Саҳиҳ ҳадис деб нимага айтилади?

0

Савол:
Ҳадис деб нимага айтилади. Ундан ташқари “саҳиҳ ҳадис” дейишади, у нима дегани?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Қисқача қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид сўзлар, ишлар, тақрирлар[1], шакл-шамойил ва ахлоқларни баён қилган сўзларга ҳадис дейилади. Саҳиҳ дегани арабча сўз бўлиб, “соғлом”, “тўғри”, “ишончли” деган маъноларни англатади. Шунга кўра, саҳиҳ сўзи ҳадиснинг сифати бўлиб, “саҳиҳ ҳадис” дегани “хатодан холи бўлган ишончли ҳадис” деган маънони англатади. Чунки ҳар қандай ҳадислар ҳам қабул қилинавермайди. Ҳадис қабул қилиниши ва унга амал қилиниши учун маълум шартлар бор. Ҳадис саҳиҳ бўлиши учун унда қуйидаги бешта шарт топилиши лозим:

1. Ҳадиснинг ровийлар силсиласидаги ҳар бир ровий уни бевосита ўз устозидан эшитган бўлиши, бошқача қилиб айтганда мазкур силсилада узилиш бўлмаслиги керак.

2. Ҳадисни ривоят қилган ровий дину диёнатли, омонатли, тақволи мусулмон инсон бўлиши керак.

3. Ҳадисни ривоят қилган ровий зийрак, хотираси кучли бўлиши, эшитган гапини қандай эшитган бўлса, ўшандай етказадиган бўлиши керак. Бунинг учун ровий доим ҳадисни хотирасида ёд тутиши ёки дафтарида ёзиб сақлаши лозим.

4. Ҳадисни ривоят қилган ровий айни ҳадисни ривоят қилган ўзидан кучли ва ишончли ровийларга хилоф ўлароқ ривоят қилмаслиги керак.

5. Ҳадисда унинг ишончлилигини йўқотадиган бирон махфий иллатлар ёхуд сабаблар бўлмаслиги керак. Бундай махфий сабабларни аниқлаш, уларнинг илдизига етиш муҳаддисдан чуқур билим ва тажриба талаб қилади. Шунинг учун ҳар қандай муҳаддис олим ҳам мазкур фан (ҳадисга оид иллатлар) хусусида фикр билдиришдан ожиз саналиб, бу иш ҳадис илмининг моҳир усталари бўлмиш имомларга хосдир.

Мазкур бешта шартни ўзида мужассам этган ҳадис саҳиҳ деб сифатланади, валлоҳу аълам.

[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида бир киши бирон сўзни айтса ёки бирон ишни қилса-ю, у зот бундан қайтармасалар ёки бу у зотнинг ҳузурида содир бўлмасдан, балки эшитганларида ундан қайтармасалар ва сукут қилсалар, мазкур сўз ёки ишни қилиш жоиз саналади. Бунга “тақририй суннат” дейилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон ношаръий сўз ёки иш содир бўлганини кўрсалар, ана шундай сўз ёки иш ҳақида эшитсалар, ундан қайтармай, сукут қилишлари мумкин эмас.

Изоҳ қолдиринг