Талоқ: Уч талоқ қилиш ҳукми

3

Уч талоқ қилиш ҳукми

Биринчидан: уч талоқ қилиш жозми-йўқми?

Шуни билингки, жинсий яқинлик қилинган аёлга бериладиган шариатга мувофиқ талоқ – эр аёлини қайтариб олиши мумкин бўлган талоқдир. Аллоҳ таоло бирданига уч талоқ қилишга рухсат бермаган. Бунга қуйидагилар далил бўлади:

1) Аллоҳ таоло айтади: «(Аёлни қайтиб олиш мумкин бўлган) талоқ икки мартадир» [Бақара: 229]. Яъни бу талоқ галма-гал айтилади. Араб тили қоидалари шуни тақозо қилади. Масалан, Аллоҳ таолонинг: «Уларнинг ҳар бири Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир)» [Нур: 6] деган сўзидан «Аллоҳ номи билан тўрт марта гувоҳлик бераман», дейиш эмас, балки галма-галма Аллоҳ номи билан тўрт бор гувоҳлик бериш тушунилади.

2) Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида кутиб турадилар. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» [Бақара: 228]. Яъни талоқ қилинган аёлнинг эри уни идда асносида қайтиб олишга ҳақлидир. Демак, маълум бўладики, бу талоқдан мақсад аёлга жинсий яқинлик қилингандан кейинги талоқдир. Зеро, эр модомики талоқларининг барчасини ишга солмаган бўлсагина аёлини қайтиб олишга ҳақлидир.

3) Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда талоқнинг барча турларини ва унга оид ҳукмларни зикр қилган:

  • Аллоҳ таоло аёлга жинсий яқинлик қилишдан олдинги талоқни ва унда идда йўқлигини баён қилди.

  • Учинчи талоқни ва ундан кейин аёл то бошқа эркакка турмушга чиқмагунча биринчи эрига ҳаром бўлиб қолишини зикр қилди.

  • «Мол эвазига аёл ўзини эрдан халос қилиш» талоғи бўлмиш хулуъни зикр қилди. Аллоҳ таоло уни уч бор талоқ қилиш ҳуқуқидан бири деб ҳисобламади, балки уни «фидо», яъни «мол эвазига аёл ўзини эрдан халос қилиши» деб номлади.

  • Ва ниҳоят аёлини талоқ қилган эр уни қайтиб олишга ҳақли бўладиган ражъий талоқ қолди. Бу юқорида санаб ўтилган уч турдан бошқа Аллоҳ таоло зикр қилган талоқ туридир.

 Юқорида айтилган гаплардан хулоса қиладиган бўлсак, бирданига уч талоқ айтиш шариатда жоиз бўлмаган ва рухсат берилмаган ишдир. Эр аёлига бир сўз билан «уч талоқсан», дейдими ёки бўлиб-бўлиб: «талоқсан, талоқсан, талоқсан», дейдими, фарқи йўқ. Мазкур тарзда талоқ айтиш Аллоҳнинг амрига ва шариатига хилофдир.

Икинчидан: агар эр бирданига уч талоқ айтса, ҳукми нима бўлади?

Уламолар бу борада турлича фикрлар билдиришган. Бироқ бу борадаги энг тўғри фикр бирданига айтилган уч талоқ билан битта ражъий талоқ тушишидир. Яъни, бирданига айтилган уч талоқдан кейин эр аёлини қайтиб олиши мумкин.

Бу фикрнинг далили:

Абу Саҳбо Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр замонида, шунингдек, Умар халифалигининг дастлабки даврларида уч талоқ бир талоқ деб ҳисобланишини билмасмидингиз?». Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Ҳа, (билардим)»[1].

Мазкур фикрни шайхулислом Ибн Таймия ва Ибн Қаййим роҳимаҳумаллоҳ ихтиёр қилишган[2].

Эслатма: юқоридаги ҳукм эрнинг бирданига «уч талоқсан» деган сўзини ҳам, шунингдек, унинг бир мажлисда бўлиб-бўлиб «талоқсан, талоқсан, талоқсан» деганини ҳам ёки мажлисда «талоқсан» деб, сўнг орадан бир неча кун ўтиб, идда асносида, ҳануз қайтиб олмаган аёлиган «талоқсан» деб, сўнг орадан яна бир мунча муддат ўтгач «талоқсан» деганини ҳам ўз ичига олади. Мазкур ҳолатларнинг барчасида битта ражъий талоқ тушган бўлади[3]. Негаки, иддада ўтирган аёлга модомики эри қайтиб олмаган бўлса, талоқ тушмайди. Бунга қуйидаги оят далил бўлади: «Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг иддалари ниҳоясига етса, ё уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан жавобини беринг» [Бақара: 231]. Шунга кўра, аёли иддада ўтирган эр уни никоҳига қайтариш ёки (аёлини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, иддаси тугаши билан) жавобини бериш ҳаққига эгадир. Эр то аёлини қайтариб олмагунча идда асносида уни иккинчи бор талоқ қилиши жоиз эмас[4].

[1] Муслим (1472) ва Абу Довуд (2200) ривояти.
[2] Уларнинг мазкур масалага оид сўзларини қуйидаги манбалардан кўриш мумкин: «Эъломул муваққеийн» (3-жилд, 30-40-бетлар), «Иғосатул-лаҳфон» (3/13-25), Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг «Мажмуул фатово»си.
[3] Миср Араб Жумҳурияти маҳкамаларида мазкур ҳукмга амал қилиб келинади. 1929 йил қабул қилинган 25-сонли қонуннинг 3-моддасида шундай дейилади: «Нутқ ёки имо-ишора орқали бир неча сон билан бирга айтилган талоқдан фақат битта (ражъий) талоқ тушган ҳисобланади».
[4] Ушбу мавзуга тегишли тадқиқотлар билан танишиш учун қуйидаги манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин: шайх Аҳмад Шокирнинг «Низомут толақ фил ислам» (Исломда талоқ қилиш тизими) китоби, Аллома Ибн Қаййимнинг «Эъломул муваққеийн» (3/30–40) ва «Зодул маод» (5/263) китоблари.

Discussion3 комментария

  1. Agar ayolni taloqsan uchtaloqmas shunchaki taloqsandeb haydab yuborsada boshqaga uylanib bir ikki yildansung ayolni yani birinchi ayolni qytarib olsa buladimi islomda hukmi qanday agar birtaloq tushgan bulsa qayta nikoh uqitish shartmi

    • Алҳамдулиллаҳ;
      Ҳа, агар воқеа саволда айтилганидек содир бўлган бўлса, унда эркак собиқ хотинини қайтадан ўз никоҳига олиши мумкин. Бироқ бу жараён худди бошқа аёлга уйлангандек кечади. Яъни аёлга қайтадан маҳр беради, қайтадан никоҳ ўқитади. Шунда ҳам аёл рози бўлиши керак. Аёл рози бўлмаслиги ва бошқа эркакка турмушга чиқиши ҳам мумкин. Бу унинг хоҳишига боғлиқ. Чунки аёл талоқ қилингани ва иддаси тугаганидан сўнг собиқ эрига мутлақо бегона ҳисобланади, валлоҳу аълам.

  2. Uzur yana sizni bezovta qilishga majburman birinchi savol ayol iddasaqlamay ketgan bulsaham taloq tushaveradimi yoki iddani tuliq utirgandan keyinmi ikkinchisa shu ketgandan birovga tegib ketsa ular oylaqurgan hisoblanadimi yoki ularni ishi zino hisoblanadimi javobingiz uchun oldindan rahmat javobingiz men uchun juda muhim

Изоҳ қолдиринг