Хулуъ қилинган аёл собиқ эрига турмушга чиқиши мумкинми?

0

Савол:

Хулуъ қилинган аёл собиқ эрига турмушга чиқиши мумкинми? Бунинг учун бошқага никоҳланиб чиқиши шартми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Хулуъ қилинган аёл вақт ўтиши билан фикри ўзгарса ва олдин талоқ қилинмаган бўлса ёки бир марта талоқ қилинган бўлса, собиқ эрига қайта турмушга чиқиши мумкин. Бунинг шариатга хилоф жойи йўқ. Собиқ эрига турмушга чиқишидан олдин бошқага никоҳланиб чиқиши шарт эмас.

Бироқ аёл хулуъ қилинишидан олдин эри уни икки маротаба талоқ қилиб, қайтариб олган бўлса ва учинчи мартасида хулуъ қилганида талоқ сўзи воситасида хулуъ қилган бўлса, унда аксар аҳли илмларнинг фикрига кўра аёл бошқага никоҳланиб чиқмагунича собиқ эрига қайта никоҳлана олмайди. Чунки талоқ сўзи билан қилинган хулуъ аксар уламолар назарида талоқ деб эътиборга олинади.

Агар аёл хулуъ қилинишидан олдин эри уни икки маротаба талоқ қилиб қайтариб олган бўлса ва учинчи мартасида хулуъ қилганида талоқ сўзи айтилмаган бўлса, унда ҳанафий ва моликий мазҳабларига кўра, аёл бошқага никоҳланиб чиқмагунича собиқ эрига қайта никоҳлана олмайди. Чунки улар хулуъни талоқ деб ҳисоблашади. Шофеий ҳамда ҳанбалий мазҳабларига кўра, бундай ҳолатда собиқ эрига никоҳланиши дуруст. Чунки улар хулуъни талоқ деб эмас, никоҳни бекор қилиш деб эътиборга оладилар. Далил жиҳатдан ҳанбалийларнинг фикрлари кучли, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 2211003

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг