Никоҳ: Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилмайдиган бузуқ шартлар

0

Иккинчидан: Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилмайдиган бузуқ шартлар

Бундай шартларга мисоллар:

  1. Агар аёл бўлажак эрига биринчи хотинини талоқ қилишини шарт қилса, бу шарт никоҳ шартномасига таъсир қилмай, балки шартнинг ўзи ботил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Турмушга чиқмоқчи бўлган) аёл (бўлажак эридан) кундошининг идишини (ўзининг идишига) бўшатиб олиши (яъни кундошининг эридан оладиган улушини ҳам ўзиники қилиб олиш) учун кундошини талоқ қилишини сўрамасин. Аксинча, турмушга чиқаверсин, зеро, барибир унга Аллоҳ тақдир қилганидан ортиғи насиб қилмайди»[1].

  2. Шунингдек, аёл эрига устига уйланмасликни шарт қилса, рожиҳ фикрга кўра, бундай шарт нотўғри шарт саналалиб, унга вафо қилиш вожиб бўлмайди. Чунки у Аллоҳ ҳалол қилган ишни эрга ман қилиш саналади.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Шартлар инобатга олиниши учун никоҳ шартномасини тузиш пайтида ёки шартномада кўрсатилмаган бўлса-да, шартнома тузилишидан олдин келишилган бўлиши керак. Бинобарин, шартнома тузилгандан кейин бирон нарса шарт қилинса, инобатга олинмайди.

(2) Муносиб ва тўғри шартларда ҳақ эгаси истаган вақтда ҳаққидан воз кечиши жоиздир.

(3) Шартномадаги шартга вафо қилинмаса, ҳақ эгаси хоҳласа никоҳ ақдини бузиши мумкин. Шартга вафо қилмаган томон эса гуноҳкор бўлади.

(4) Шартдан воз кечишга далолат қиладиган бирон аломат: сўз ёки хатти-ҳаракат содир бўлса, шарт қўйган томон ҳаққи соқит бўлади.

(5) Агар ота никоҳ ақдида: «Иншааллоҳ, қизимни сенга турмушга бердим», деса ва куёв: «Қабул қилдим», деса, никоҳ дуруст бўлади. Зеро, бу ўринда ишни Аллоҳнинг хоҳишига боғлашнинг зарари йўқ. Чунки биз Аллоҳнинг хоҳишини биламиз; Аллоҳ таоло шариат тақозосига кўра, никоҳни яхши кўради.

(6) Агар ота куёвга қараб: «Агар хоҳласанг, қизимни сенга турмушга бердим», деса ва куёв: «Қабул қилдим», деса, никоҳ дуруст бўлади.

[1] Бухорий (6601), Муслим (1413), Термизий (1190) ривояти.

Изоҳ қолдиринг