Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш ҳақидаги боб (4)

0

Юз олтинчи ҳадис

 

 عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كُنْتُ أَنَامُ بَيْنَ يَدَيْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَرِجْلايَ فِي قِبْلَتِهِ – فَإِذَا سَجَدَ غَمَزَنِي فَقَبَضْتُ رِجْلَيَّ. فَإِذَا قَامَ بَسَطْتُهُمَا. وَالْبُيُوتُ يَوْمَئِذٍ لَيْسَ فِيهَا مَصَابِيحُ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кечаси таҳажжуд намози ўқиётганларида мен у зот)нинг олдиларида қибла томонда оёқларимни узатиб ухлар эдим. Пайғамбаримиз сажда қилсалар мени туртар, мен эса ўша заҳоти оёқларимни йиғиштириб олар, қиёмга турсалар қайта оёқларимни ёзиб олардим. У даврда уйларда чироқлар йўқ эди[Бухорий: 382 ва Муслим: 512].

Шарҳ:

Ойша розияллоҳу анҳо “Намоз ўқиб турган одамнинг олдидан эшак, ит ва аёл киши кесиб ўтса намози бузилади”, деган ҳадисни ривоят қилган одамларни эшитсалар уларга эътироз билдириб шундай дер эдилар: “Уйимиз тор бўлгани боис мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларида ухлар эдим. Оёқларим у зотнинг қибласи томонда турар эди. У зот қиёмда турганларида мен оёқларимни узатиб ётардим. Агар сажда қилсалар мени туртар ва мен оёғимни йиғиштириб олардим. У зотнинг сажда қилганларини кўра олганимда эди, мени туртмасларидан олдим оёғимни йиғиштириб олган бўлар эдим. Аммо уйимизда чироқ йўқ эди. Шу боис у зотнинг сажда қилаётганини кўра олмас эдим. Сизлар қандай қилиб биз аёлларни намозхон олдини кесиб ўтиши намоз бузилишига сабаб бўлувчи эшак ва итларга тенглаштирмоқдасизлар?! Ҳолбуки, мен у зотнинг олдида ётар эдим-ку!”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жой торлиги каби зарурий ҳолатларда намозхон рўпарасида ухлаш жоиз.
2 – Намозхоннинг рўпарасида аёл кишининг ухлаши намозни бузмайди ҳам, нуқсонли ҳам қилмайди.
3 – Аёл кишининг баданини ушлаш, гарчи бирон тўсиқсиз бўлса-да, таҳоратни бузмайди. Негаки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳони қоронғуда туртар эдилар. Ҳолбуки, у зот қўллари Ойшанинг баданига тегадими ёки кийими устидан тегадими билмас эдилар. Агар аёл кишининг баданини бирон тўсиқсиз ушлаш таҳоратни бузганида эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз бузилишини олдини олиб қоронғуда Ойша онамизни туртмаган бўлар эдилар. Негаки, у зотнинг қўллари Ойшанинг баданига тегиб кетиш эҳтимоли бор эди. Шу боис айрим уламолар аёл кишини шаҳват билан ушлашгина таҳоратни бузади деган қайдни қўшишган.
4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли-оилалари камбағал ҳаёт кечирганлар. Зеро, улар Аллоҳ таоло ҳузуридаги ноз-неъматларни бу фоний дунёнинг ўткинчи лаззатларидан устун билганлар.
5 – Эҳтиёж туғилса, намозда турган ҳолда бировни туртиш жоиз ва бу намозга путур етказмайди.

Уламолар ихтилофи:

Аёл киши, эшак ва қора ит намозхоннинг олдидан кесиб ўтса, намоз бузилиш-бузилмаслиги борасида уламолар турли фикрларни билдиришган.

Уч имом – Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеий бу ҳолатда намоз бузилмайди деган фикрни билдиришган. Лекин имом Муслим Абу Зардан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Намоз ўқиётган мусулмон кишининг олдида эгарнинг ортки қисми баландилигидек бирон нарса бўлмаса, аёл киши, эшак ва қора ит унинг олдидан кесиб ўтиши намозини бузади[1]. Ушбу фикр эгалари мазкур ҳадисни шундай деб изоҳлашган: “Ҳадисдаги “бузади” деган сўздан мазкур нарсаларнинг намозхон олдини кесиб ўтиши унинг қалбини машғул қилиб, намозини нуқсонли қилади, деган маъно назарда тутилган”.

Бу масала хусусида имом Аҳмаддан икки хил фикр нақл қилинган. Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, намозхоннинг олдини фақат қоп-қора ит кесиб ўтсагина намози бузилади. Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аёл киши ёки эшак намозхоннинг олдини кесиб ўтиши намозни бузади деган фикрга кўнглим тўлмайди”. Аёл кишининг кесиб ўтиши намозни бузмаслигига юқоридаги Ойша онамизнинг ҳадиси далил бўлса, эшакнинг кесиб ўтиши намозни бузмаслигига бундан олдин келтирилган Ибн Аббоснинг ҳадиси далил бўлади. Шундай қилиб, Абу Зарнинг ҳадисига Ойша ва Ибн Аббоснинг ҳадиси зид бўлди. Имом Аҳмад намозхон олдидан итнинг кесиб ўтиши намозни бузишини иккиланмай айтишининг боиси бунинг зиддига далолат қиладиган бирон далил келмаган.

Имом Аҳмаддан нақл қилинган иккинчи фикрга кўра, аёл киши, эшак ва ит намозхоннинг олдини кесиб ўтса, намоз бузилади. Бунга мазкур Абу Зарнинг ҳадиси далолат қилади. Бу фикрни Ибн Ҳазм ва шайх Тақиюддин (Ибн Таймия) танлашган. Шайх Тақиюддин бу фикр имом Аҳмаднинг мазҳаби эканини айтган.

Фойда:

Фақат қора рангли ит намозхоннинг олдини кесиб ўтиши намозни бузишига сабаб, қора итнинг шайтон эканидадир. Бунга Абу Зарнинг ушбу ҳадиси далил  бўлади: “Мен: Ё Расулуллоҳ, нега айнан қора ит, қизғиш ёки сариқ ит эмас?, дедим. У зот: Қора ит шайтондир”, деб жавоб бердилар[Муслим: 1510].

[1] Муслим: 1510

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг