрли қилганида Муҳожир Яманни танлади, шундан сўнг Абу Бакр уни Яманга волий этиб тайинлади[4].

Абу Бакр Сиддиқ баъзи солиҳ кишиларни ўз қавмларига волий қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашди, Тоифга ва бошқа бир қанча жойларга шу йўсинда волий тайин этди.

Абу Бакрнинг волийларга муносабати ўзаро ҳурмат-эҳтиром асосига қурилган эди. Вилоятлар билан халифа ўртасидаги борди-келди алоқалар давомли суратда бўлиб турарди. Бу алоқаларнинг аксарияти вилоят манфаатлари ва иш юзасидан бўлган алоқалар эди. Волийлар кўпинча баъзи ишларда маслаҳат сўраб, Абу Бакр Сиддиққа мактуб йўллашарди. Абу Бакр ҳам уларга жавоб ёзиб юборарди ё амру фармонлар йўлларди. Шунингдек, волийлар унга ўз вилоятларида бўлаётган ишлар ҳақида хабарлар йўллаб турардилар. Волийлар бир-бирлари билан ҳам ўзаро учрашувлар ва мактублар орқали алоқада бўлиб турардилар.

Ислом давлати Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида бир неча вилоятларга бўлинган эди. Қуйида ушбу вилоятлар ва уларнинг волийлари номини айтиб ўтамиз:

1) Мадина. Давлат пойтахти бўлиб, унда Абу Бакр Сиддиқнинг ўзи ҳукм юритар эди.
2) Макка. Унинг амири Аттоб ибн Усайд эди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайин қилганлар ва Абу Бакр Сиддиқ замонида ҳам у волийликда бўлди.
3) Тоиф. Унинг амири Усмон ибн Абул Ос Сақафий эди. Уни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайин қилганлар ва Абу Бакр Сиддиқ замонида ҳам у волийликда бўлди.
4) Санъо. Амири Муҳожир ибн Абу Умайя эди. У уни фатҳ қилган ва муртадларга барҳам берилганидан сўнг унга волий бўлган.
5) Ҳазрамавт. Унинг волийси Зиёд ибн Лабид эди.
6) Забид ва Адан. Волийси Абу Мусо Ашъарий эди.
7) Хавлон. Волийси Яъло ибн Умайя эди.
8) Жанад. Амири Муоз ибн Жабал эди.
9) Нажрон. Волийси Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий эди.
10) Жараш. Волийси Абдуллоҳ ибн Савр эди.
11) Баҳрайн. Унинг волийси Ало ибн Ҳазрамий эди.
12) Ироқ ва Шом. Қўшин амирлари уларда волий ҳам эди.
13) Умон. Волийси Ҳузайфа ибн Миҳсон эди.
14) Ямома. Волийси Сулайт ибн Қайс эди[5].

[1] “Тарихи Табарий” (3/165).
[2] “Ал-вилояту алал булдон” (1/60).
[3] “Ал-вилояту алал булдон” (1/55).
[4] Аввалги манба (1/57).
[5] Мансур ал-Ҳаробий, “Ад-дувалул арабиятул исломия” (96-97-бетлар).

Изоҳ қолдиринг