Муҳаддислар: Термизий (2)

0

Ўтган мақоламизда имом Термизийнинг исми, насаби, туғилган жойи ва санаси, ёшлик даври ва таълим олиш йўлидаги саъйи-ҳаракати, шунингдек, унинг мартабаси ва уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари ҳақида сўзлаган эдик. Бугунги мақоламизда эса имомнинг устозлари, шогирдлари, ёзган китоблари ва айниқса, имомнинг энг машҳур китоби бўлмиш “Жомеъ” (Сунани Термизий) ҳамда вафоти ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Устозлари:

Дарҳақиқат, имом Термизий роҳимаҳуллоҳ илм олиш мақсадида кўплаб ислом ўлкаларига сафар қилиб, ўша даврдаги буюк уламолардан таълим олиш шарафига муяссар бўлади. Муълумки, имом Термизий яшаб ўтган ҳижрий учинчи аср уламоларга, хусусан муҳаддис уламоларга бой олтин давр ҳисобланади. Қуйида имом Термизийнинг айрим устозларини зикр қиламиз:

1 – Қутайба ибн Саид (240 йилда вафот этган).
2 – Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (238 йилда вафот этган).
3 – Исмоил ибн Мусо Фазорий (245 йилда вафот этган).
4 – Муҳаммад ибн Башшор Бундор (252 йилда вафот этган).
5 – Абу Мусо Муҳаммад ибн Мусанно (252 йилда вафот этган).
6 – Зиёд ибн Яҳё (254 йилда вафот этган).
7 – Аббос ибн Абдулазим Анбарий (246 йилда вафот этган)[1].

Шуни алоҳида айтиб ўтишимиз лозимки, имом Термизий устозлари орасида асосан имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан кўп таъсирланган ва узоқ муддат у билан бирга бўлиб, ундан кўп илм ўрганган.

Ибн Халликон айтади: “У (Термизий) Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг шогирдидир[2].

Термизий имом Бухорийдан нафақат ҳадис илмини, балки ҳадисдан қандай қилиб фиқҳий аҳкомларни олиш йўлларини ҳам таълим олади. Аллома Заҳабий айтади: “Термизий ҳадисдан фиқҳий аҳкомларни олиш йўлларини Бухорийдан таълим олган[3].

Шогирдлари:

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ уламолар ва омма халқ орасида тақводорлиги, хотираси кучлилиги ҳамда билимдонлиги билан танилган эди. Шу боис кўпчилик толиби илмлар Термизийдан таълим олишга интилар эди. У зотнинг қўлида кўплаб етук олимлар етишиб чиққан бўлиб, уларни номма-ном санаб адоғига етиш қийин. Қуйида аллома Миззий роҳимаҳуллоҳ “Таҳзибул камол” (26/251) китобида зикр қилган Термизийнинг айрим шогирдларини келтириб ўтамиз:

1 – Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил Самарқандий (321 йилда вафот этган).
2 – Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий (377 йилда вафот этган).
3 – Муҳаммад ибн Мунзир Ҳаравий (303 йилда вафот этган).
4 – Ҳаммод ибн Шокир Варроқ (311 йилда вафот этган).
5 – Абул Фазл Масиҳ ибн Абу Мусо Кожурий (320 йилда вафот этган).

Ёзган китоблари:

Бутун умрини илм йўлида ўтказган имом Термизий ислом умматига бебаҳо асарлар ёзиб қолдирди. Уларнинг барчаси ҳадисларга ва ҳадис илмига доир асарлардир. Имом Термизийнинг бизга маълум асарлари қуйидагилар: “Жомеъ”, “Зуҳд”, “Шамоили Муҳаммадия”, “Тарих”, “Асмои саҳоба”, “Тафсир”, “Ал-асмо вал куно”, “Ал-илалус соғир” ва “Китобул мавқуф”.

“Жомеъ” ёхуд “Сунани Термизий”

Имом Термизий ёзган асарлар ичида “Жомеъ” асари энг асосий ўринни эгаллайди. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтишича, имом Термизий ушбу асарини ҳижрий 270 (884 милодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган[4].

Термизий китобининг номи:

“Туҳфатул Аҳвазий” асарининг муқаддимасида асар муаллифи шундай дейди: “Кашфуз-зунун” асарининг муаллифи дейди: “Дарҳақиқат, Термизийнинг “Жомеъ” асарини муаллифига нисбат берилиб, “Жомеи Термизий” деб айтиш машҳур бўлган”. Асардаги ҳадисларнинг аксари саҳиҳ бўлганлиги боис Ҳоким ва Хатиб Бағдодий уни “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, деб номлаган. Шунингдек, бу китоб “Сунани Термизий” ҳам деб аталади”.

“Жомеи Термизий”нинг “Олти ҳадис китоблари” орасидаги мартабаси:

Абу Исо шундай дейди: “Бу китобни ёзиб бўлиб, уни Ҳижоз уламоларига кўрсатган эдим, уларга манзур бўлди, Ироқ уламоларига кўрсатган эдим, уларга манзур бўлди ва (ниҳоят) Хуросон уламоларига кўрсатган эдим уларга ҳам манзур бўлди. Кимнинг уйида ушбу китоб бор бўлса, гуёки унинг уйида пайғамбар гапираётгандек бўлади”.

