Қуддуснинг динимиздаги мавқеи ва аҳамияти

0

Маълумки, Қуддус шаҳри динимизда катта аҳамиятга эга муқаддас жойларнинг бири саналиб, унинг фазилати ҳақида талай оят ва ҳадислар мавжуд. Қуйида уларнинг айримларини зикр қиламиз:

1 – Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Қуддусни муборак – баракотли ер деб таърифлаган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ кечанинг бир қисмида Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжиди Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи зотдир[Исро: 1].

2 – Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Қуддусни муқаддас замин деб васфлаган. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмига қарата айтган сўзи ҳақида хабар бериб шундай дейди: “(Мусо деди:) Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу Муқаддас ерга (яъни Қуддусга) киринг![Моида: 21].

3 – Қуддусда Масжиди Ақсо жойлашган бўлиб, у ерда ўқилган биргина намоз бошқа масжидларда ўқилган икки юз элликта намозга тенг. Фақат бундан Масжиди Ҳаром ва Масжиди Набавий мустаснодир.

Абу Зар розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида Масжиди Набавий афзалми ёки Масжиди Ақсоми, деб баҳслашиб қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг масжидимда ўқилган битта намоз Байтил Мақдисда ўқилган тўртта намоздан афзал. У ер (яъни Байтил Мақдис) нақадар яхши намозгоҳ. Ҳали шундай вақтлар келадики, киши учун отининг арқони миқдорича Байтил Мақдис кўриниб турадиган ери бўлиши дунёдаги барча нарсадан яхшироқ бўлиб қолади[Ҳоким “Мустадрак”да (4/509) ривоят қилиб саҳиҳ деган ва Заҳабий мувофиқ бўлган. Шайх Албоний ҳам саҳиҳ деган].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидида ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан минг карра устун саналади. Демак, Масжиди Ақсода ўқилган биргина намоз бошқа масжидларда ўқилган икки юз элликта намозга тенг экан.

Айрим ривоятларда Масжиди Ақсода ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан беш юз чандон устун дейилади. Аммо бу ҳадис заифдир[1].

4 – Охир замонда чиқадиган дажжол Қуддусга кира олмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Дажжол Ҳарам (Макка ва Мадина) ва Байтил Мақдисдан бошқа ер юзидаги барча ерга кира олади[Аҳмад: 19665, Ибн Хузайма: 2/327 ва Ибн Ҳиббон: 7/102].

5 – Масиҳ Исо ибн Марям дажжолни Қуддус яқинида ўлдиради. Имом Муслим Наввос ибн Самъондан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Ибн Марям дажжолни Луд дарвозаси олдида ўлдиради[Муслим: 2937]. Луд дарвозаси Қуддусга яқин ерда жойлашгандир.

6 – Исро ва меърож кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги Масжиди Ҳаромдан Қуддусдаги Масжиди Ақсога сайр қилдирилган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ кечанинг бир қисмида Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжиди Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир[Исро: 1].

7 – Қуддусдаги Масжиди Ақсо мусулмонларнинг илк қибласи саналади. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн олти ёки ўн етти ой Байтил Мақдис томонга юзланиб намоз ўқидилар[Бухорий: 41 ва Муслим: 525].

8 – Қуддус Аллоҳ таолонинг ваҳийси нозил бўлган ҳамда талай пайғамбарлар яшаб ўтган муқаддас замин саналади.

9 – Шариатимиз ибодат қилиш мақсадида фақатгина уч масжидга сафар қилишга рухсат берган бўлиб, Байтил Мақдис ушбу уч масжиднинг бири саналади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч масжиддан бошқа бирон масжидга ибодат мақсадида сафар қилманглар. Улар Масжиди Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсодир[Бухорий: 1132 ва Муслим: 827].

10 – Байтил Мақдисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиганлар. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “… Намоз вақти бўлди ва мен Пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидим” [Муслим: 172].

