Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Али ва Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Сиддиқнинг халифалигига муносабатлари

0

Али ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳумонинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга байъат беришни ортга суриб келишгани ҳақида бир неча ривоятлар келган бўлиб, бу хабарларнинг кўпи саҳиҳ эмас. Фақат Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бир саҳиҳ хабар борки, унда айтилишича, Али ва Зубайр бир неча кишилар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотиманинг уйидан чиқмаган[1].

Дарҳақиқат, бир гуруҳ муҳожирлар Али ибн Абу Толиб бошчилигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадларини ювиш ва кафанлаш билан машғул бўлгандилар. Солим ибн Убайд розияллоҳу анҳу исмли саҳоба ривоятида айтилганидек, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳу бошчилигидаги Пайғамбар хонадони аҳлига: “Соҳибингиз сизларнинг ихтиёрингизда” деб, у зотни дафнга тайёрлашни уларга топширган эди[2].

Аслида Зубайр ибн Аввом билан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган куннинг эртасига сешанба куни Абу Бакр Сиддиққа байъат берганлар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр минбарга чиқиб ўтиргач, одамларга разм солиб, улар орасида Али ва Зубайрни кўрмади ва улар ҳақида сўради. Шундан сўнг ансорлар бориб, икковларини чақириб келдилар. Абу Бакр Алига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси ва куёви, сиз мусулмонларнинг бирлигига раҳна солишни истайсизми?!”, деди. У: “Сизга нисбатан кўнглимда бирон маломат ва гина-кудурат йўқ, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси”, деб, унга байъат берди. Сўнг Абу Бакр Зубайр ибн Аввомга: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммаваччаси ва ҳаворийси (яқин одами, фидойиси), мусулмонларнинг бирлигига раҳна солмоқчи бўлдингизми?!”, деди. У ҳам: “Сизга нисбатан кўнглимда бирон маломат ва гина-кудурат йўқ, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси”, деб, унга байъат берди[3].

Абу Саид Худрий ривоят қилган бу саҳиҳ ҳадиснинг нақадар аҳамиятга эга эканини шундан ҳам билса бўладики, “Саҳиҳи Бухорий”дан кейинги энг саҳиҳ ҳадислар тўплами соҳиби имом Муслим ибн Ҳажжож ўз шайхи бўлмиш “Саҳиҳи Ибн Хузайма” китоби соҳиби ҳофиз Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузаймадан бу ҳадис ҳақида сўраганида Ибн Хузайма унга ҳадисни ёзиб берди. Имом Муслим унга: “Бу ҳадис баҳоси бир катта ва семиз туяга тенг экан”, деганида шайхи: “Йўқ, бу ҳадис бор-йўғи бир туяга эмас, улкан бир хазинага тенг”, деб жавоб берган эди.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни изоҳларкан, унинг санади саҳиҳлигини айтгач: “Унда улкан бир фойда борки, у ҳам бўлса Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларининг ё биринчи, ё иккинчи куни байъат берганидир. Бу ростдир. Зеро, Али ибн Абу Толиб мудом Сиддиқ билан бирга эди, узлуксиз унинг ортида намоз ўқирди”, деб ёзади[4].

Ҳабиб ибн Абу Собит ривоят қилишича, Али ибн Абу Толиб уйида ўтирган эди, бир киши келиб, Абу Бакр байъат олиш учун ўтиргани ҳақида хабар берди. Шунда Али байъатни ортга суришни ёқтирмасдан, шошганича, биргина кўйлакнинг ўзида, устига ридо ҳам киймасдан масжидга чиқиб борди ва Абу Бакрга байъат бериб, шу ерда ўтирди. Кейин кимдир унинг ридосини келтириб бергач, уни кўйлаги устидан кийиб олди[5].

