Тавофи ифоза қилиш

0

(23) Сўнг Маккага бориб, “тавофи ифоза” қилади

Тавофи ифоза наҳр (ҳайит) куни қилинади. Чунки имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келганидек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавофи ифозани ҳайит куни қилганлар. Тавофи ифоза олдин айтиб ўтганимиздек, Каъба атрофида етти марта айланишдан иборат. Бироқ бу тавофда “изтибоъ” ва “рамл” қилинмайди[1].

Мазкур тавофга “тавофи ифоза”, “тавофи зиёра”, ёки “тавофи рукн” деб айтилади.

Тавоф қилиб бўлгач, олдин айтиб ўтганимиздек, “Мақоми Иброҳим” олдида икки ракаат намоз ўқилади. Шуни яхши билиш лозимки, тавофи ифозани зулҳижжа ойининг охирига қадар кечиктириш жоиз. Шундай бўлса-да, бирон узр бўлмаса, бу тавофни зулҳижжа ойидан кечиктириш жоиз эмас.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Юқорида айтиб ўтганимиздек, тавофи ифозани ҳайит кунидан кечиктириш жоиз. Бироқ тавофни кечиктирган ҳолатда эҳромга қайтиш лозимми ёки ярим (биринчи) эҳромдан чиққан бўйи, яъни аёлларга яқинлик қилишдан бошқа эҳромда тақиқланган барча ишлар ҳалоллигича қолаверадими?

Жавоб: жумҳур уламолар фикрича, тавофни ҳайит куни қуёш ботгандан кейинга кечиктирса ҳам ярим тавофдан чиққан бўйи юраверади. Бу фикрни шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган.

 Айрим тобеинлар, жумладан, Урва ибн Зубайрнинг фикрича, киши ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тавоф қилмаса, худди «Жамра»да тош отишдан олдинги ҳолатидаги каби эҳром ҳолатига қайтиб қолади. Бинобарин, одатдаги кийимларини ечиб, эҳром кийиши лозим бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Бу кун (яъни ҳайит куни) агар сизлар «Жамра»да тош отган бўлсангизлар, аёлларга яқинлик қилишдан бошқа эҳромда ҳаром қилинган барча ишларни қилиш сизларга рухсат берилган кундир. Агар қуёш ботгунча Каъбани тавоф қилмаган бўлсангиз, у ҳолда то уни тавоф қилмагунча «Жамра»да тош отишингиздан олдинги ҳолатингиздагидек эҳромда бўлиб қоласиз»[2].

Шайх Албоний мазкур ҳадисни саҳиҳ дегач, шу фикрни қўллаб-қувватлаган[3].

(2) Тавофга тегишли ҳукмлар билан танишиш учун «Каъбани тавоф қилиш» мақоласига мурожаат қилинг.

(3) Аёл киши ўз ҳамроҳларидан ортда қолиб кетишдан қўрқса, тавофи ифоза қилиб олиш учун ҳайзни кечиктирадиган воситаларни қўллаши жоиздир. Агар бундай хавотир бўлмаса, у ҳолда ҳайз келишини олдини оладиган воситаларни қўлламагани ва қачон ҳайздан покланса, ўшанда тавоф қилгани афзал.

[1] Тавофга оид аҳкомлар билан танишиш учун «Каъбани тавоф қилиш» мақоласига мурожаат қилишингиз мумкин.
«Изтибоъ» – эркакларнинг ўнг елкаларини очиб, эҳромнинг бир учини чап елкаларига ташлаб олиши.
«Рамл» – тавофнинг дастлабки уч марта айланишида йўрғалаб юриш
[2] Абу Довуд (1999), Аҳмад (6/295) ривояти. Шайх Албоний саҳиҳ деган. Бироқ мазкур ҳадисни аксар муҳаддислар ҳужжатликка ярамайдиган заиф ҳадис дейишган. Шунинг учун бу борада жумҳур уламолар фикри рожиҳдир.
[3] Қаранг: «Маносикул ҳажжи вал умра» (32-бет).

Изоҳ қолдиринг