Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим алайҳиссаломнинг Байтил Мақдисга қайтиши, унга ислом умматининг башорати берилиши ва Лут алайҳиссаломнинг Ғаврул Урдунга ҳижрати

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг муқаддас заминга қайтиши

Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом Миср диёридан олдин ўзи яшаб турган муқаддас замин ва муборак жой – Байтил Мақдис (Қуддус) диёрига қайтди. Иброҳим алайҳиссалом ўзи билан бирга кўплаб чорва моллари, қуллар ва мўл-кўл мол-давлат билан қайтди. Шунингдек, уларга Мисрлик қибтий аёл Ҳожар ҳам ҳамроҳлик қилди.

Лут алайҳиссаломнинг Ғаврул Урдун[1]га ҳижрат қилиши

Шундан сўнг Лут алайҳиссалом ўзига тегишли катта мол-мулк билан Ғавр минтақасига ҳижрат қилди. Бу амакиси Иброҳим алайҳиссаломнинг унга кўрсатмаси эди. Бу минтақа Ғавру Зуғар номи билан машҳур эди. Лут алайҳиссалом ўша замонда бу минтақанинг пойтахти бўлмиш Саддум[2] шаҳрига бориб жойлашди. Бу шаҳар аҳолиси ўта ёвуз, кофир ва бузуқ одамлар эди.

Раб таборака ва таолонинг халили Иброҳим алайҳиссаломга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зот умматининг башоратини бериши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ваҳий қилиб, узоқларга кўз тикиб қарашликка, шимол, жануб, шарқ ва ғарб томонларга назар солишга буюрди. Ана шу бепоён ерларнинг барчасини то охирзамонга қадар Иброҳим алайҳиссалом ва ундан тарқаган зурриётларига насиб қилишини, ҳатто унинг зурриётлари кўпайиб ер тупроқлари миқдорича бўлишини башорат қилди.

Бу башорат мана бу уммат – ислом умматига туташди. Балки бу башорат фақат уммати Муҳаммадия даврига келибгина мукаммал бўлди ва кенг кўламда акс этди. Бу фикрни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳам қўллаб-қувватлайди: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ер юзасини ўради ва мен унинг машриқ ва мағриб томонларини кўрдим. Келажакда менинг умматим мулку-салтанати ернинг менга ўралган жойига (яъни, унинг мағрибу машриқига) қадар етиб боради»[3].

[1] Ҳозирги Иордания, Фаластин ва босқинчи Исроил давлати ва ларида Иордан дарёси бўйлаб жойлашган минтақа. Ўлик денгиз, шунингдек, ер куррасидаги энг чуқур жой ҳам айнан шу минтақада жойлашган бўлиб, тупроғининг серунумлиги билан ажралиб туради.
[2] Саддум шаҳри ҳозирги Иордания ва Фаластин давлатлари ўртасида жойлашган Ўлик денгизнинг жанубий соҳилларидаги тоғ ён бағрида жойлашган бўлган.
[3] Муслим (2889) Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг