Эри узоқ вақт қаровсиз қолдирган аёл бошқага турмушга чиқиши мумкинми?

0

Савол:

Бир аёлнинг эри беш йилдан бери хорижда. Бу вақт ичида у аёлидан умуман хабар олмаган ва моддий ёрдам ҳам бермаган. Аёл эрининг ортидан борса, эри бошқа аёлга уйланиб, у билан ҳаёт кечираётган экан. Бироқ эр буни тан олмаган ва бир ой ичида уйга қайтишини ваъда бериб, хотинини ўз мамлакатига қайтариб юборган. Мана, бу ҳодисага беш ой бўлди ҳамки, эрдан ҳануз дарак йўқ. Бу воқеадан сўнг ҳатто телефон рақамини ҳам ўзгартириб олибди. Эркак беш йил мобайнида бирон марта пул юбормаган ва хотинига талоқ ҳам айтмаган. Энди бу аёл бошқага турмушга чиқиши мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Бундай ҳолатда аёл эридан талоғини сўраши мумкин. Ҳатто эр моддий ёрдам бериб турган тақдирда ҳам, бунча вақт хотинидан узоқда қолгани учун хотин талоғини сўрашга ҳақли*. Агар эри талоқ берса, иддаси тугаганидан сўнг аёл бошқага турмушга чиқиши ёки чиқмаслиги ўз хоҳишига боғлиқ. Агар эр талоқ беришдан бош тортса, унда аёл қуйидагича йўл тутиши мумкин:

1) Эрнинг ота-онаси ва қавму қариндошларини ўртага қўйиб, эридан талоқ олишга ҳаракат қилади. Чунки одатда қайнана ва қайнатанинг гапи билан эр талоқ айтиш эҳтимоли кўп;

2) Агар биринчи йўл билан талоқ ололмаса, унда маҳалла оқсоқоллари ва маҳалла имомига мурожаат қилади. Улар эрнинг уйига бориб, аёлга талоқ беришини талаб қилишади;

3) Эр-хотин ўртасидаги никоҳ риштасини фақат эр ёки шаръий маҳкама бузиши мумкин. Юқоридаги икки босқич билан ҳам эрдан талоқ олиш имкони бўлмаса, унда иккинчи йўлга, яъни маҳкама орқали никоҳни бузишга ўтилади. Маълумки, ҳозирги кунда аксар мусулмон мамлакатларида шаръий маҳкамалар йўқ. Бу ҳолатда ўша мамлакатлардаги диний идоралар ёки исломий марказлар ёхуд маҳалла имоми (ёки шу ўртада аҳли илм деб танилган бирон домла) шаръий маҳкама вазифасини бажариб, бу эр-хотин ўртасидаги никоҳни бекор қилиши мумкин, валлоҳу аълам.

Эслтама: биздаги маҳкамалар шариатга мувофиқ иш тутмагани учун уларнинг эр ҳозир бўлмаган ва хоҳламаган тақдирда эр-хотин ўртасидаги никоҳни бекор қилишлари инобатга олинмайди.

* Аёл қандай ҳолатларда талоғини сўраши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Аёл киши қай ҳолатларда эридан талоқ сўраши жоиз?”  номли фатвога мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг