Савдо-сотиқ: Чорва ҳайвонларини сотишдан олдин “тасрия” қилиш ҳаромлиги

0

Иккинчи бўлим

Шартномага тааллуқли бўлмаган ҳаром савдо-сотиқлар

Ушбу бўлим остига қуйидаги савдо турлари киради:

  • Биринчидан: ҳийла-найранг ва алдов сабабли ҳаром қилинган савдо-сотиқлар.

Бу турли савдолар кўзбўямачилик, харидорларни ёлғон гапириш ва товар айбини яшириш билан савдога қизиқтиришдан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким бизга қаллоблик қилса, биздан эмас»[1].

Ҳийла-найранг ва алдовнинг турлича кўринишлари бор. Жумладан:

  1. Туя ёки қўй-эчкиларни “тасрия” қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Туя ва қўй-эчкиларни тасрия қилманг. Кимда ким тасрия қилинган ҳайвонни сотиб олса, уни соғиб олгач, иккита ишдан ўзига маъқулроғини қилади: хоҳласа, уни ўзида қолдиради, хоҳласа, бир соъ (тўрт ҳовуч) хурмо қўшиб (эгасига) қайтаради[2].

«Тасрия» дегани арабча «соррайтул лабана физ-зоръ», яъни «сутни елинга йиғдим» сўзидан олинган. Бунинг учун туя ёки қўй-эчкиларнинг елини боғланиб, бир неча кун соғилмайди. Натижада, унинг елинига сут йиғилиб, елин катталашади ва уни кўрган харидор сутдор деб ўйлайди. Арабчада «елинига сути йиғилган» бундай ҳайвонга «мусаррот» ёки «муҳаффала» дейилади.

Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тасрия деганда туя ёки қўй-эчкиларнинг елинини боғлаш ва елинга сут йиғилиб, кўпайиши учун соғмай қўйишга айтилади. Сутга тўла катта елинни кўрган харидор ҳайвон одатда шунчалик кўп сут бераркан деб ўйлаб, қиммат нархга ҳам рози бўлади»[3].

Юқоридаги ҳадис туя ва қўй-эчкиларни тасрия қилиш ҳаром эканига далолат қилади. Шунингдек, бу ҳукм молларни тасрия қилишга ҳам тегишлидир.

Бу ишдан қайтаришнинг иллати – сабаби харидорни алдамасликдир. Негаки, елини сутга тўла ҳайвонни кўрган харидор уни сутдор экан деб алданиб қолади. Аслида эса ундай бўлмайди.

Агар тасрия қилинган ҳайвон сотилса ёки сотиб олинса, сўнг харидор уни соққандан кейин алданганини, сотувчи унга қаллоблик қилганини билиб қолса, унга савдони бузиш ихтиёри берилади. Хоҳласа, борига рози бўлиб, ҳайвонни олиб қолади, хоҳласа, унга бир соъ (тўрт ҳовуч) хурмо қўшиб қайтариб беради. Шариат бундай ҳолатда харидорга ўйлаб кўриш учун уч  кун муҳлат беради. Уч кун муҳлат бериш Муслимга оид ривоятлардан бирида келган.

Уламолар мазкур уч кун муҳлат қачондан эътиборан бошланиши хусусида ихтилоф қилишган. Баъзилар бу муҳлат ҳайвоннинг тасрия қилингани маълум бўлган вақтдан ҳисобланади дейишса, баъзилар савдо қилинган вақтдан дейишган, баъзилар эса сотувчи билан харидор ажралган вақтдан бошлаб ҳисобланади дейишган.

[1] Муслим (102), Абу Довуд (3452), Термизий (1315) ва Ибн Можа (2224) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (2148, 2150), Муслим (1515)Ю Абу Довуд (3443), Термизий (1251), Насоий (7/254), Ибн Можа (2239) ривояти.
[3] «Фатҳул Борий»дан (4/362) кўчирилди.

Изоҳ қолдиринг