Заҳабий шундай дейди: “Термизий Маслуб, Калбий ва улар сингари (заиф) кишилардан ҳадис ривоят қилгани боис, “Жомеъ” асарининг мартабаси Абу Довуд ва Насоийнинг “Сунан” асарлари мартабасидан пасайди”.

“Кашфуз-зунун” асари муаллифи шундай дейди: “Абу Исо Термизийнинг “Ал-жомеъ Ас-саҳиҳ” китоби “олти ҳадис китоблари”нинг учинчисидир”.

Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ” асаридаги услуби:

Абу Исо Термизий ушбу асарини (фиқҳий) аҳкомлар ва бошқа дин масалаларини ўз ичига қамраб олувчи “жомеъ асарлар” услубига кўра боблар асосида тузиб чиқди. Асардаги ҳар бир боб масалага муносиб сарлавҳа ёки бирон бир ҳукм билан бошланиб, муаллиф мазкур бобдаги ҳадисларни ана ўша ҳукмга далил сифатида ривоят қилади. Термизий ҳар бир бобда бир ва ундан ортиқ ҳадисларни келтириб, сўнгра, унинг ортидан масалага оид фуқаҳоларнинг фикрларини, шунингдек, мазкур ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва заиф эканлигидан келиб чиқиб, қанчалик даражада унга амал қилганликларини зикр қилади. Муаллиф ровийлар шажарасининг даражаси, унинг ровийлари ва ундаги иллатлар ҳақида сўз юритади. Шунингдек, ҳадиснинг бошқа ривоятлари ҳақида гапиради. Қолаверса, сарлавҳага муносиб бошқа ҳадислар мавжуд бўлса, у ҳолда: “Бу бобда (саҳобалардан) фалончи ва фалончи…лардан (ҳадислар бор)”, дея бундай ҳадисларга ишоралар қилиб ўтади.

Абу Исонинг “Жомеъ”даги шарти:

Абул Фазл Ибн Тоҳирнинг қуйидаги сўзини қўшимча қилиб ўтамиз: “Абу Исо Термизийнинг китоби эса тўрт қисмдан иборатдир:

1 – Аниқ саҳиҳ ҳадислар. Бундай ҳадислар муаллиф унда Бухорий ва Муслимга мувофиқ келган ҳадислардир.
2 – Абу Довуд, Термизий ва Насоийларнинг шартига мувофиқ ҳадислар.
3 – (Жорий бобдаги ҳадисларга) зид бўлганлиги боис ривоят қилинган ҳадислар. Муаллиф бундай ҳадисларнинг иллатини баён қилади ва уларни эътиборидан четда қолдирмайди.
4 – Тўртинчи қисм ҳадислар борки, улар ҳақида муаллиф шундай дейди: “…Бу китобимда қандай ҳадис келтирмайин, албатта унга айрим фуқаҳолар амал қилганлиги учун келтирдим ва бу албатта, кенг бир шартдир”.

Уламоларнинг “Жомеи Термизий”га қаратган эътибори:

“Туҳфатул аҳвазий” асарининг муаллифи шундай дейди: “Маълумингиз бўлсинким, “Жомеи Термизий”нинг талай шарҳлари, изоҳ-иловалари, мухтасарлари ва мустахражлари бор”.

Дарҳақиқат, уламолар бу асарга ривоят қилиш, эшиттириш ва нусха кўчириш жиҳатидан ўз эътиборларини қаратдилар. Шунингдек, анча илгаридан бу асар нусхаларининг бир-биридан фарқли эканига диққат қаратдилар.

“Жомеи Термизий” асарининг энг муҳим шарҳларидан намуналар:

1-Абу Бакр Ибн Арабий Моликийнинг “Оризатул аҳвазий” асари.
2-Ибн Саййидунноснинг шарҳи. Муаллиф шарҳни ниҳоясига етказишга улгурмаган, шарҳни Ҳофиз Ироқий (вафоти: ҳижрий 806 – йил) давом эттирган. Бироқ Ироқий ҳам асарни ниҳоясига еткизмаган уни ўғли Абу Зуръа (вафоти: ҳижрий 826 – йил) ниҳоясига еткизган.
3 – Ибн Ражаб Ҳанбалий номи билан танилган Ҳофиз Абул Фараж Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Муҳаммаднинг (вафоти: ҳижрий 795 – йил) мазкур асарга ёзган шарҳи.
4 – Абдураҳмон Муборакфурийнинг “Туҳфатул аҳвазий” асари ва бошқа шарҳлар.

Вафоти:

Буюк имом ҳижрий 279 (милодий 892) йилда ражаб ойининг ўн тўртинчи кечаси Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этади ва шу жойда дафн қилинади[5].

Аллоҳ таоло имом Термизийни Ўз раҳматига олсин, дин равнақи йўлида кўрсатган хизматларига беҳисоб ажр-мукофотлар берсин ва охиратда барчамизни Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар қаторида тирилтирсин. Омийн.

[1] Нуриддин Итр. “Мувозанатун байна жомеут Термизий ва байнас саҳиҳайн”, 12-13 бет.
[2] “Вафоятул аъён”, 3/407.
[3] “Тазкиратул ҳуффоз”, 634.
[4] “Таҳзибут таҳзиб”, 9/389.
[5] Самъоний. “Ансоб”, 106 бет.

Изоҳ қолдиринг