Масжиди Ақсони Яъқуб алайҳиссалом қурганлиги яҳудлар у ерга эгалик қилишга мусулмонлардан кўра ҳақлироқ эканини англатмайди. Негаки, Яъқуб алайҳиссалом ёлғиз Аллоҳга ибодат қилувчи муваҳҳид зот бўлган. Унинг зурриёти бўлмиш яҳудлар эса Аллоҳга айрим бандаларини шерик қилган мушрикдирлар. Қолаверса, Яъқуб алайҳиссалом Масжиди Ақсони фақат яҳудлар учун қурмаган. Яъқуб алайҳиссалом уни гарчи мушрик бўлса-да, фақат ўз зурриёти учун эмас, балки зурриётидан бўлмаса-да, у ерда ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилувчи муваҳҳидлар учун қурган. Зеро, барча пайғамбарларнинг даъвати ирқчиликка эмас, балки тавҳид ва тақвога асосланган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтил Мақдисда барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиганлари шуни таъкидлайдики, барча пайғамбарлар рисолатининг манбаси, ақида ва бош ғояси бир бўлган. Зеро, барча пайғамбарлар рисолати Аллоҳ таолонинг ваҳийсидан олинган бўлиб, ақида ва бош ғоялари одамларни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликка чақириш бўлган. Бунга имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен Исо ибн Марямга дунё ва охиратда энг яқин инсонман. Пайғамбарлар ота бир, оналари бошқа-бошқа бўлган ака-укалар сингаридир. Уларнинг (отаси, яъни) дини бир, оналари (яъни амалий шариатлари) эса бошқа-бошқа[Бухорий: 3259 ва Муслим: 2365].

Яҳудларнинг Қуддус ерларида ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Яҳудлар ушбу муқаддас заминда олдиндан яшаб келаётган бўлсалар-да, Қуддус икки жиҳатдан мусулмонларга тегишли ҳисобланади:

1 – Яҳудлар Мусо ва Исо алайҳимассаломга эргашиб, уларга ёрдам берган Бани Исроил уруғидан бўлган мўминлар йўлига эргашмадилар ва кофир бўлдилар.

2 – Биз мусулмонлар яҳудларга қараганда Қуддусга ҳақлироқмиз. Негаки, ҳар қандай ер уни биринчи бўлиб обод қилган халқнинг эмас, балки унда Аллоҳ таолонинг ҳукмини жорий қилган халқники ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло осмону ерларни бандалар унда Аллоҳ таолога ибодат қилишлари, Унинг дини, шариати ва ҳукмини ижро қилишлари учун яратган. Аллоҳ таоло айтади: “Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники бўлур[Аъроф: 128].

Бинобарин, мусулмон бўлмаган араб халқи ислом диёрларида ислом динидан бошқа дин билан ҳукм қилса, то ислом дини билан ҳукм қилмагунларича уларга қарши жанг қилинади.

Масала халқ, элат ёки ирқчиликда эмас, балки тавҳид ва исломдадир.

Қўшимча фойда учун айрим тадқиқотчиларнинг қуйидаги сўзини келтирамиз:

“Тарихдан маълумки, Фаластин ерларида биринчи бўлиб яшай бошлаган қабила Канъонийлар бўлиб, улар Фаластинга милоддан олти минг йил илгари кўчиб келишган. Канъонийлар Арабистон ярим оролидан Фаластинга кўчиб келган араб қабилаларидан бири ҳисобланади… Яҳудлар эса илк бор Фаластинга Иброҳим алайҳиссалом у ерга кирганларидан тахминан олти юз йил ўтиб киришган. Яъни яҳудлар Фаластинга дастлаб милоддан минг тўрт юз (1400) йил олдин киришган. Канъонийлар бўлса, яҳудлар унга киришларидан тўрт минг беш юз (4500) йил олдин кириб, у ерда яшай бошлашган” [“Сионизм – пайдо бўлиши, низоми ва фаолияти”, 7-8 бет. Аҳмад Ал-Авазий].

Юқоридаги маълумотлардан шуни билиб оламизки, яҳудларнинг Фаластин ерларида на диний-шаръий жиҳатдан ва на биринчи бўлиб кирганлик жиҳатдан ҳақлари бор. Балки улар бировнинг ерини ноҳақ тортиб олган тажовузкор миллатдир. Аллоҳ таолодан тез кунларда Байтил Мақдисни улардан халос қилишини сўраб қоламиз. Албатта бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. Алҳамдулиллаҳи Раббил оламийн.

[1] Қаранг: “Тамомил минна”, 292 бет.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг