Муҳаддислар: Имом Термизий (1)

0

Исми ва насаби:

Имомнинг тўлиқ исм-шарифи Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок[1] Суламий Термизий бўлиб, куняси Абу Исодир.

Туғилган жойи ва санаси:

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 210 (мелодий 825) йиллар атрофида таваллуд топган.

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ўта тақводор, фоний дунёга қиё боқмайдиган, ҳаётини илм ва ибодатга бағишлаган зот эди. У ҳамиша солиҳ инсонлар билан бирга юрар, талай яхши хислатларда имом Бухорийдан қолишмас эди.

Аллома Умар Маррузий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий)дан сўнг илм ва тақвода Абу Исога тенг келадигани қолмади. Термизий роҳимаҳуллоҳ Аллоҳдан қўрқиб кўп йиғлаганидан кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йиллаб кўзи ожиз ҳолда яшади[2].

Ёшлиги ва таълим олиш йўлидаги саъйи-ҳаракати:

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмининг олтин даври ҳисобланган ҳижрий учинчи асрда Термиз шаҳрида камбағал оилада ўсиб-улғайди. Муаррихлар Термизийнинг ёшлиги, қай тарзда ўсиб-улғайгани, илм олишни қачон ва қандай бошлагани ҳақида бирон маълумот беришмаган[3]. Шунингдек, биз билган барча тарих китобларда имом Термизийнинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти ҳақида ҳеч нарса дейилмаган[4].

Муаррих уламолар имом Термизийнинг кўзлари ожиз бўлганини зикр қилишган. Аммо имомнинг кўзи туғма кўр бўлганми ёки кейинчалик ожиз бўлиб қолганми, бу борада турлича фикр билдиришган. Тўғрироқ фикрга кўра, имом Термизий диний билимни олиб, ҳадис тўплаш мақсадида сафар қилиб, китоблар ёзганидан сўнг кўзлари ожиз бўлиб қолган. Бу ҳақда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Термизийнинг ҳаёти билан танишиб чиққан одам унинг кўзи илм ўрганиб, илм йўлида сафар қилиб, баҳс-мунозара қилиб, китоблар ёзгандан кейин ожиз бўлиб қолганини кўриши мумкин[5].

Имом Термизий илм олишда ва ҳадис илмини ўзлаштиришда ўз шаҳридаги уламоларга чекланиб қолмади. Балки илм ўрганиш мақсадида бир қанча ислом ўлкаларига сафар қилди. Зеро, ҳижрий учинчи асрга келиб, илм талабида сафар қилиш барча толиби илмларнинг, хусусан ҳадис илмини ўрганмоқчи бўлган толиби илмларнинг бурчига айланган  эди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Кўпчилик толиби илмлар ҳадис илмини ўша дварнинг забардаст олимларидан таълим олиш учун ўз ватанлари, киндик қони тўкилган ерларини ташлаб, улар олдига сафар қилишар эди.

Айрим муаррихлар имом Термизий илм талабидаги сафарини ҳижрий 240 йилдан кейин бошлаганини зикр қилишган[6]. У илмий сафарини дастлаб Бухоро шаҳридан бошлаб, кейин ҳозирда Туркманистонда жойлашган Марв шаҳрига, кейин Райга[7] сафар қилади. Ушбу диёрлардаги уламолардан таълим олгач, Басра, Восит ва Кўфа шаҳарлари томон отланади. Сўнг у ерлардан Ҳижоз ўлкасига йўл олади[8].

Мартабаси ва уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари:

Имом Термизийда талай мақтовга сазовор фазилатли хислатлар жамланган эди. Бинобарин, имомнинг бундай олий хислатларини кўриб билган уламолар унга кўплаб мақтовлар ва олқишлар айтишган. Имом Термизийнинг тақводорлиги, Пайғамбаримиз суннатига изчил эргашиши, ўткир зеҳни, кучли хотираси ва кенг қамровли илми унинг кўзга яққол ташланадиган энг мақтовли хислатларидан эди. Қуйида уламоларнинг имом Термизий ҳақида айтган айрим мақтов ва олқишларини келтирамиз.

Абу Саид Идрисий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган (сўз олинадиган) имомларнинг бири. Термизий қаламига мансуб “Ал-Жоме”, “Таворих” ва “Ал-Илал” китобилари унинг ўта моҳир олим бўлганини кўрсатади. Хотираси кучлилигида тенгсиз эди[9].

