Али розияллоҳу анҳу Умар Форуқ халифалиги даврида

0

Али розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида давлат кенгашининг энг кўзга кўринган аъзоларидан ва Умарнинг биринчи рақамли маслаҳатчиси эди. Умар розияллоҳу анҳу Алининг фазли, фиқҳи ва ҳикматини яхши билар, унга тўла ишонарди. У ҳақида сўзлаб: “Али бизнинг энг кучли қозимиз” деб айтгани собит бўлган[1].

Ибн Жавзий айтади: Абу Бакр ва Умар у билан маслаҳатлашар эдилар. Умар: “Ечимида Абул Ҳасан бўлмаган ҳар қандай чигал масаладан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, дер эди[2].

Масруқ деди: Одамлар масалалар ечимини олти кишидан: Умар, Али, Абдуллоҳ (ибн Масъуд), Абу Мусо, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъбдан олишарди.

Яна деди: Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини текшириб боқиб, илмлари олти кишига – Умар, Али, Абдуллоҳ (ибн Масъуд), Абу Дардо, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собитга етиб борганини кўрдим. Сўнг бу олтовларини кузатиб, уларнинг илмлари ўз ичларидаги икки кишига – Али ва Абдуллоҳга етиб борганини топдим[3].

Яна деди: Илм уч кишига – Мадина олими, Шом олими ва Ироқ олимига етиб тўхтади. Мадина олими Али ибн Абу Толиб, Кўфа олими Абдуллоҳ ибн Масъуд, Шом олими Абу Дардо эди. Учрашиб қолишса, Шом олими ва Ироқ олими Мадина олимидан сўрашарди, у улардан сўрамасди[4].

Али розияллоҳу анҳу халифа Умар Форуқнинг энг яқин кишиларидан эди, биродарига яқин кўмакчи эди, унга маслаҳатини асло аямасди, у ҳақда нусуслар (оят-ҳадис асосидаги далиллар) келмаган муаммоларни ҳал қилишда ва ёш давлатнинг ишларини тартибга солишда у билан бирга ишларди. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Жумладан:

Қозиликка оид ишларда:

Телбалиги тутиб турадиган аёл воқеаси

Умар ибн Хаттоб ҳузурига зино қилган бир аёлни олиб келинганида у уни тошбўрон қилишга буюрди. Одамлар уни тошбўрон қилиш учун олиб кетдилар. Йўлда уларга Али розияллоҳу анҳу йўлиқиб: “Нима гап?”, деб сўради. Зино қилибди, Умар тошбўрон қилишга буюрди, дейишди. Шунда Али у аёлни улар қўлидан тортиб олди ва уларни орқаларига қайтариб юборди. Улар Умар ёнига қайтиб келдилар. “Нега қайтдинглар?”, деб сўради Умар улардан. “Али орқамизга қайтарди”, деб жавоб беришди. “Али бир нарсани билмаса, бундай қилмайди”,  деди Умар. Сўнг Алига одам юборди. Али бироз жаҳл билан кириб келди. Умар ундан: “Нега буларни ортга қайтардингиз?”, деб сўраган эди, шундай жавоб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қалам уч кишидан кўтарилган: уйқудаги кишидан то уйғонгунича, гўдак боладан то улғайгунича, телбадан то ақли ҳуши ўзига келмагунича”, деганларини эшитмаганмисиз?”. “Ҳа, эшитганман”, деди Умар. “Бу аёл фалон қавмдаги телбанамо хотин-ку! Эҳтимол, эс-ҳушини йўқотган пайтида зино қилгандир”, деди. “Билмайман”, деди Умар, кейин уни тошбўрон қилдирмади[5]. Умар у аёлнинг бундай дарди борлигини билмас эди.

