Масжиди Ақсони биласизми?

0

“Масжиди ақсо” ҳадисларда келган намоз ўқиш учун сафар қилиб бориладиган уч масжиддан биридир. Масжид “Эски шаҳар” деб танилган Қуддус шаҳрининг жанубий шарқида жойлашган. Девор билан ўралган мажмуанинг барчасига “Масжиди ақсо” дейилади. У қарийб 200 га яқин осори-атиқаларни ўз ичига олган. Улардан энг кўзга кўринганлари “Масжиди Қиблий”, “Қуббати Сахра” ва “Ал-мусалла Ал-Марвоний”дир. Мажмуа ер майдони 144.000 метр квадратдан иборат бўлиб, “Эски шаҳар”нинг қарийб олтидан бир қисмини ташкил этади. Ақсонинг ўн тўртта дарвозаси бор. “Раҳма”, “Мағориба”, “Силсила”, “Ҳадид”, “Мажлис”, “Ғавонима” ва “Ҳатта” шулар жумласидан. Ўн бир дарвозадан тўрттаси ёпиб қўйилган. “Мағориба” дарвозасининг калитлари 1967 йилдан буён босқинчи Исроил ҳукуматининг қўлида бўлиб, дарвозани очиш ва ёпиш уларнинг ихтиёрида. “Масжиди ақсо”нинг кўзга кўринган осорларидан бири “Масжиди Қиблий” бўлиб, масжиднинг қибла томони бўлмиш жанубида жойлашган. “Масжиди Қиблий”ни Қуддус фатҳ қилинганда дастлаб Умар ибн Хаттоб қурдирган. “Масжиди қиблий”нинг ер майдони қарийб 4000 метр квадратдан иборат бўлиб, ўн битта эшиги бор. “Ал-мусалла Ал-Марвоний” Ақсонинг жануби-шарқий томонида жойлашган бўлиб, халифа Абдулмалик ибн Марвонга нисбат берилиб шундай номланади. Қадимда унинг номи “Ат-тасвия Аш-шарқийя” бўлган. Унинг ер майдони қарийб 3800 метр квадратдан иборат. “Қуббати сахра” масжиди саккиз бурчакли бинодан иборат бўлиб, тўртта эшиги бор. Масжид қуббасининг қурилиши ҳижрий 66 йилда халифа Абдулмалик ибн Марвон буйруғи билан бошланиб, 72 йилда тугатилган. Масжид ичида доира шаклидаги бино мавжуд бўлиб, унинг ўртасида катта бир тош жойлашган. Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Меърож” кечасида унинг устидан осмонга кўтарилганлар. “Мусалла буроқ” Ақсонинг жануби-ғарбий томонида жойлашган. Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Меърож” кечасида уловлари “Буроқ”ни ўша ерга боғлаганлар ва шунинг учун бу номни олган. “Масжиди Мағориба” масжиднинг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган осорлардан бири. У Ақсонинг эски намозгоҳи саналиб, “Масжиди Қиблий”нинг пастки томонидан жой олган. “Буроқ девори” масжиднинг ғарбий деворининг бир қисмидир. Яҳудлар уни ўзлари тўқиб олишган Сулаймон ҳайкалининг қолдиғи деб даъво қилишади.

Изоҳ қолдиринг