Наср ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Муҳаммад ибн Исонинг шундай деганини эшитганман: “Менга Муҳаммад ибн Исмоил (яъни Бухорий) бундай деди: “Сен мендан олган (илмий) фойдангдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим”[10].

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Термизий ҳадис фани имомларидан бири эди[11].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Термизий ўз замонидаги ҳадис илми имомларидан бири бўлган[12].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Термизий атоқли имомларнинг бири бўлган[13].

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг кўпчилик уламоларни лол қолдирган хислатларидан бири зеҳни ўткирлиги ва хотираси кучлилиги эди. Қуйида унинг хотираси нақадар кучли бўлганига далолат қиладиган бир воқеани зикр қиламиз.

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кунларнинг бирида Маккага қараб йўл олдим. Бир шайхнинг ривоят қилган ҳадисларни ундан эшитган шогирдлари орқали иккита дафтарга ёзиб олган эдим. Ўша шайх ҳақида суриштириб, ниҳоят уни топдим ва ёзиб олганим ҳадисларни унинг ўзидан бевосита эшитиш мақсадида ундан ўша ҳадисларни менга айтиб беришини сўраган эдим, рози бўлди. Мен ҳадислар ёзилган ҳалиги икки дафтарни олдим деган ўйда адашиб бошқа бўш икки дафтарни олган эканман. Шайх ёддан ҳадисларни айта бошлади. Бир пайт қўлимда бўша дафтарлар турганини кўриб қолиб: “Уялмайсанми?!”, деди. (Яъни сен ўзинг мендан ёзган ҳадисларингни текшириб олиш учун сенга ҳадис айтиб беришимни илтимос қилдинг. Лекин қўлингда ҳадислар ёзилган дафтарлар йўқ-ку!). Мен адашиб бошқа бўш дафтарларни олганимни, ҳозир айтган барча ҳадисларини ёд олганимни айтдим. Шайх: “Ундай бўлса, қани, ҳозир айтган ҳадисларимни айт-чи”, деди. Мен уларнинг барчасини ёддан ўқиб бердим. Шайх ушбу ҳадисларни ҳозир ёд олганимга ишонмасдан: “Эҳтимол, менинг олдимга келишдан олдин ёдлаб келгандирсан”, деди. Мен: “У ҳолда бундан бошқа ҳадисларни айтинг”, дедим. Сўнг у бошқа қирқта ҳадис айтиб: “Қани, ҳозир айтган ҳадисларимни айтиб бер-чи”, деди. Мен унга ҳозиргина айтиб берган қирқта ҳадисини, уларнинг бирон ҳарфида адашмай айтиб бердим. Шунда шайх деди: “Шу кунгача сенга ўхшаганини кўрмаганман”[14].

Кейинги мақоламизда имом Термизийнинг устозлари, шогирдлари, ёзган китоблари ва вафоти ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

 

[1] Айрим уламолар имом Термизийнинг насабини Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн Сакан деб зикр қилган.
[2] “Сияри аъломун-нубало”, 13/273.
[3] “Имом Термизий ва мувозанату байна жомеиҳи ва байна Саҳиҳайн”, 23 бет. Муаллифи Д. Нуриддин Итр.
[4] “Имом Термизий ва манҳажуҳу фи китобиҳи Ал-Жомеъ”, 1/68. Муаллифи Д. Адоб Маҳмуд Ал-ҳамс.
[5] “Бидоя ва ниҳоя”, 11/77.
[6] “Таҳзибул камол”, 1/401. Айрим замондош уламоларнинг фикрига кўра, имом Термизий илмий сафарини ҳижрий 235 йиллар атрофида бошлаган. Қаранг: “Имом Термизий ва мувозанату байна жомеиҳи ва байна Саҳиҳайн”, 25 бет. Муаллифи Д. Нуриддин Итр.
[7] Рай ҳозирги кунда Эрон пойтахти Теҳронга тўғри келади.
[8] Ибн Нуқта “Ат-тақйид”да (1/92) зикр қилган.
[9] “Табақотул ҳуффоз”, 1/54.
[10] “Таҳзибут-таҳзиб”, 9/389.
[11] Ибн Нуқта “Ат-тақйид”да (1/94) нақл қилган.
[12] “Бидоя ва ниҳоя”, 11/77.
[13] “Лисонул мийзон”, 3/244.
[14] “Сияру аъломун нубало”, 13/273 ва “Тазкиратул ҳуффоз”, 2/635.

Изоҳ қолдиринг