Ароқхўрнинг жазосини икки баробарга кўтариши

Умар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳунинг ароқхўрнинг жазосини икки баробарга кўтариш тўғрисидаги фикрини қабул қилди. Боиси, ароқхўрлик, хусусан янги фатҳ этилган ўлкаларда сезиларли даражада тарқалган бўлиб, қирқ дарралик жазо баъзи кимсаларга таъсир қилмаётган эди. Али розияллоҳу анҳу Умар Форуққа ароқхўрга саксон дарра уриш жазосини қўллашни маслаҳат берди. У бу гапига изоҳ бериб: “Агар киши маст бўлса валдирайди, валдираса уйдирма гаплар билан бировларни бадном қилади, бўҳтон қилганнинг жазоси саксон дарра”, деди.

Али розияллоҳу анҳу шундай дегани ривоят қилинган: “Бировга бир ҳад (жазо) қўллаганимда у ўлиб қолса, кўнглимда ачиниш топмайман, фақат ароқхўр кимсага ачинаман ва у агар ўлиб қолса диясини (хун пулини) бераман. Боиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни суннат қилмаганлар”. Байҳақий унинг “буни суннат қилмаганлар” деган сўзларини шундай изоҳлайди: “Яъни, қирқ даррадан зиёда уришни суннат қилмаганлар ёки қамчи ва дарра билан уришни суннат қилмаганлар, балки у зотнинг суннатлари ароқхўрни пойафзал ва кийимларнинг чети билан қирқ марта уриш эди, валлоҳу аълам”[6].

Фуқаҳолар ароқхўрнинг жазоси миқдорини хулафои рошидиннинг қилган ишларидан истинбот қилганлар. Молик, Саврий, Абу Ҳанифа қавлига кўра, ароқхўрнинг жазоси саксон дарра, чунки бунга саҳобалар ижмоси бор. Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Шофиий ва Аҳмад бир қавлида ароқхўрнинг жазоси қирқ дарра, деганлар.

Бегуноҳ йигитга туҳмат қилган аёл воқеаси

Жаъфар ибн Муҳаммад айтади: Бир аёл Умар ибн Хаттоб ҳузурига келиб, бир йигит унинг номусига тегмоқчи бўлгани ҳақида шикоят қилди. Йигит ансорлардан бўлиб, аслида аёлнинг ўзи уни йўлдан урмоқчи бўлган, бироқ йигит унинг тузоғига илинмагач, аламидан унга туҳмат қилишни истаганди. У бир тухумнинг оқини сариғидан ажратиб олиб, кейин уни кийимига ва сонлари орасига суртиб, дод-фарёд солиб Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига келди ва унга: “Фалон йигит менинг номусимга тажовуз қилди, мана унинг қилмишининг асари”, деди. Умар аёлларга текширтирган эди, улар унинг баданида ва кийимида маний асари борлигини айтишди. Умар йигитни жазога тортмоқчи бўлганида у шафқат сўраб: “Эй амирулмўъминин, менинг ишимни яхшироқ текширинг. Аллоҳга қасамки, мен фаҳш иш қилмадим ва қилишни қасд қилмадим ҳам. Аслида бу хотин мени йўлдан урмоқчи бўлганида мен кўнмадим, у энди менга туҳмат қиляпти”, деди. Умар Алига: “Эй Абул Ҳасан, сиз нима дейсиз?”, деди. Али розияллоҳу анҳу ҳалиги кийимга диққат билан назар солгач, қайноқ сув келтиришни буюрди, сўнг қайноқ сувни кийимга қуйган эди, тухумнинг оқи пишиб қотиб қолди, кейин уни қўлига олиб, ҳидлаб, мазасини тотиб кўрди, тухум эканини билгач, ҳалиги аёлга пўписа қилган эди, у ўз айбини эътироф этди[7].

 

[1] “Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб” (1102-бет).
[2] “Фазоилус саҳоба” (1100).
[3] Али ал-Мадийний, “Илалул ҳадис ва маърифатур рижол” (42-43-бетлар).
[4] Фасавий, “Ал-маърифа ват-тарих” (1/444).
[5] Муснади Аҳмад, “Ал-мавсуатул ҳадисия” (1328).
[6] “Ас-сунанул кубро” (8/322).
[7] Ибн Қаййим, “Ат-туруқул ҳикамия” (48-бет).

Изоҳ қолдиринг