Рукуда қўллар қандай туриши керак?

0

Савол:

Рукуда қўлнинг ҳолати қандай бўлиши керак, қўлни тиззага қўйиб, бармоқлар орасини очиброқ туриш керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Ҳа, руку қилганда икки қўлни тиззага қўйиб, бармоқлар орасини очиб туриш суннат. Қуйида бунга далолат қиладиган далилларни келтирамиз:

1– Абу Ҳумайддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим… руку қилсалар икки қўллари билан тиззаларини маҳкам ушлаб олар эдилар” [Бухорий ривояти]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозини рисоладагидек ўқимаган аъробийни ҳам рукуда ана шундай қилишга буюрган эдилар: “Сўнг такбир айтиб (руку қилади ва) икки қўлини икки тиззаларига қўяди” [Абу Довуд ривояти].

2 – Абу Масъуд розияллоҳу анҳу руку қилди, қўлларини биқинидан узоқлаштирди, икки қўлини икки тиззасига қўйди ва бармоқлари орасини очди”. Абу Масъуд айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана шундай намоз ўқиганларини кўрганман” [Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривояти]. Рифоа ибн Рофеъдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Руку қилсанг икки кафтингни икки тиззангга қўй” [Абу Довуд ривояти].

Шавконий “Найлул автор”да (2/244) охирги икки ҳадис тўғрисида шундай дейди: “Ҳар икки ҳадисда бирон таънага ўрин йўқ, зеро, санадларидаги барча ровийлар ишончли ровийлардир”.

3– Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилсалар бармоқлари орасини очар, сажда қилсалар бармоқларини йиғиб турар эдилар” [Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган].

Эслатма: исломнинг аввалида руку қилган киши белини букиб, икки кафтини бир-бирига ёпиштириб, қўлини икки сонининг ўртасига қистирар эди. Кейинчалик юқорида зикр қилинган кўриниш йўлга қўйилиб, бундай руку қилиш тартиби бекор қилинди. Мусъаб ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қилади. Мусъаб айтади: “Отамнинг ёнида туриб намоз ўқидим. (Руку қилганимда) икки кафтимни бир бирига ёпиштириб, икки сонимнинг орасига қистирдим. Шунда отам мени бундан қайтариб, шундай дедилар: “Биз илгари шундай қилар эдик. Сўнг (рукуда) қўлларимизни тиззага қўйишга буюрилдик” [Бухорий, Муслим ривояти].

Изоҳ қолдиринг