Амр ибн Ҳурайс Саид ибн Зайддан: “Абу Бакрга қачон байъат берилган?”, деб сўраганида у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кунларидаёқ, улар бир кун ҳам жамоатсиз қолишни ёқтирмадилар”, деб жавоб берди. “Абу Бакрга бирон киши қарши чиқдими?”, деб сўради. Саид унга: “Йўқ, фақат муртад ёки муртадликка яқин бўлган кимсалардан бошқа ҳеч ким унга қарши чиқмади. Аллоҳ ансорларни қутқариб, уларни унинг қўлига жамлади ва улар унга байъат бердилар”, деди. “Муҳожирлардан бирон киши байъатдан ўзини четга тортдими?”, деб сўради. “Йўқ, муҳожирлар унга байъат бериш учун кетма-кет навбатда туришди”, деб жавоб берди[6].

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан асло ўзини тортмади, доим унинг жамоати сафида бўлди. Унинг кенгашларида иштирок этди, мусулмонларнинг ишларини бошқаришда у билан елкама-елка турди. Ибн Касир ва бир гуруҳ олимлар Али розияллоҳу анҳу дастлабки байъатидан олти ой кейин, яъни Фотима розияллоҳу анҳонинг вафотидан сўнг байъатини янгилаганини айтганлар ва бу байъат ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган[7].

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга холис дўст, ислом ва мусулмонлар манфаатини шахсий ғаразлардан устун қўювчи чин мўмин эди. Унинг Абу Бакрга бўлган ихлосига ва доим мусулмонлар манфаатини кўзловчи, халифаликнинг сақланиб қолишига ва мусулмонлар бирлиги йўқолмаслигига ҳаракат қиладиган куюнчак инсон бўлганига яққол далил бўлувчи мисоллар талайгина. Улардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши уруш қилиш учун Зулқассага шахсан ўзи йўл олишга ва мусулмон қўшинини ўзи жангга бошлаб киришга азм қилганида Али розияллоҳу анҳунинг бунга муносабатида намоён бўлди. Бу ерда Абу Бакр Сиддиқ ўз жонини хавф-хатарга қўяётган ва шу билан бирга исломий халифалик келажаги ҳам хатар остида қолиши эҳтимоли бор эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Абу Бакр Зулқассага отланиб, туясига минган пайтида Али ибн Абу Толиб унинг туяси тизгинидан тутди ва: “Қаерга, эй Расулуллоҳнинг халифаси? Мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни сизга айтган гапни айтаман: Қиличингизни қинига солинг, сиздан айрилиб, мусибатланиб қолмайлик. Мадинага қайтинг. Қасамки, агар фожеа юз бериб, сизга бир гап бўлса, ислом низоми издан чиқиб кетади”, деди. Шундан сўнг Абу Бакр ортига қайтди ва қўшин усиз йўлга чиқди[8].

Аллоҳ сақласин, агар Али розияллоҳу анҳунинг кўнглида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга нисбатан ғайирлик бўлганида ва унга ўзи истамаган ҳолда, мажбурликдан байъат берган бўлганида, бу вазиятни ўзи учун олтинга тенг фурсат деб билган ва  ундан фойдаланиб қолишга уринган бўларди. У ҳолда у Абу Бакрни ўз ҳолига қўйган бўларди, унга бирон кор-ҳол бўлса, ундан қутулган ва ўз истагига эришган бўларди. Ёки бундан ҳам ёмони, ҳозирги замондаги айрим сиёсатчилар ўз сиёсий рақиблари ва душманларига нисбатан қилаётгани каби бирон кишини унинг ортидан юбориб, унга суиқасд уюштирган бўлиши ҳам мумкин эди[9].

[1] “Саҳиҳут тавсиқ фий сийратис сиддиқ” (98-бет).
[2] Аввалги манба (98-бет).
[3] “Ал-мустадрак” (3/76). “Ас-сунанул кубро” (8/143).
[4] “Бидоя ва ниҳоя” (5/239).
[5] “Тарихи Табарий” (3/207).
[6] “Тарихи Табарий” (3/207).
[7] “Бидоя ва ниҳоя” (5/49).
[8] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/314).
[9] Надвий, “Ал-муртазо” (97-бет).

Изоҳ қолдиринг